Линклар

Тошкентда “Голос” телелойиҳасига сохта танлов ўтказилмоқда


Ўзбекистонлик истеъдодларнинг "Голос"даги муваффақияти бу шоу танловга нисбатан ўзбекистонликлар қизиқишини алангалатиб юборган.

Ўзбекистонлик истеъдодларнинг "Голос"даги муваффақияти бу шоу танловга нисбатан ўзбекистонликлар қизиқишини алангалатиб юборган.

Россия Биринчи канали тарафидан ташкил қилинган “Голос” мусиқий телелойиҳасининг тўртинчи мавсумига Тошкентда расмий танлов ўтказилади деган хабар фирибгарлик тўри бўлиб чиқди.

Россиядаги “Красный Квадрат” телеширкатининг “Голос” мусиқий телелойиҳасида ишлаëтган Азиза Эргашеванинг Озодликка таъкидлашича¸ Москвадан ташқари ҳеч бир жойда расмий танлов ўтказилмайди ва ҳеч кимга¸ хусусан¸ тошкентдагиларга бундай ваколат берилмаган.

Азиза Эргашева бу юзадан Россия Биринчи канали матбуот хизмати билдириш тарқатганини таъкидлади.

19 июнь кундан бошлаб маҳаллий нашрлар Тошкент марказидаги “Ўзбекфильм” киностудияси иккинчи қаватида “Голос” мусиқий телелойиҳасининг тўртинчи мавсумига расмий танлов бўлиши ҳақида эълон тарқата бошлади.

Бу эълонда ëзилишича¸ “танлов”ни “Face Catalog Uzbekistan” ширкати ўтказиш учун изн олган.

Танлов учун эълон

Танлов учун эълон

Танлов эмас¸ хайрия?

“Face Catalog Uzbekistan” ширкатининг ўзини Светлана Отнисаева деб таништирган вакили Озодлик манбаси билан суҳбатда¸ ўтказилаëтган танлов норасмий хайрия характерга эга эканлиги ва бунинг эвазига ҳеч кимдан пул олинмаганини иддао қилди:

- Биз фақат талантларни рўëбга чиқаришга ëрдам бераяпмиз. Биринчи канал бизга ҳеч қандай ваколат бермагани тўғри. Лекин “Голос” мусиқий телелойиҳасида иштирок қилмоқчи бўлган ëш талантга беғараз кўмак бериш тақиқланмаганку. Биз ëш талантлардан пул олмасдан¸ уларнинг Интернет орқали телелойиҳа сайтига кириб қайд қилинишига ëрдам берамиз. Бу нарса расмий танлов эмас¸ балки ëш ўзбек талантларига Хайрия ëрдами. Биз фирибгар эмасмиз¸ дейди Светлана Отнисаева Озодлик манбасига.

Лохотрон

“Ўзбекфильм” киностудиясида декоратор бўлиб ишлайдиган рассомнинг ўз шахси сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича¸ киностудия ҳудудида жойлашган “Face Catalog Uzbekistan” ширкати “юлдуз” бўлиш орзусида юрганлардан пул шилиб олиш билан мунтазам шуғулланиб келади:

- Бунақа мошенниклар кўпайиб кетган Тошкентда. Хабарингиз бўлса¸ они так же устраивали “кастинг” на "Минуту Славы" в прошлом году. Чув тушганлар Россияга бориб қуруқ қайтиб келишган. “Face Catalog Uzbekistan” ширкати бу лохларни пулини шиладиган “лохотрон”¸ дейди суҳбатдош.

Жабр кўрган соҳибжаамол

Озодлик ўз суриштируви давомида “Face Catalog Uzbekistan”ни фош қилишга жазм қилган актриса билан суҳбатлашди.

Тошкентлик режиссер ва актриса Олеся Де Сан Жермен

Тошкентлик режиссер ва актриса Олеся Де Сан Жермен

Тошкентлик режиссер ва актриса Олеся Де Сан Жермен (Olesya De San Jermen) Озодлик мухбири билан суҳбатда “Face Catalog Uzbekistan” ширкатини фирибгар ва товламачилар дея тамғалади:

- Аслида “Face Catalog Uzbekistan” аферист схемалари билан санъаткорларни сурбетларча чув тушириб юрибди. Улар ўзларича кастинг ўтказиб¸ ўзларининг номидан Биринчи каналга жўнатишади. Агар кимдир ростдан ютса¸ улар бу ютуқни ўзиники қилиб олишади. Бу ҳолатда улар кастинг иштирокчисидан ҳам пул олишади. Биринчи канал текин билет юборса¸ унинг ҳам пулини олишади. Мен ширкатни даҳшатли аферист ташкилот деб атайман ва яқин келажакда уларнинг жазоланишидан умид қиламан¸ дейди Олеся Де Сан Жермен.

Суҳбатдошнинг ўзи ҳам бу ташкилотдан жабр кўрганлигини айтади:

- Мен иккинчи жаҳон урушига аталган фотопроект ташкил қилдим. Бу лойиҳада ўзбек санъаткорлари иштирок қилди. “Face Catalog Uzbekistan” эса бу лойиҳани ўғирлаб ўз сайтига қўйди ва биз қилдик деб чиқди. Мен бу ташкилотни плагиатликда айблаб¸ судга бераман¸ дейди тошкентлик режиссер ва актриса Олеся Де Сан Жермен.

Тошкентлик режиссер ва актриса Олеся Де Сан Жермен

Тошкентлик режиссер ва актриса Олеся Де Сан Жермен

Идея фикс

“Ўзбекфильм” рассомининг айтишича ўзбек ëшлари орасида “бир кунда Россия шоу бизнес осмонида юлдуз бўлиб чарақлаш” орзуси идея- фиксга айланган:

- Сўғдиëна¸ Сардор Милано ëки бошқа ўзбекистонликларнинг Россияда муваффақият қозониб квартира ва қиммат машиналар олгани ҳақидаги эртаклар оғиздан оғизга кўчиб юради. Яна бир стереотип эса¸ талантинг бўлмаса ҳам¸ пул билан юзага чиқариш идеяси. Айнан мана шу идея- фикс ўзбек ëшларини фирибгарлар лохотронига ундаëтган мотор вазифасини бажармоқда¸ дейди суҳбатдош.

Кейинги йилларда Россия телеканалларининг мусиқий лойиҳаларида ўзбекларни кўп учратиш мумкин.

Сардор Милано тахаллуси билан танилган Сардор Эшмуҳаммедов Россия Биринчи жамоатчилик каналининг "Главная сцена" лойиҳаси ғолиби бўлди.

Ўзбекистонлик Сабина Мустаева айни шу каналнинг “Голос. Дети” қўшиқ танловида мутлоқ ғолибликни қўлга киритди.

Наргиза Зокирова ҳам айни лойиҳада муваффақият билан иштирок этиб “Голос” қўшиқ танловда иккинчи ўринни олган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG