Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:01

$87 000 000 сарфланди, лекин водийда чироқ барибир ўчаверади


Сирдарё Иссиқлик электр станциясидан Янги Ангрен Иссиқлик электр станциясигача узунлиги 123,2 километрли юқори кучланишли (500 кВ) электр линиясини тортиш ишлари якунланмоқда.

Бу хақда хабар қилган “Правда Востока” газетасига кўра, мазкур линиянинг “Фарғона водийси аҳолиси учун муҳим аҳамияти бор ва у тез орада ишга тушади”.

Лекин “Узэлектросеть” унитар корхонаси мутасадддисининг Озодликка айтишича,Фарғона водийсида “светнинг кам ё кўп ўчиши бу линияга боғлиқ эмас”.

Неча пул дейди?

Ҳам, “Правда Востока”да, ҳам “Жаҳон” ахборот агентлиги расмий сайтида босилган матнда айтилишича, Сирдарё ИЭСдан Янги Ангрен ИЭСига линия тортиш учун 87 миллион доллардан зиёд маблағ сарфланган бўлиб, бу сумманинг 33 миллион доллари Хитойнинг “Эксимбанк”и ётқизган сармоядир. Пулнинг қолган қисмини “Ўзбекэнерго” Давлат акциядорлик компанияси ўз ёнидан сарфлаган.

Яна нималар дейди?

Матнда икки ИЭС ўртасида юқори кучланишли сим тортиш ишлари 2013-2014 йиллари ўта оғир шароитларда олиб бажарилгани ҳақида айтилган.

Хабарда, шунингдек, янги линия ишга тушгач, электр энергияси узатишдаги йўқотишларни камайтириш ҳисобига 75 млн. кВт электр қуввати тежалади, истиқболда эса, линиядан узатиладиган қувватнинг ошиши ҳисобига йилига 180-185 млн. кВт тежалади.

Cўзма-сўз таржима

Расмий матбуотнинг рус тилидаги хабарида яна мана бу гап борки, абзацнинг сўзма-сўз таржимаси будир:

“Фарғона водийси аҳолиси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган юқори вольтли янги линия тез орада ўз ишини бошлайди. У Фарғона энергия тугунидаги истеъмолчиларни электр қуввати билан ишончли таъминлаш даражасини оширишга имкон беради, шунингдек, Марказий Осиё Бирлашган энергия тизимининг Марказий қисмидан Фарғона энергия тугунига электр қуввати узатишни таъминлайди”.

Хўш, энди, Фарғона водийсида чироқ ўчмайдими?

Расмий нашрлар хабарида бу саволнинг аниқ жавоби йўқлиги учун ўртасида янги сим тортилган станциялар билан боғландик.

Янги Ангрен Иссиқлик электр станцияси Бош муҳандиси телефонини кўтарган рус тилида сўзлашувчи аёл станциянинг “категорированний объект” эканлигини фавқулодда шиддат билан айтиб, гапни қисқа қилди.

Сирдарё Иссиқлик электр станцияси вакили бу масала билан “Узэлектросеть”га мурожаат қилишни маслаҳат берди ва бу корхона мутасаддиларидан бири баъзи саволларимизга жавоб берди:

"Электр тармоқлари" мутасаддиси билан пинг-понг

- Янги линия тўғрисидаги хабарда электр қувватини тежаш ҳақида сўз боряпти. Бу нима дегани?

- Бу электр қувватини узатиш билан боғлиқ техник йўқотишлар камаяди, таъминотнинг ишончлилиги ошади дегани.

- Электр қуввати Сирдарёдан Янги Ангренга узатиладими?

- Ҳа, мақсад энергияни Марказий қисмдан Фарғона водийсига ҳайдаш.

- Асосий саволим: шу линиянинг ишга тушиши билан Фарғона водийсида свет бу йил камроқ ўчадими?

- Светнинг кам ё кўп ўчиши бу линияга боғлиқ эмас. Асосан тўловлар, кўп жойларда дебиторлик қарзларнинг ошганлиги билан боғлиқ биринчи навбатда. Энди бу мавжуд линиянинг ишончилигини оширади.

- Аҳоли бундан суюниши керакми?

- Ҳа, албатта, аҳоли учун, халқ хўжалиги учун, истеъмолчилар учун қилинаяптику!

- Электр таъминотидаги муаммолар янги линия ишга тушиши билан неча фоизга камаяди?

- Фоизини айтолмайман, деди "Узэлектросеть" мутасаддиси.

Нималар деди?!

Тўғриси, янги линиянинг “тўловлар, кўп жойларда дебиторлик қарзларнинг ошганлиги”га қандай алоқаси борлигини тушуна олмадик.

Лекин “Узэлектросеть” битта гапни аниқ-тиниқ айтди: Фарғона водийсида “светнинг кам ё кўп ўчиши бу линияга боғлиқ эмас”.

Худди шу гапни “Фарғона электр тармоқлари”нинг муҳандисларидан биридан ҳам эшитдик.

Водий аҳолисини суюнтирадиган, лекин давоми йўқ янгилик

Маълумки, Фарғона водийси вилоятларида биронта ҳам йирик электр станция йўқ. Водий электр қувватини Ангрен ва Сирдаё станцияларидан олади.

Бироқ ўтган йил кузида бир умидбахш янгилик пайдо бўлган эди.

ЎзА ахборот агентлиги 2014 йилнинг 10 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳасини биргаликда молиялаштириш тўғрисида заём битими имзолангани, лойиҳа доирасида Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ҳар бири 450 МВт қувватга эга иккита буғ-газ қурилмадан иборат умумий қуввати 900 МВт бўлган янги буғ-газ электр станциясини барпо этиш кўзда тутилгани тўғрисида хабар берган эди.

Тўрақўрғондаги станция қурилиши қачон бошланиши тўғрисида ЎзА ҳеч нарса демаган.

Шу кунгача Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилишига доир бошқа хабар пайдо бўлгани йўқ.

Қишда зимистонда қолишга кўникиб қолган водий

Кейинги йилларда Ўзбекистон энергетик бўҳронни ўз бошидан кечирмоқда. Расмийлар ҳеч бир шаклда тан олмайдиган бу инқироз, айниқса, Фарғона водийси вилоятларида ўта чуқурдир. Бу фикрга исбот бўладиган фактлар Озодликнинг ўнлаб хабарларида акс этган.

XS
SM
MD
LG