Линклар

Озодликка етиб келаётган мактублар орасида "Муштипардан деб билинг", деган имзоли хат эътиборимизни тортди. Хат икки қисмдан: Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимларига ёзилган асосий қисм ва бу хатни эълон қилиш илтимоси билан Озодликка номига битилган муқаддимадан иборат. Хатни OzodMaktub рукни остида таҳрирсиз ва қисқартиришсиз эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик.

Ҳурматли Озодлик мухбирлари, дардларим кўпайиб кетди. Ўзбекистонликларга¸ тўғрироғи Ўзбекистон мусулмонларига кундан кун баттар бўлиб бормоқда.

Кўчаларда бемалол юра олмай қолдик. Тошкентга ҳам шундай ҳолат етиб келади деб ким ўйлаганди? Ҳатто машина ҳайдаш рўмоллиларга жуда қимматга тушябди. Арзимаган баҳона топиб ҳужжати тортиб олинябди ёки машинадан тушириб¸ алоҳида ичкарида ёзув-чизув қилинмоқда.

Озодликда чиққан мақолаларни ёлғон¸ бўҳтон дея таъкидлаётган азизлар - туяқушга ўхшаб бошингизни қумга тиқиб ҳақиқатдан юз ўгирманг. Ундан кўра динингиз ва диндор биродарингиз учун хақ гапни айтинг, амалингиз, курсингиз барибир ҳам қўлдан кетади.

Лекин, афсуски, ошкора ўзимни эълон қила олмайман. Юрак ҳовучлаб яшамоқдамиз.

Мен бир очиқ хат ёзган эдим органдаги хизматчи акаларга. Шуни сизлар орқали эълон қилсам бўладими? Чунки улар Озодликни қанчалик ёмон кўрмасин барибир ўқийди. Бунинг мендан кетганини ҳеч ким аниқлай олмасмикан-а?

СНБчи акаларга хат!!!

Ассалому алайкум ўзбекнинг алп беклари! Сизга не бўлдики, бизни ёт назарлардан ҳимоя қиладиган, қалқонимиз бўлиб шамолларданда пана қила оладиган келбатингиз бўла туриб¸ шундай салоҳияту салобатингиз билан бугун биздай муштипар опа-синглингизга ёв чиқдингиз?

Наҳотки сизлар бир пайтдаги ор-номуси ҳимоясида қон кечган аждодларнинг авлодисиз? Сизнинг шуурингиз, тафаккурингиз қаерга кетди?

Шу алпомишсифат келбатингиз билан биз мушфиқ аёлларнинг (опа- сингилларингизнинг) бошидаги рўмолга қарши чиқиб¸ юлволишга ҳам тайёрсиз. Айбимиз Роббим - ягона Аллоҳ, деганимизми?

Қўйинг, қаёқдаги сиёсий ўйинларингизни рўкач қилманг. Булар бари пуч. Оилам¸ болам-чақам деб елиб юрган эрларни қамоққа тиқдингиз. Уларнинг айби фақат масжидга йўллари тушгани эди.

Дунёнинг нариги бурчида бир нима банғилласаям қишлоқнинг бир чеккасида на свет на газсиз ўтирган ўтинчи чол ҳам ҳибс қилиниши жуда урф бўлди, номи эса дабдабали "террорчи"!? Қамоқлар оҳу нолаларга тўлиб битди. Нафақат эркаклар ҳатто аёлдек нозик хилқат ҳам сим тўсиқ орқасида хорланмоқда. Уларга ноҳақ ҳукмларни ўқишда қанчалар шижоат кўрсатдингиз, эсланг!!!

Эҳе, бу оқаётган мазлумнинг кўз ёшлари кечалари ёстиқни кундузлари юракни ҳўл қилдию, СНБчи ака. Бу кўз ёшлари изсиз, нишонсиз йўқ бўлиб кетармиди. Кўзингизни очинг. Ëнингизда ўйнаб юрган тойчоғингиз, ширингина бўйнингизга осилиб эркалик қилаётган қизалоғингиз тақдирига хунук қайтиш бўлмасмикин-а? Аллохни кўр деб билмассиз ахир.

Балки мансабингиз, тўкин ва ҳукмронона ҳаётингиз сабаб Аллоҳнинг суйган қули санаб қолгандирсиз ўзингизни. Йўқ, агар шундай суйган қулларигагина Роббим чиройли, тўкин-сочин ҳаётни раво кўрганида¸ Фиръавн, Хомонларга у қадар салтанату шавкатни бериб қўймас эди.

Балки хизматчилик мажбурияти дерсиз. Унда янада эҳтиёт бўлингки, Фиръавн буйруғи билан Мусонинг орқасидан қувиб борган барча вазиру уламолари, навкарларигача кофир мақомида сувга ғарқ қилинди.

Эҳ акажонларим менинг, дўппини ерга қўйиб ўйлаб кўрадиган вақт келмадими? Ахир сиздака илм заҳираси яна кимда бор? Қўлингиздан келмайдиган мерганлик йўқдир, аммо инсоф ва тафаккурингиз ухлаб қолдими? Бу мартаба, мақомингиз вақтинчалик дунё матоҳику. Сиз ҳам биз каби кунма кун қабрингиз, умрингизнинг даҳшатли хотимасига қараб бормоқдасизку.

Балки орден-медаллар кўксингизни безаб тургандир. Сталинни кўмиш саҳналарида кўрсатишганди, тобутида гулчамбарлар ичида кўксига қатор орден-медаллар тақилган ҳолида қабрига олиб кетишаётганди. Сиз ҳам шундай кузатиб қолиш орзусида яшамоқдамисиз?

Йўғе, жуда кулгилику. Ишонаманки, сиз шунчалар оми эмассиз. Аллоҳ каломида айтиб қўйган "Биз шунчаки ўйнаб яратмадик дунёни" деб. Дарҳақиқат ҳақиқий оламдаги мушкул савол-жавоблар нақд.

Акажонларим, қалбингизга қулоқ тутинг! Аллоҳ билан хусуматлашманг!!! Ахир Аллоҳнинг буйруғига очиқчасига қарши чиқябсизку.

ҲИЖОБ фарз деди, сиз эса рўмолларни еч дейсиз¸ Аллоҳ намозга буюрди, сиз эса ишхоналарда ҳатто жойнамоз топилса ўласан дейсиз, Аллоҳ аниқ ҳаром деган ароқни ошхона, кафеларга мажбур сотасан дейсиз, ҳатто ифторлик ўтказишга рухсат бермасангиз. Қачонгача бу?

Биз дуодамиз, дуоларимиздан қўрқинг!!! Рамазоннинг ифторларида сизнинг ҳаққингизга дуоибадлар қилиб¸ Роббимга устингиздан шикоят қилишимиздан қўрқинг.

Мусулмонман деб меҳробларда ваъз айтаётган, халқининг бошига дин мусибати тушсаям "Рўмол арабларнинг миллий кийими" деб фатво чиқараётган домлалар ҳам қўрқсин.

Сукут сақлаб дини поймол, халқи илмсиз, ярим-яланғоч қўшиқчилар салтанатида уч-тўрт кунлик амалини маҳкам ушлаб турсин, биз мазлумалар қиёматда албатта ҳаққимизни улардан сўраб оламиз.!!!

Улар қанча инсон динини сақлаб қолиш илинжида дунё бўйлаб саргардонликда сарғайганларини билармикан? Яна ҳеч уялмай журналистчаларнинг тайёрлаган буюртма кўрсатувларида чиқиб, уларнинг устидан мағзава тўкишади ватангадолар деб.

Оми халқниям ваҳимага тушириб¸ бўрттириб, ошириб ясама саҳналар уюштирилади, халқ артистчалари чиқиб, уларга ўз қаричи билан ҳукм ўқийди...

Агар ўз ҳолига қўйишса¸ тўртта фаслию олтин тупроғи бор, сойларида сувлари бисёр ўлкани ташлаб¸ қиши қаттиқ, ёзи аёвсиз юртларга қарам бўлиб ким ҳам чиқиб кетарди.

Халқини оттиришга ҳукм ўқийдиган пошшоларидан безор бўлиб жон ҳовучлаб кетганини нега ҳеч ким муҳокамага ташламайди?

Бугун ахвол янада нотинч. Кўчаларимизнинг ҳар бурчагидан ҳадиксираймизки, ким рўмолимни баҳона қилиб бир балога йўлиқтираркин деб. Уйларга беркинсак, маҳалланинг "патриотлари"¸ маҳалла раиси, аёллар маслаҳатчиси тепангда дўқ уриб туради.

Хуллас, озгина юрак ситамларини сизга мактуб қилиб йўлладим СНБчи акалар, қози домлалар. Ахир сизга айтмай кимга айтайин. Агар фойдаси бўлмаса¸ айтувчим фақат Роббим.

Қолаверса, ҳаёт қисқа шундоғам. Амаллаб чин дунёга бориб олсак имонни саломат сақлаб, ютуқнинг энг зўри шу. Сиз эса барибир бир ўйлаб олинг. Бугун салтанат қўлингизда экан Аллоҳингиз учун хайрли иш қилиб қолинг!!! Динимизни асраб қолайлик¸ илтимос, имкон беринг. Аллоҳ сизни яхшиликда ярлақасин илоҳим!

Муштипардан деб билинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG