Линклар

Қирғиз чегарачиларининг Ўзбекистон фуқаросини уриб ўлдиргани иддао қилинди


Фармон Насриддинов қирғиз чегарачилари томонидан калтаклаб ўлдирилгани даъво қилинмоқда.

Фармон Насриддинов қирғиз чегарачилари томонидан калтаклаб ўлдирилгани даъво қилинмоқда.

Фарғона вилояти Фарғона туманининг Ёрдон қишлоғида (Шоҳимардон анклави) яшаб келган Фармон Насриддинов яқинларининг даъво қилишича, у қирғизистонлик чегарачилар томонидан қаттиқ калтаклангандан бир кун ўтиб вафот қилган. Фарғона вилояти суд-тиббий экспертизаси Насриддиновнинг ички органларига қаттиқ шикаст етгани ва унинг ўнта қовурғаси сингани ҳақида хулоса берган. Қирғиз томони ҳозирча бу воқеага шарҳ бергани йўқ.

Ëрдонлик 50 яшар Фармон Насриддинов 18 июнь куни калтакланиш зарбидан олган оғир жароҳатлардан сўнг вафот этган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган ёрдонлик манбанинг даъво қилишича, Фармон Насриддинов бир кун олдин қирғизистонлик чегарачилар томонидан қаттиқ калтакланган:

- 18 июнь куни атрофи эрталаб Қирғизистон республикаси Боткен вилояти Ҳайдаркент чегара отрядининг Қорашўро чегара заставаси командири ўринбосари Шавкат исмли шахс давлат рақами О3636К бўлган Ауди маркали машинасида Ёрдон қишлоғида яшовчи Фармон Насриддиновни оғир аҳволда олиб келиб синглисининг уйига ташлаб кетган, дейди манба.

Фарғона тумани Ёрдон қишлоқ фуқаролар йиғинининг исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бирининг Фармон Насриддинов яқинлари гапига таяниб айтишича, марҳум ўлишидан олдин ўзини қирғизистонлик чегарачилар калтаклаганлигини даъво қилган:

- Фармон Насриддиновни Қирғизистон ҳудудидаги Шували деган жойда чойхоначи бўлиб ишлаган. 17 июнь куни У Шувалидан Қорашўро қишлоғига пиёда тушиб келаётган бўлган. Қирғиз чегарачилари уни йўлда ушлаб мошинасида Қорашўрогача олиб келишган. Кейин мана сени шу ергача олиб келдик, энди бензин олиб берасан¸ деган. Фармон бензиннинг пулини берган. Кейин ичкилик олиб берасан¸ деб мажбурлашган. Хуллас бор пулини олиб, кечгача ушлаб туришган, дейди суҳбатдош.

Маҳалла фаолига кўра, кеч бўлиб қолганлиги учун Фармон уйига қайтолмасдан, Қорашўро қишлоғидаги Ғаффор деган қирғиз танишининг уйида қолган:

- Кечаси соат 2 ларда яна қирғиз чегарачилари келиб Фармонни қирғиз одамнинг уйидан олиб кетишган. Кечаси заставага олиб бориб роса калтаклашгандан кейин эрталаб чиқариб юборишган. Ўша қишлоқлик Михтивой деган қирғиз йигит унинг абгор ҳолатда судралиб кетаётганини кўриб қолиб нима бўлганини сўраган. Кейин у йигит застава бошлиғининг олдига бориб, нега бу болани бунча урдиларинг, агар бу бола ўлиб қолса¸ бизнинг қишлоғимиз номига доғ бўлади, биз уларнинг юзига қандай қараймиз, деган гапни қилган. Кейин Фармонни застава командири ўринбосари Шавкатни мошинасига юклаб олиб кетишган, деди маҳалла фаолларидан бири.

Маҳалла фаолига кўра, Фармон Насриддинов бу гапларни ўлимидан олдин яқинларига айтиб берган.

Озодлик манбаларининг айтишларича, Фармон Насриддиновнинг аҳволи оғирлашиб, 18 июнь куни вафот этган.

Манбага кўра, Фарғона вилояти суд-тиббий экспертизаси Насриддиновнинг ички органларига етказилган оғир жароҳатлар туфайли вафот этгани ҳақида хулоса берган:

- Судмедэкспертизадан ўтказилганда Насриддиновнинг курак қисмига қаттиқ жисм билан бир неча марта урилганлиги оқибатида унинг ўн томонидаги 4,5,6,7,9,10,11 қовурғалари, чап томонидаги 6,7,8 қовурғалари синганлиги аниқланган. Шунингдек экспертиза хулосасида унинг ўпкаси, ўт пуфаги, нафас олиш органлари ҳамда икки буйраги калтакланиш натижасида оғир шикастлангани айтилади, деди манба.

Ёрдон қишлоқ фуқаролари йиғини фаолига кўра, бу воқеа юзасидан Фарғона тумани прокуратураси жиноят иши қўзғатган ва милиция, прокуратура ходимлари тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Фарғона тумани ҳокимлигининг чегара масалалари билан шуғулланувчи мулозими Хуршидбек Турсунбоев ҳам бу иш юзасидан тегишти тартибда текширув олиб борилаётганини Озодликка тасдиқлади.

Боткен вилоятининг воқеа содир бўлган чегара заставаси ходими ўзини таништирмаган ҳолда¸ Насриддинов фожиасига оид маълумотдан бехабарлигини билдирди.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Қирғизистон Давлат чегара хизмати ахборот таъминоти бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими ҳам бу воқеадан хабари йўқлиги¸ яқин кунларда суриштириб натижалари ҳақида хабар беришини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG