Линклар

logo-print

Россиядаги иқтисодий бўҳрон Ўрта Осиёга қай даражада таъсир қилади?


Олмаотадаги саррофлардан бири валюта курсига оид кўрсаткичларни алмаштирмоқда (2015 йилнинг 24 февралида олинган сурат).

Олмаотадаги саррофлардан бири валюта курсига оид кўрсаткичларни алмаштирмоқда (2015 йилнинг 24 февралида олинган сурат).

Россия иқтисоди ўтган йили заифлаша бошлаганида кўпчилик бунинг оқибати Ўрта Осиёда ҳис этилишини башорат қилган эди. Бу тахминлар тўғри чиқди. 2015 йилнинг июнь ойига келиб Ўрта Осиёда иқтисодий заифлашиш аломатлари кузатиляпти.

Содир бўлаётган ўзгаришларни ва иқтисодий аҳвол яна қанча ёмонлашиши мумкинлигини аниқлаш учун Озодлик радиоси туркман хизмати мутахассислар иштирокида давра суҳбати ўтказди. Унга Озодлик радиоси туркман хизмати директори Муҳаммад Тоҳир етакчилик қилди.

Суҳбатда The Economist нашри учун Ўрта Осиёга оид масалаларни ёритувчи лондонлик ёзувчи ва таҳлилчи Алекс Найс, The Diplomat нашри муҳаррири ҳамда Ўрта Осиё ҳақида кўплаб мақола муаллифи вашингтонлик Кетрин Путцлар иштирок этди. Прагадаги студияда эса Озодлик радиоси ўзбек хизмати директори Алишер Сиддиқ ҳамда глазголик амалиётчи Бредли Жардин иштирок этдилар. Ҳар доимгидек камина (яъни Брюс Панниер – таҳр.) ҳам фикр билдирди.

Россиядан Ўрта Осиёга пул юборишлар камайиши аниқ эди. Россияда 8 миллионга яқин ўрта осиёлик муҳожир ишлаган даврлар ҳам бўлган. Муҳожирларнинг аксар қисми Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларидир. Россия Марказий банкига кўра, 2013 йилда муҳожирлар Ўзбекистонга 6,63 миллиард доллар, Тожикистонга 4,15 миллиард доллар, Қирғизистонга 2,08 миллиард доллар юборган.

Алишер Сиддиқ 18 июнь куни олинган статистика Россиядан Ўзбекистонга юборилаëтган пул миқдори 2015 йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 49 фоизга озайганини кўрсатишини айтди. Ўша куни Тожикистон миллий банки 2015 йилнинг илк кварталида Россиядан Тожикистонга юборилган пул миқдори ўтган йилга қараганда 43,8 фоизга озайганини билдирди. Қирғиз расмийлари июнь бошида Россиядан юборилаётган пул миқдори 2015 йилнинг дастлабки чорагида аввалги йилга солиштирганда 37,3 фоизга озайганини айтишди.

Алишер Сиддиққа кўра, юборилаётган пул миқдорининг озайиши ўзбекистонлик муҳожирлар ўз ватанларига қайтадилар, дегани эмас. Унинг айтишича, ўзбекистонлик муҳожирлар Москва ва Санкт-Петербург каби шаҳарлардан Россия ичидаги бошқа ҳудудларга кўчиб ўтмоқдалар. Айримлар эса Туркияга, Яқин Шарқ мамлакатларига, ҳатто Жанубий Кореяга кетмоқда.

Россияга Қозоғистон ва Туркманистондан борадиган муҳожирлар сони Ўрта Осиёнинг бошқа мамлакатларидан бўлган муҳожирлар сонига қараганда оз. Аммо бу мамлакатлар иқтисоди нефть ва газ маҳсулотлари экспортига қарам бўлгани учун бўҳрон таъсиридан четда қолмади.

