Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:40

Саакашвили ва Масжид Мутаваллиси (Блог)


Ўрол Тансиқбоев чизган картина (фрагмент)
Ўрол Тансиқбоев чизган картина (фрагмент)

Қуйида ўқийдиганларингиз студиямиз эшигидан ташқарида, ёзганим мақолалар битилган қоғозлар хошиясида қолиб кетган гаплардир. Албатта, бир қарашда, Ереван пойтахтидаги норозилик акцияларининг Одесса губернаторига, Одесса губернаторининг Тошкентдаги масжидларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Лекин, менимча, бор ўша алоқа. Балки, Сиз ҳам илғарсиз уни...

“Саакашвили нима?”

Албатта, Грузиянинг экс-президенти, ҳозирда Украинанинг Одесса области губернатори Михаил Саакашвили Нима эмас, Кимдир.

Кечаги (24 июнь) BahsOnlineда баҳс объекти шу киши ва унинг бошқарув усули бўлди ва эшиттириш арафасида бошловчиларимиз Ижтимоий тармоқлар орқали "группадагилар"ни баҳсга қўшилишга чорлади. Саакашвилининг ислоҳотлари тўғрисида нима биласиз, деган савол ҳам борийди ўша чорлов таркибида.

Чорловга юзлаб жавоблар келди. Жавоб бергувчилар орасида Саакашвилини биладиганлар, Грузияда Саакашвили ўтказган ислоҳотлар ҳақида тасаввури борлар борлигини билдик, уларнинг баъзилари эшиттиришда қатнашди ҳам.

Жавоб бергувчилар орасида Саакашвилини билмайдиганлар ҳам талайгина экан.

Бу бир талай муштарийни чорловга жавобан ёзган саволларига қараб икки гуруҳга ажратиш мумкин.

Биринчи гуруҳ “саакашвили нима?” деб сўради.

Иккинчи гуруҳ “ислоҳот нима?” деб сўради.

Бу саволларга бошловчиларимиз жавоб бериб ўтирмади.

Электр Майдони ёки Ёзилмаган Мақола

Aрмaнистон пойтaхти Еревaнда уч кун олдин бошланган норозилик aкцияси бугун (25 июнь) ҳам давом этди.

Аслида ўтган ҳафта охирида бошланган бу акциялар сешанбада, шу кун тонг саҳарда норозилар ёнғинмошинлардан сув отиб тарқатилганда тилга тушди.

Норозиларнинг нимадан норозилигини ҳам ўша куни билдик: арманилар электр энергияси нaрхининг қисқа вақт ичида учинчи марта оширилганидан норози.

Норозилик сабабини билишим биланоқ қирғизларнинг Иккинчи инқилоби - улар ўз президентлари Бакиевни ҳайдаб солгани ёдимга тушди.

Чироқ пулидан бошланган эди Иккинчи инқилоб. Норинликларнинг сурункали митинглари секин-аста Толосга кўчган, Толосдан Бишкекка кўчган, Бишкек Бакиевни Ўшга “кўчирган”, кейин Бакиевнинг ўзи Минскка кўчиб қутилган эди...

Бас, чироқ пули одамларни кўчага чиқарадиган куч экан, энди Марказий Осиёдаги қайси мамлакат халқининг кўчага чиқишини кутиш мумкин, деб ўйладиму бу мамлакатлардаги энергия нархини, унинг кейинги йилларда неча марта ошганини ўрганмоқ бўлдим.

Ўзбекистонникини ёддан биламан, қолганларини ўргансам бўлди...

...дедиму бироз ўйлангач, фикримдан қайтдим.

Қирғизистон ёки Арманистон ёхуд Украина истиқболини чироқ пулидан келиб чиқиб прогноз қилиш мумкиндир. Лекин Марказий Осиёнинг Қирғизистондан ташқари бошқа мамлакатлари, хусусан, (балки, айниқса, дейиш керакдир) Ўзбекистон истиқболини чироқ пулидан келиб чиқиб прогноз қилиб бўлмайди.

Шуни тушундиму мақола ёзмадим.

Масжид Мутаваллиси

“Мутавалли” мутавалли эмас. Бу сўзни сарлавҳа чиройли чиқсин, деб ёздим холос. Гап ўзини “масжид хизматчиси”, деб таништирган оқсоқол ҳақида.

Масжид хизматчиси билан кеча (24 июнь), Тошкент масжидларида оммавий ифторлар тақиқлаб қўйилди, деган хабар етиб келганидан сўнг гаплашдим.

Овозидан ёши ўтиб қолганлиги, лекин саволларимга жавобларни михлаб-михлаб берганидан ҳали бақувват эканлиги сезилиб турган суҳбатдошимнинг гапириш оҳангида ҳеч қандай таассуф аломати сезмадим.

"Ифтор бекор қилинди", деган гапни аскарнинг ўз командирига “душман бартараф этилди”, деган рапортидай қилиб айтди у.

Ҳайрон бўлдим: ахир масжид қавмининг оммавий ифтори рўзадорнинг икки байрамидан бирини чинакам тантанага айлантирадиган издиҳом эдику?!

Нима учун бу оқсоқол – шунчаки бир намозхон эмас, балки “масжид хизматчиси” бўлатуриб, шу издиҳомдан қуруқ қолганига афсусланмаяпти?!

Кейин бу оқсоқолнинг тақиқланишидан олдин ўтказилган оммавий ифтордан кейин Юртбоши ҳақига қандай дуолар қилганини тасаввур қилдим.

Дуо ҳам ҳиссиз-ҳавассиз, метин овоз билан, ҳарбий устав ўқилгандай ўқилган бўлса керак, деб ўйладим.

XS
SM
MD
LG