Линклар

ИД Таровеҳ намозини тақиқламагани иддао қилинган видео тарқатилди


Нарда - Рамазонда тақиқланган ўйинлардан бири

Нарда - Рамазонда тақиқланган ўйинлардан бири

Ижтимоий тармоқларда "Исломий давлат"нинг Таровеҳ намозини тақиқламагани иддао қилинган видео тарқалди. Бунга қадар Мосулдаги манбалар Рамазон ойининг биринчи ҳафтасида Исломни байроқ қилган гуруҳ суннат аммал бўлган Таровеҳ намозини тақиқлагани, 23-24 июнь кунлари Мосул қуршовга олингач, яна рухсат берганини хабар қилган эди.

25 июнь куни ижтимоий тармоқларга ташланган ва Озодликка ҳам йўлланган видеода қуролланган жамоатнинг Таровеҳ намозини ўқиётгани акс этгани иддао қилинган.

"Исломий давлат"нинг кавказлик жангарилари томонидан юритиладиган FuratMedia студияси тамғаси урилган видеода қуролланган жамоат Таровеҳ намозини икки ракатдан ўқиб, ўртадаги танаффусда имом маърузасини тинглагани акс этади.

Озодликда бу видеонинг қачон ва ким томонидан олингани ёҳуд унинг асллигини тасдиқловчи бирор маълумот йўқ.

Аммо, 25-26 июнь кунлари Озодликка йўлланган шарҳлар ва ўзининг ИД аъзоси эканини даъво қилган муштарийлар мактубларида ҳам ИДнинг Таровеҳ намозини бидъатга чиқарганига оид хабарлар рад қилинди.

Ўзининг ИД сафида эканини даъво қилиб ёзаётган баъзи ўзбекистонликлар бу намоз 11 ракат - 8 ракат Таровеҳ ва 3 ракат Витр намози шаклида ўқилаётгани, ҳар икки ракатдан сўнг имомнинг маърузаси тингланаётганини айтмоқдалар.

Бунга қадар ИД уламолари Ироқда Рамазон ойи билан боғлиқ қатор анаъаналарни тақиқлагани, буларнинг сирасида Таровеҳ намози ҳам бидъатга тенглаштириб, ман қилгани хабар қилинган эди.

Озодликнинг Мосулдаги манбаларига кўра, Рамазон ойини 18-июнь эмас, 19-июндан бошлашга фатво берган "Исломий давлат" уламолари бундай намоз динда йўқ ва у саудиялик уламолар ўйлаб топган нарсадир, деб фатво беришган.

Ҳатто, баъзи манбалар яширин тарзда Таровеҳ намозини ўқиган мусулмонлар калтакланаётгани, бу намозни адо қилган мосуллик 8 шайх 21 июнь куни жамоат олдида жазоланганини хабар қилган эди.

Аммо, 25 июнь кунги баъзи хабарларда ИД уламолари фатвосини ўзгартириб, Таровеҳ намозининг ўзи эмас, балки намоз орасида ўқиладиган тасбеҳ ибодати тақиқланганини таъкидлай бошлагани айтилди.

Озодликнинг Мосулдаги манбаси буни тасдиқлар экан, 24-25 июнь кунлари Мосул курд ва коалиция ҳарбийлари томонидан қуршовга олингач, террорчи гуруҳни таъминлаб турувчи ташқи каналлар деярли тўлиқ ёпилиб қолди.

Бундан ташвишга тушиб қолган жангарилар маҳаллий мусулмонларга нисбатан яхши муносабат қила бошлагани, аҳолини Таровеҳ намозига даъват қила бошлагани айтилмоқда.

Бундан ташқари, ИД раҳбарияти ўз қўли остидаги ҳудудларда домино, нарда ва ироқликлар Рамазон ойларида ифторликдан сўнг ўйнайдиган "маҳибс" номли ўйинини тақиқлади.

Анъанага кўра, ифторликдан кейин рўзадорлар икки гуруҳга бўлиниб, бир-бирининг кафтига беркитилган нарса, кўп ҳолларда узукни топишади. Охирида, ҳазилнамо ўйинда ғолиб чиққан томонни мағлуб томон ширинликлар ва салқин ичимликлар билан меҳмон қилади.

"Исломий давлат" раҳбарияти Рамазон ойи муносабати билан чиқарган фармонида бундай ўйинларни эътиқодга зид, деб тақиқлади ва бунинг ўрнига жангарилар орасида врестлинг ва югуриш мусобақаларини ўтказмоқда.

Муҳими, Рамазон ойи ичида ИД жангариларининг рўзаси очилиб кетмасин, деган хавотир билан Мосулдаги аёлларга ифторгача уйидан чиқиш тақиқланди.

Озодликнинг Нинавеҳдаги мухбирига кўра, Мосулдаги озиқ-овқат сотадиган дўконлар кун давомида ёпиқ қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG