Линклар

Россия Федерал миграция хизмати мамлакат қонунчилигини бузганликда айблаб, 1 миллион 400 мингдан зиёд хорижликка ўз чегараларини ёпганини эълон қилди. Идора хабарига кўра, миграция қоидаларини кескинлаштириш амалиёти 2015 йилда ҳам давом эттирилиши кутилмоқда. Идора раҳбари Константин Ромодановский “Россия – истаган кириб-чиқаверадиган каптархона эмас”, деди.

Ташкил топганининг 23- йиллигини нишонлаётган Россия Федерал миграция хизмати (ФМС) жорий йилда ҳам “ноқонуний миграцияга қарши курашни” жадаллаштиришга ваъда қилди. 1992 йилда энди тузилганида 18 кишилик штатга эга идора Россия ҳукумати ташаббуси билан бугунга келиб 37 минг ходимга эга энг йирик давлат муассасаларидан бирига айлантирилди.

ФМС раҳбари Константин Ромодановский журналистлар олдида қилган чиқишида “Россия миграция жараёнлари устидан назорат қилишнинг ажойиб механизмини топгани”ни айтди:

- Биз қонуний миграция учун қулай шароит яратиш ва ноқонуний миграцияга қарши кескин курашишни давом этамиз.Бу муаммони ҳал этишнинг самарали воситасини ҳам топдик: миграция қоидаларини бузган мигрантлар учун чегарадан кириб келишни таъқиқлаш усули. Бугунга келиб 1,4 млн одамга Россия давлат чегараси ёпилди. Бу усулнинг фойдали амал қилишига янги тузилган ягона ахборот тизими хизмат қилиб келмоқда. Биз ана шу тизим маълумотларига таяниб у ёки бу қонунга ўзгартишларни киритиб боряпмиз,- деди Константин Ромодановский.

Идора бошлиғи маълумотига биноан, ҳатто майда қонунбузарлик содир этган муҳожир автоматик тарзда муайн муддатга “қора рўйхат”га киритилиши мумкин. Ромодановский миграция қонунчилиги виртуал реаллик эмаслиги, уни билиш ва амал қилиш кераклигига эътибор қаратиб, “Россия – истаган кириб-чиқаверадиган каптархона эмас”, деди.

Янги тартибларда 120 кунлик Россияда истиқомат қилиш қоидасини бузган хориж фуқароси 3 йилга, 270 кунлик қоидабузар - 5 йилга, 1 йил ноқонуний яшаб келган муҳожир эса 10 йилга ФМСнинг “қора рўйхати”га киритилиши белгиланган. ФМС ягона базаси ҳисоб-китобига кўра, бугунги кунга келиб Россияда ноқонуний яшаб келаётган 3 миллиондан зиёд мигрантдан 1 миллионига 10 йиллик чеклов жорий этилиши мумкин.

Келтирилган рақамларга биноан, 2015 йилнинг ўтган 6 ойи давомида Россияда 755 мингта патент расмийлаштирилган, бу давлат бюджетига 8 миллиард рубль (180 млн. АҚШ доллари.-таҳр.) даромад келтирган. Патент жорий этилган 2010 йилдан буён эса Россия давлати меҳнат муҳожирларидан 45 млрд. рубль даромад олгани маълум қилинди.

Миграция хизматида ноқонуний яшаб меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келаётганликда гумонланаётганларнинг ярмидан кўпини Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ташкил этаётгани гапирилди.

Айрим маълумотларда Россияда бугунга келиб 11 миллиондан ортиқ хорижлик истиқомат қилаётгани айтилмоқда.

Озодлик Россияга кириш тақиқлангани сабабли мамлакат чегарасини ноқонуний кесиб ўтаётганида қўлга олинаётган меҳнат муҳожирлари ҳақида хабар бериб келмоқда.

...

Материал эфирга узатилаётган пайтда 22 июнь куни тонг саҳарда Белгород вилоятидаги “Нехотеевка” чегара пунктини айланиб ўтиб, Россияга ноқонуний кириб келишга уринган яна бир Ўзбекистон фуқароси қўлга олингани хабари келди. Жиноий жавобгарликка тортилиши айтилаётган 59 ёшли ўзбекистонлик чегарабузар Россияга киришга 5 йиллик тақиқи борлиги сабабли бу ишга қўл урганини айтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG