Линклар

Миллатчилар ҳужумлари онлайн харитада акс эттирилади


hatecrimes.ru сайти харитаси

hatecrimes.ru сайти харитаси

Россия ҳуқуқ ҳимоячилари Москва шаҳри ва вилоятида миллий, диний ва ирқий адоват юзасидан одамларга содир этилган ҳужумлар интерактив харитасини тақдим этди. Онлайн-харитада акс эттирилаётган маълумотлар Москванинг қайси ҳудудлари рус бўлмаганлар учун энг хавфли, қайсиси муайян одамлар тоифалари учун хатарли эканини яққол намоён қилишга қаратилгани айтилмоқда.

“Фуқаровий кўмак” қўмитаси ва “СОВА” Ахборот-таҳлилий марказ мутахассислари Москва шаҳри ва Москва вилояти учун адоват юзасидан содир этилган ҳужумлар онлайн-харитасини тақдим этди.

Қочқинлар Кунига мўлжаллаб чиқарилган бу махсус лоийҳа устида ишлаган инсон ҳақлари ҳимоячиларига кўра, Россияда адоват юзасидан одамларга қилинаётган ҳужумлар деярли ҳар куни кузатилмоқда.

Нафрат объекти ва ҳужум қурбонига одатан Россияда яшовчи кўпчиликдан ўзининг ташқи кўриниши ва бошқа белгилари билан фарқ қилувчи одамлар айланади: Марказий Осиёдан келган мигрантлар, Кавказ республикалари фуқаролари, Африка, Осиё ёки араб мамлакатларидан келган мигрантлар ёки қочқинлар, кўриниши “славян” бўлмаган россияликлар, уй-жойсизлар, жинсий озчилик, лўлилар, ёшлар оқимлари вакиллари ва сўл қарашларга эга сиёсий фаоллар. Бу ерда гап маиший зўравонлик эмас, балки муайян фуқаролар гуруҳларига қаратилган нафрат тўғрисида кетяпти”, дейилади лойиҳа расмий сайтида келтирилган тушунтиришда.

Лойиҳа ташаббусчилари ўз кузатувларига таяниб, айнан Москва ва пойтахт вилояти бу каби ҳужумларда “етакчилик” қилиб келаётганини ҳисобга олганини билдирди.

Харитани тузишда сўнгги йиллар давомида йиғилган маълумотларни тақдим этганини Озодлик билан суҳбатда гапирган “СОВА” Ахборот-таҳлилий маркази етакчи ходими Наталия Юдина, харитада Москвада рўй берган бу каби ҳодисаларнинг ҳаммаси ҳам акс эттирилмайди, дейди:

- Биз ҳужумлар юзасидан ўзимиз олиб борган мониторинг натижаларини тақдим этиб борамиз ва бунинг барчаси харитада ўз аксини топади. Бироқ, бизга келиб тушаётган маълумотларнинг асосий қисмини биз оммавий ахборот воситалари ва мониторинг учун қулай бўлган бошқа манбалардан оламиз. Тахминимизга кўра, кўп ҳолларда ҳужумга учраган одамлар ё қурқиб, ё билмаслигидан бу ҳужумлар борасида ҳеч кимга айтмайди. Айнан шу нарса кузатувларимизни мураккаблаштиради, деди Наталия Юдина.

“Фуқаровий кўмак” қўмитасининг муҳожирлар масалалари бўйича лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Анастасия Денисова одамларга қилинган ҳужумлар интерактив харитаси журналистлар, олимлар, жамоатчилик фаоллари ва оддий фуқароларга фойдали бўлиши мумкинлигини Озодликка гапиради:

- Шунингдек, харита маҳаллий ҳокимият амалдорлари ва ҳатто ҳуқуқ мухофазаси идораларига қизиқарли бўлиши мумкин деган фикрдамиз, чунки бу харита тузилишида иккита асосий омил ётибди. Биринчиси, харитага жойлаш учун энг аввало ҳодиса сабаби аниқ бўлиши шарт, яъни унда миллий, диний ва ирқий адоват юзасидан қилинган ҳужумлар акс этади. Иккинчиси, ҳодиса рўй берган жойнинг аниқ манзилини текширамиз. Шу тариқа, минтақанинг муаммоли ҳудудлари аниқланади, унга эътибор қаратилади. Ундан ташқари, истаган фуқаро харитани очиб, ўзи яшаётган жой тўғрисида хулоса чиқариб олиши мумкин, деди Анастасия Денисова.

“Фуқаровий кўмак” ходими сўзларича, ҳозирча фақат Москва шаҳри ва вилояти учун тузилган онлайн дастур адоват юзасидан содир этилаётган жиноятларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, муайян гуруҳ одамларига бўлаётган нафратни сўндиришга қаратилган.

Анастасия ҳар бир қайдга олинган ҳужум тўғрисида батафсил маълумотлар келтирилиши, уни тузишда оддий фуқаролар ҳам иштирок этиши мумкинлигини қўшимча қилди:

- Харитамизда қизил билан белгиланганлар – ўлдирилганлар, яшил рангдаги одамчалар эса ҳужумга учраган ва тирик қолган жабрланувчилардир. Диний ёки миллий нафрат асосида ҳужумга учраган одам онлайн харита орқали маълумот қолдиради, ҳодиса жойини белгилайди, биз кейин уни текшириб, тасдиғини олсак- ана ундан кейин харитага чиқарамиз, деди ҳуқуқ фаоли.

У ҳозирча интерактив харитага 2010-2014 йиллар давомида йиғилган маълумотлар киритилгани ва кейинчалик лойиҳага Россиянинг бошқа минтақалари ҳам қўшилишини маълум қилди.

“Фуқаровий кўмак” қўмитаси Москва ёки Россиянинг бошқа минтақаларида ирқчилик ва миллатчилик асосида содир этилган жиноятларга гувоҳ бўлганларни hatecrimes.ru сайти орқали ёки ташкилотнинг +7(903)577-55-87, +7(968) 918-98-65, +7(495) 681-18-23 рақамлари орқали хабар беришни сўрамоқда.

Эслатиш жойизки, “СОВА” маркази 2014 йилда Россияда ирқий, диний ва миллий нафрат асосида содир этилган жиноятлар оқибатида 102 кишидан кўпроқ одам жабрлангани, 19 киши ўлдирилганини қайдга олган.Миллатчилар ва тақирбошлар томонидан ўлдирилган, турли жароҳат олганларнинг асосий қисмини Марказий Осиё давлатларидан келган меҳнат муҳожирлари ташкил этади.

XS
SM
MD
LG