Найс Қозоғистонда ўтган йили иқтисодий ўсиш 5 фоизни ташкил қилганини, бу йил эса 1 ёки 1,5 фоизга яқинлигини айтиб ўтди. У яна нефть нархининг тушиши Қозоғистон иқтисодига катта салбий таъсир кўрсатаётганини, бу эса муҳим Қашаған нефть кони лойиҳаси ишга тушишининг яна кечиктирилиши билан биргаликда сармоялар озайишига олиб келиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Жардин Туркманистон қўшнилари мамлакатдан импорт қилишни озайтиргани ва тушиб кетган нархлар сабаб жабр кўраётганини айтди. Россиянинг туркман газини импорт қилиши 10 йилдан оз муҳлат ичида йилига 40 миллиард кубометрдан бу йилга келиб 4 миллиард кубометрга тушиб қолди. Эрон эса мамлакат ичида кенгайиб бораётган газ тармоқлари сабаб туркман газини импорт қилиш эҳтиёжи озайишини билдирди. Бу туркман газини узоқ пайт сотиб оладиган ягона харидор Хитой бўлиб қолишини англатади. Туркманистон мамлакатда Хитойга газ элтувчи қувурларни қуриш учун Хитойдан олган қарзини ҳалиям газ сотиб топилган даромад ёрдамида тўламоқда.

Путц Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон экспорт қиладиган маҳсулотлар нархи ҳам тушаётганини айтди. Яъни, нефть ва газга бой бўлмаган мамлакатлар ҳам бўҳрон таъсирини сезмоқда.

Буларнинг барчаси Ўрта Осиё мамлакатлари пулларининг қадрсизланишига олиб келди. Ҳали бу муаммо жиддий ижтимоий нотинчликларга олиб келмаган бўлса-да, Найс келгуси ойларда бу пуллар қадрсизланишда давом этишини тахмин қилди.

Яна бир муаммо – бу йил баҳорда кузатилган анормал совуқ Фарғона водийсидаги мевали дарахтларга катта зарар етказгани. Бу совуқ бу йилги ҳосилга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Нима қилиш мумкин?

Ўрта Осиё мамлакатлари ҳукуматлари вазиятни яшилаш учун нима қилишлари мумкин?

Найс Қозоғистон бошқаларга қараганда яхшироқ аҳволда эканлигини айтди: “Уларда суверен бойлик фонди ресурслари бўлиб, ундан эришилган ўсиш даражасини сақлаб қолишга ҳаракат қилиш учун стимул дастурини ишга солишда фойдаланишлари мумкин”.

Бошқа тўрт мамлакатда вазият бошқача. Алишер Сиддиқ иқтисодиёт бўйича таълим олган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов чорак асрдан бери ҳукумат бошида эканлигини айтди. Алишер Сиддиқ Ислом Каримов президент сифатида қўлидан келганини қилганини айтиб, Ўзбекистон расмийлари ҳозирги муаммоларга ечим топишда топқирроқ бўла олишига шубҳа билдирди.

Путц иқтисодий муаммоларнинг айримлари айнан ҳозир жиддий кўрингани билан, улар аввалдан мавжуд эканлигини айтди. Унинг фикрича, Ўрта Осиё расмийлари ҳозиргидек аҳволга тушиб қолишса, нима қилиш кераклиги ҳақида бош қотиришмаган.

Ўрта Осиё мамлакатлари ҳар доим жон-жон деб четдан, айниқса, Россиядан моддий ёрдам олиб келади. Аммо Россия ўз иқтисодий муаммолари ҳақида бош қотирар экан, Ўрта Осиёда етакчи сармоячи ролини Хитой ўйнай бошлади. Хитой бўлмаганида ҳозир Ўрта Осиё оғир аҳволда бўлган бўларди, десак хато бўлмайди.

Иштирокчилар Ўрта Осиёдаги лойиҳаларга ғарб ширкатлари қатнашиши учун кенгроқ имконият яратиш керак, деган фикрни ўртага ташладилар. Ғарб ширкатлари 90-йилларда ҳудудда катта роль ўйнаган. Аммо янги аср бошланганидан буён улар иштирокида жуда оз йирик шартнома имзоланган. Бунинг сабабларидан бири кенг илдиз отган коррупцияси билан маълум бўлган Ўрта Осиёда иш олиб бориш билан боғлиқ хавфлардир. Ўзбекистон ва Туркманистондаги нефть ва газ лойиҳаларига келадиган бўлсак, бу ерда муаммо иккала мамлакатнинг ғарб ширкатлари билан шартнома тузишга иштиёқи йўқлигидир.

Брюс Панниер қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG