Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:49

ИД сафидаги тожик полковнигининг ўлмагани иддао қилинмоқда


Тожикистон ИИВ ОМОНининг собиқ раҳбари Гулмурод Ҳалимов.
Тожикистон ИИВ ОМОНининг собиқ раҳбари Гулмурод Ҳалимов.

Шу йил баҳорда “Исломий давлат”га қўшилган ИИВ махсус отряди собиқ қўмондони, полковник Гулмурод Ҳалимов ўлганига оид маълумотни унинг тарафдорлари инкор қилмоқда. Ижтимоий тармоқларда полковникнинг, гўёки жароҳатлангани акс этган видео тарқалди. Тожикистон расмийлари бу маълумотларни текширмоқдалар.

Озодликнинг тожик хизматига маълум қилган Тожикистон Ички ишлар вазирлиги вакилига кўра, уларда Ҳалимовнинг ўлганини расман тасдиқлайдиган маълумот ҳозирча йўқ.

Аввалроқ Ливаннинг “Араби Пресс” сайти Суриянинг Дайр-аз-Зор вилояти Муҳасан шаҳридаги ўз манбасига таянган ҳолда, ўтган жума ҳукумат армияси томонидан берилган манзилли зарба туфайли бир бино яксон қилингани, мазкур бинода ўша пайтда Абу Умар аш-Шишаний (ИД дала қўмондонларидан бири Тархан Батирашвили – таҳр.) ва тожикистонлик собиқ ОМОН қўмондони Гулмурод Ҳалимов иштирокида мажлис ўтказилаётгани ҳақида хабар қилганди. Сайт хабарига мувофиқ, кечки соат 11 ларда амалга оширилган бу ҳужум оқибатида аш-Шишаний оғир ярадор бўлган, Ҳалимов эса жон таслим қилган.

“Араби Пресс” манбаси жума куни иккала қўмондон биргаликда Муҳасанда Ироқдан ҳарбий техника дохил икки йирик карвон келишини кутаётган бўлгани, бу аслаҳалар билан улар Дайр аз-Зордаги ҳарбий ҳаво базасига ҳужум уюштирмоқчи бўлганини ҳам айтган.

Сайтнинг ёзишича, шанба тонгида “Исломий Давлат” жангарилари икки колонна бўлиб Муҳасандан чиқиб кетган. Хусусан, Гулмурод Ҳалимов жасади ортилган машина дохил карвон Ироқ томон йўл олган, ярадор аш-Шишаний чиққан автомашина дохил карвон эса Раққага қараб кетган.

19 июнь куни ўлгани иддао қилинаётган тожикистонлик собиқ ОМОНчи Ҳалимов ўзининг “Исломий Давлат” жангари гуруҳ сафига қўшилганини май ойида Интернетда тарқатилган видеоси орқали эълон қилганди. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Олий академияси битирувчиси бўлган Ҳалимов ўз мурожаатида бир неча марта АҚШ ва Россияда террорчиликка қарши кураш бўйича махсус дастурларда иштирок этганини айтган.

Мазкур мурожаатда 40 ёшли Гулмурод Ҳалимов ўз миллатдошлари ва диндошларини муқаддас жиҳодга даъват қилганди.

Шундан сўнг Тожикистон Бош прокуратураси Ҳалимовга қарши жиноят иши очган. У Тожикистон Жиноят кодексининг давлатга хиёнат, жиноий гуруҳга аъзо бўлганлик ва хорижий давлатлар ҳудудида ноқонуний қуролли гуруҳлар сафида жангда иштирок этганликка оид моддаларида айбланган ҳамда халқаро қидирувга берилган.

XS
SM
MD
LG