Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:43

Тверь суди ўзбек муҳожирининг мактабдан қувилган болалари ўқишини тиклади


Тверь суди қарорига биноан “регистрацияси йўқлиги” важидан мактабдан ҳайдалган ўзбекистонлик муҳожир фарзандлари ўқув даргоҳига қайта олинди. Аъло баҳоларга ўқиган 8, 10-синф ўқувчилари - Умар ва Нусратуллоҳ кейинги йил сентябрдан мактабга қатнайди. Россиянинг турли минтақаларида ота-онасининг ҳужжатидаги камчилик боис, болаларни мактабдан ҳайдаш ҳоллари кўпаймоқда.

Болалар мактабга тикланди

Февраль ойида Россиянинг Тверь шаҳрида истиқомат қилувчи ўзбек муҳожирининг икки фарзанди ўқувчилар сафидан чиқариб юборилган эди. Мактаб маъмурияти “олиб борилган мониторинг натижасида” 8 ва 10-синф ўқувчилари бўлган хорижлик Умар ва Нусратуллоҳ Тверда қонуний қайдда турмаганини аниқлаганини айтган.

Озодлик аслида бу йигитларни ўқувчилар сафидан чиқариш талаби маҳаллий ФМС идорасидан келгани, акс ҳолда мактаб 400 минг рубль жаримага тортилишидан огоҳлантирилгани ҳақида маълумотни мактаб директори муовини Алексей Максимовдан аниқлаган эди.

Куни кеча Нурбек аканинг оиласини ўз ҳимоясига олган “Фуқаровий кўмак” ташкилоти адвокатлари мактаб маъмурияти ҳатти-ҳаракатлари устидан Тверь судига берган шикоят қондирилгани ва Умар ва Нусратуллоҳ яна ўз мактабига қайта тикланиши шартлиги тўғрисида қарор чиқарилгани тўғрисида ҳушхабарни тарқатди.

“Фуқаровий кўмак” қўмитасининг муҳожирлар масалалари бўйича лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Анастасия Денисова Озодлик билан суҳбатда масала ижобий ҳал этилгани, бу эса бошқа муҳожирлар арз-шикоятларида жуда катта ёрдам беришига ишонишини айтди:

- Адвокатимиз Конституцияга таяниб “Таълим тўғрисида”ги Қонунда ва мактаб Низомида болани мактабдан четлатишга бўла оладиганасослар аниқ-тиниқ белгилаб берилганини судга кўрсатди. Сўзсиз, у ерда “регистрация” ёки РВП муддати ўтгани тўғрисида лом-мим дейилмаган. Яъни, мактабнинг болаларни ўқишдан четлатиш буйруғи асосланмаган! Бошқа томондан суднинг бу қарори келажакда ФМС идоралари ва прокуратура босими остига тушаётган мактаб маъмурияти учун “муҳожирлар фарзандлари қайдга туриши” масаласида жуда қўл келади. Биз ҳатто бу масалада барча мактабларга махсус “йўриқнома” жўнатиш ғояси устида ишлаяпмиз, - дейди Анастасия Денисова.

Ҳимоячи сўзларини тасдиқлаб берган болаларнинг отаси Нурбек ака ҳам суд қароридан мамнун экани ва фарзандлари янги йилдан ўқишга тикланишини маълум қилди. “Аммо, директор биздан ҳафа бўлиб қолди”, дея давом этади суҳбатдош:

- Суд "Қаноатлантирилсин!" деган қарор чиқарди. Директор огоҳлантирилди: “Сиз ўзингизни ишингиз билан шуғулланинг, УФМСни иши билан эмас”. Аслида энг катта ғалвани бошлаган, бизни қийнаган УФМС эди! Йўқ, болларни чақириб, яқинда регистрация қилдирди оиламга, РВПга ҳужжатларимизни қабул қилди. “Ходимларимиз нотўғри иш қилибди, биз оилангизга ёрдам берамиз, ўтган ишлар қолиб кетсин!”, дейишди. Директорни мактаби эмаску – уни ҳам қўрқитишган. Шуни директорга тушунтиргунимча у хафа бўлди-да, суддан кейин йиғлаворди! “Сенлар пулга адвокат ёллагансанлар! Мен буни обжаловать қиламан”, деб. “Мени фарзандларим ўқимагани сизга яхши бўладими?”, дедим. Ахир биз уни эмас, УФМС билан Таълим вазирлигини судга берганмиз, - деди Нурбек ака.

Мактабга қайта тикланган Нусратуллоҳ эса яна бир йиллик ўқишдан кейин отаси изидан бориб, қурувчи-инженер касби бўйича олий маълумот олишни орзу қилаётганини ҳам айтди.

“Барча болалар таълим олишга ҳақли!”

Айни пайтда, “Фуқаровий кўмак” фаоллари Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам меҳнат муҳожирлари фарзандлари таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум этилаётгани тўғрисида хабарлар келаётганидан хавотир билдирмоқда.

Ҳимоячи Анастасия Денисова ҳозирда ташкилот мутахассислари Таълим вазирлигининг 22.01.2014 йилда қабул қилинган 32-сонли буйруғини Конституцияга зид эканини тан олишга қаратилган Россия Олий Судига мурожаат тайёрлаганини қўшимча қилди. У айнан шу ҳужжат асосида мактаб таълими тизими талабалардан “регистрация” ва “қонуний мақом”ни талаб қилишни қонунийлаштирган, деди.

Анастасия Денисова билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:38 0:00
Бевосита линк

Анастасия “Фуқаровий кўмак” бунга жавобан “Барча болалар таълим олишга ҳақли!” акциясини бошлаб юборганини билдирди. Акция иштирокчилари “Барча болалар таълим олишга ҳақли!” матнини қоғозга чоп этиб, у билан тушган фотосуратни refugee.press@gmail.com электрон манзилига жўнатиши ёки #детихотятучиться ҳамда #43vs32 хештеги остида ижтимоий тармоқларга чиқариши мумкинлиги айтилди.

Анастасия Денисова, шунингдек, фарзандлари ноҳақ равишда мактабдан қўвилаётган ёки дўқ-пўписага учраётган муҳожирларни “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг Москвадаги офисига телефон орқали мурожаат қилишларини сўради.

XS
SM
MD
LG