Линклар

Россиянинг собиқ бош вазири Евгений Примаков 86 ёшида Москвада оламдан ўтди. Примаков умрининг сўнгги йилларида оғир хаста эди.

"Президент Владимир Путин собиқ давлат арбоби вафоти муносабати билан тазия изҳор қилди", дея хабар қилди унинг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Евгений Примаков 1998-1999 йилларда Россия Бош вазири лавозимида ишлади. Бунга қадар у Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Ташқи разведка хизматини бошқарди.

Катта сиёсатга келгунига қадар у "Правда" газетасининг Яқин Шарқдаги мухбири бўлди. Табиатан музокарачи бўлган Примаков бу минтақадаги аксар давлат раҳбарилари билан яқин алоқа ўрнатишга эришди.

Кейинчалик 90-йилларга келиб Россия Ташқи ишлар вазири бўлган Примаков ҳукуматнинг Яқин Шарқ минтақасидаги нозик музокараларида иштирок этди ва катта натижаларни қўлга киритди.

Унинг вафоти муносабати билан фикр билдираётган россиялик арбоблар орасида ўтган асрнинг 90-йилларидан сўнг - собиқ Совет Иттифоқи қулагач, Москванинг халқаро майдондаги нуфузи тикланишида айнан Примаковнинг хизмати катта, деган фикрни таъкидловчилар кўп бўлмоқда.

Рус нашрлари 1998 йилда Россия Бош вазири бўлгач, Примаков мамлакатнинг оғир аҳволга келиб қолган иқтисодини қаттиққўллик билан тиклагани ҳақида ёзмоқда.

1999 йилда бош вазирлик лавозимидан кетган Евгений Примаков маълум муддат Россия Савдо ва саноат палатасини бошқарди.

XS
SM
MD
LG