Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:34

Ўзбекистон МХХ газ баллонда қорадори ташиган жиззахликларни ушлади


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Тожикистондан олиб кирилган наркотик моддаларни Ўзбекистон орқали Қозоғистонга ташиган жиззахлик жиноятчиларни қўлга олди. Ўзбекистондаги нашрларнинг хабар қилишича, уч босқичли амалиёт натижасида 11 кишилик жиноий гуруҳдан битта ўқотар қурол мусодара қилинган.

Podrobno.uz сайтининг ёзишича, 11 кишилик жиноий гуруҳдан жами 6 килограм миқдорида наркотик модда олинган.

Хабарда айтилишича, оператив амалиётлар натижасида Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида яшовчи Ф.Х. исмли аёл ва унинг О.Н. исмли қизи қўлга олинган. Улардан бир килограмдан ортиқ гиёвандлик моддаси олинган. Хабарларда бу икки аёлнинг гиёҳвандлик моддасини Қозоғистондаги харидорга етказишни режалагани айтилмоқда.

Натижада, бу икки аёлга қўшиб уларнинг жиноий шериклари бўлган Ш.Р. ва Ж.М. исмли шахслар ҳам қўлга олинган. Маълум бўлишича, бу икковлонга қарашли автомобилнинг газ баллони ичида 3 ярим килограмлик қорадори топилган.

Бундан ташқари, Мирзачўл туманида яшовчи Ш.У. исмли аёл ҳам ёнида 2 килограмм қорадори билан ушланган. У ҳам бу молни қозоғистонлик харидорга етказишни кўзлагани айтилмоқда.

Амалиёт сўнг босқичида наркотик моддаларни ташувчи гуруҳни тузган бошқарганликда айбланган икки хорижлик шахс - Қозоғистоннинг Еттисой туманида яшовчи Б.А. ва унинг ёрдамчиси бўлган мирзачўллик Д.М. исмли шахслар қўлга олинган. Қозоғистонлик шахснинг ёнидан эса битта ўқотар қўрол ва 7 та ўқ топилган.

Бу амалиётга параллел равишда ўтказилган яна бир амалиётда 7 кишилик жиноий гуруҳ қўлга олинди ва улардан 12 килограм наркотик модда олинди.

Амалиётларда аниқланишича, жиззахлик жиноий гуруҳларнинг наркотик моддаларни, асосан, енгил автомобилларнинг газ баллонлари ичида ташиган. Баллонлар ичига 3 - 15 килограмга қадар қорадори жойланмоқда. Бундан ташқари, бу жиноят билан 1984, 1985 йилларда туғилган шахслар шуғулланмоқда.

Жиноятчилар наркотик моддаларни, кузатилгани каби, Тожикистондан олиб, Жиззах вилояти ҳудуди орқали Қозоғистонга олиб ўтиб бермоқда. Бу моддаларнинг қанчадир қисми Ўзбекистонда ҳам сотилмоқда.

Қўлга олинган жиноий гуруҳлар устидан маҳкамалар бўлиб ўтгани ва уларга узоқ муддатли қамоқ жазолари берилгани хабар қилинди. Ҳозир яна бир неча жиноятчи гуруҳ ортидан қидирув бораётгани қўшимча қилинди.

XS
SM
MD
LG