Линклар

Россиянинг Ленинград область суди 4 юртдошини болта билан чопиб ўлдирган Ўзбекистон фуқаросига 25 йиллик қамоқ жазоси тайинлади. Терговчилар самарқандлик Зафар Қурбоновнинг бу қотилликларга алоқадорлиги унинг аллақачон маҳаллий фуқарони ўлдирганлик айби билан 11,5 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган пайтда аниқланганини гапирмоқда. Вахшийларча содир этилгани учун “команчилар” номини олган бу жиноий иш тергови 2 йилдан ортиқроқ вақт давом этгани айтилмоқда.

Ўтган асрнинг 60-70 йилларида машҳур бўлган ГДРнинг таниқли актёр Гойко Митич иштирокидаги “Оцеола”, “Апачи” ва ҳиндулар ҳақидаги бошқа фильмлари Самарқанд шаҳри ва унинг атрофларида суратга туширилган. Бу фильмлар “массовка” ларига оти бор самарқандлик йигитлар ҳам жалб қилингани маълум.

30-40 йил ўтиб Россиянинг Ленинград вилоятида содир бўлган мудҳиш ҳодисалар туфайли самарқандликлар ва ҳиндулар яна бир бор ёдга олинди...

Ўзбекистонлик муҳожир 5 кишини ўлдирганликда айбдор деб топилди

Ленинград областида тўрт ҳамюртини вахшийларча чопиб ўлдирган самарқандлик 35 ёшли Зафар Қурбонов айбдор деб топилди. Кейинги 25 йилни ўзбекистонлик муҳожир қаттиқ режимли колонияда ўтказишини гапиради Озодлик билан суҳбатда Россия Тергов қўмитасининг Ленинград вилояти бўйича бошқармаси расмий вакили Андрей Саватеев.

У суд Қурбоновга имкон қадар максимал жазо муддати тайинлади, дейди:

- У тўрт кишини ўлдиргани учун, юрист сифатида айтишим мумкинки, Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ унга максимал жазо – 25 йил тайинланди. Фавқулодда вазиятлардагина суд умрбод қамоқ тайинлаши мумкин. Суд шундай ҳал қилди, ваҳоланки у жами 5 кишини ўлдирган эди, дейди ҳодиса тафсилотларини Озодликка сўзлаб берган Андрей Саватеев.

3 йиллик тергов хулосасига кўра, 2013 йилнинг 4 апрелида Ленинград вилояти Кингисепп тумани Катта Куземкино қишлоғи ёнидан ўтувчи трасса бўйида 75 жойидан пичоқлаб ўлдирилган 27 ёшли петербурглик Вилен Адилханян топилган. У яшаши керак бўлган икки хонали квартирадан полиция ходимлари 32 (!) нафар мигрантни бўлимга олиб келган ва сўроққа тутган.

Терговчилардан олинган маълумотга биноан, бу муҳожирларни у ерга қалбаки ижара қоғози асосида жойлаштирган ўзбекистонлик Зафар Қурбонов ҳибс этилган. Ишчиларнинг “қора бригадири”, иш берувчиси ва ғазначиси бўлган 33 ёшли самарқандлик Зафар ижарага олган квартира эгасини чавақлаб ўлдиргани учун кейинроқ суд қарори билан 11,5 йилга маҳкум этилди. Терговчилар самарқандлик йигит Адилханянга 150 минг рубль ижара ҳақини бермаслик учун бу жиноятга қўл урганини судга билдирган.

Полицияда Озодлик сўровига Зафар Қурбонов илгари машина ўғрилиги ва наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликка тортилганини маълум қилишди.

Бу ишни шахсан кузатиб бораётган “Ёшлар” ҳаракати раҳбари Махсуд Абдужабборов тожик миллатига мансуб Зафар Қурбонов Самарқанддан ўз юртдошларини олиб келиб, иш берувчилар билан келишгани, ишчиларни иш ва озиқ-овқат билан таъминлагани ҳамда уларни қўрқитиб ишлатганини гапириб берди.

“У диндор эканини кўз-кўз қилиб, ўзини маҳаллий “самарқандликлар мафияси” бошлиқларидан бири сифатида ҳаммага таништириб, одамларни қўрқувда ушлаб турган”, дея давом этади ҳуқуқ фаоли:

- Бу ишни тергов қилишни бошлашди ва терговчи мен билан Ўзбекистонга борди. У ерда биз Петербургдан эканимизни билиб, бу шаҳарда йўқолиб қолган тўрт кишининг яқинлари арз қилиб келди. Улар фарзандларини Питерга Зафар исмли бола ишлашга олиб кетгани, 2012 йилнинг 30 сентябрида эса бирданига телефон қўнғироқларига жавоб бермай қўйганини сўзлаб берди. Терговчи уларнинг яқинларига телефонидаги Зафарнинг фотосуратини кўрсатди. Бир кундан кейин йўқолган самарқандликларнинг телефонлари айнан Катта Куземкино қишлоғи атрофида ўчирилгани маълум бўлди. Шундан кейин, сентябрь ўрталарида полиция Вилен Адилханян ўлдирилган жой атрофини яна бир бор кўздан кечириб, у ердан бечора самарқандликлар мурдаларини топди: улар ҳаммаси бошидан болта билан чопилган экан, дея тафсилотларни эслади Махсуд Абдужабборов .

"Команчилар доҳийси"

Озодлик изқуварлар бу жиноятга ўзаро “команчилар иши” деб ном қўйиб олганини аниқлади (команчилар – АҚШда ўзининг жанговарлиги ва вахшийлиги билан ном қозонган ҳиндулар қабиласи – таҳр.).

Суҳбатдош полиция Катта Куземкинода фельдшерлик пунктини қуришда иштирок этган 70 га яқин меҳнат муҳожирини қўлга олиб, улардан тўрттаси Зафарга бу қотилликларни содир этишда кўмаклашганини аниқлади. Бироқ, терговчилар бу шахсларнинг жиноятга алоқадорлигини исботлай олмади.

2012 йилнинг 30 сентябрида Зафар тўрт ҳамюртига 320 минг рубль маошини бермаслик учун уларни чавақлаб ташлади, дея давом этади Махсуд.

- Терговчилар Самарқанддан қайтиб келиб уни сиқувга олганида, у қотилликлар содир этилган жойларни кўрсатди, айбига иқрор бўлди. Улар аввал пичоқ билан ўлдирган, кейин бошини болта билан чопган экан. Кечаси микроавтобусда бечоралар яшайдиган уйчага бостириб кириб, уларни қўл-оёғини боғлаб, қишлоқ чеккасига олиб чиққан ва ҳар бир километрда тўхтаб, ўларни бошига болта билан солаверган. У билан машинада яна иккита шериги бўлган: биттаси рулда, иккинчиси ўлдиришда кўмаклашган. Кейинчалик уларга бўлган айблов ўз-ўзидан йўқолиб қолди! Энг даҳшати бу эмас... Шахсан мени ва терговчиларни ҳайратда қолдиргани – ўнлаб бошқа муҳожирлар бу йигитларни машинага мажбурлаб тиқиб, қаергадир олиб кетишаётганини кўрган, улар кейин йўқолганини билган, аммо бирортаси ҳатто қаршилик қўрсатиб кўрмаган, полицияга хабар бермаган! деди Махсуд.

Ҳуқуқ фаоли ўлдирилганларнинг яқинлари суд қароридан мутлақо норози эканини гапирар экан, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам ўз юртдошларига нисбатан оғир жиноят содир этган ўзбекистонликлар устидан алоҳида тергов ўтказиши ва жавобгарликка тортиши кераклиги таклифи билан чиқди.

“Ёшлар” ҳаракати раҳбари суд бундай ёввойилик учун Зафар Қурбоновга умрбод қамоқ жазоси бериши керак эди дейди:

- Ва унга 25 йил беришди! Россия фуқароси учун 11,5 йил, тўртта ўлдирилган ўзбек муҳожири учун эса 25 йил. Биз унга умрбодга қамашади, деб ишонган эдик. Бу ўлиб кетган одамлар ва уларнинг яқинларига бўлган Россия судининг ҳурматсизлиги! Бечора топилган самарқандлик муҳожир йигитларнинг жасадларини ҳатто уйига юборишнинг иложи бўлмади ва улар шу ерда, Петербургда, дафн этилди.

Суҳбат охирида Махсуд Абдужабборов ўз ҳамюртларини эзиш ва текинга ишлатиш эвазига “кун кечираётган” “самарқандликлар мафияси” каби жиноий уюшмалар ва тўдалар Россиянинг деярли барча минтақаларида фаолият юритаётганига гувоҳ бўлганини билдирди.

У Россия кенгликларида ўз яқинларини йўқотиб қўйган ўзбекистонликлар мурожаатлари сони кун сайин кўпайиб бораётганидан хавотирда эканини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG