Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:35

Хоразмда водопровод сувидан итбалиқлар чиқяпти


Хоразмда тоза ичимлик суви таъминоти аҳволи кескин ёмонлашгани айтилмоқда. Озодлик билан суҳбатда бўлган хоразмликлар вилоятда водопровод сувидан итбалиқ ва майда қурбақалар чиқаётгани, сув сифатсиз бўлса-да, уни истеъмол қилишга мажбур бўлаётганини айтишади.

Хоразмда аҳоли ичимлик суви танқислиги билан қарийб ўн йилдан буён, айниқса, жазирама ёз кунлари юзма-юз келишади.

Сўнгги ойларда эса ичимлик сувининг сифати шу қадар ёмонлашиб кетдики, айрим туманлардаги водопровод сувидан итбалиқ ва майда қурбақалар чиқа бошлаган.

– Водопровод сувини шиша идишга солиб шундоқ қарасангиз, ичида итбалиқлар, майда қурбақалар сузиб юрганини кўрасиз. Бизда сув авваллари ҳам ифлос бўлган, лекин бу даражада эмас эди, - дейди Хоразмнинг Хазорасп туманилик Арслон.

Хоразм вилоятида аҳоли ва корхоналарга исимлик суви етказиб беришга масъул “Хоразм оби-ҳаёт” ширкатидагилар буни сув қувурларидаги нуқсонлар билан боғлиқлигини айтишди.

– Сооружения яхши ишламаса, фильтрация яхши бўлмайди, ўтказворади, ўзингиз биласиз, бизда кўп жойларда сув қувурлари, насос станциялари эскириб кетган, - деди“Хоразм оби-ҳаёт” ширкатининг Озодлик боғланган ходими.

Хоразмда сув ифлослигига қарамай, ёзнинг энг чилласида маҳаллий аҳоли уни истеъмол қилишга мажбур бўлаётганликларини айтишади.

– Биз уйда водопроводга ўзларимиз махсус сувни фильтрловчи ускуна сотиб олиб, ўрнатганмиз. Кўпчилик хонадонларда бор шу. Шу бўлмаса, сувни умуман ичиб бўлмайди. Водопроводдан лойқа сув келади. Уйида фильтрловчи ускунаси йўқлар, сувни идишга солиб, тинитиб кейин ичишади, - дейди Хоразмнинг Шовот туманида яшовчи Мавлуда опа.

Мутахассислар Хоразмда ичимлик сувининг ёмонлашгани Амударё сувининг сўнгги йилларда ифлослангани билан боғлиқлигини айтишади.

– Хоразмда аҳоли сувни Амударё ва Шовот каналидан ичади. Ҳозир қўшни вилоятлар ва Туркманистоннинг Чоржўй қисмида Амударёга оқова сувлар тинимсиз ташланиши оқибатида Амударё сувининг ифлосланиши кучайди, сувни минераллашув даражаси меъёридан анча кўпайиб кетган. Агар, Амударёга чиқинди сувлар ташланиши тўхтамаса аҳвол яна ҳам ёмонлашиши мумкин, - дейди атроф-муҳит мавзусидаги мақолалари билан танилган хоразмлик журналист Бахтиёр Юсупов.

Ичимлик сувининг ёмонлиги Хоразмда аҳоли саломатлигига жиддий таъсир этяпти.

Сўнгги вақтларда ичимлик суви сифатсизлиги боис, катталар ва ёш болалар орасида урологик касалликлар, буйрак ва сийдик йўлларида тош пайдо бўлиши каби ҳолатлар кўпайди.

Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасидагилар аҳолига водопровод сувини ичмасликни тавсия этиб келади.

– Водопровод сувини фақат қайнатиб ичиш мумкин. Ёш болалар иложи бўлса, бакалашкада сотиладиган сувни ичишса яхши, - деди бошқарманинг Озодлик боғланган ходими.

Пластик идишларга қадоқланган сувнинг нархи эса Хоразмда шу кунларда осмонга ўрлаб кетган.

– Ҳозир кўпчиликнинг ҳамёни баклашкадаги сувни сотиб олишгни кўтармайди. 5 литрлик сувни олиш арзонга тушади, лекин у ҳам тўрт-беш минг сўм. Бир литрлиги мингни тепасида. Бизда фақат бойлар, пулдорлар бакалашкали сув ичишади, овқатни ҳам шундай сувда тайёрлайдиганлар бор. Оддий аҳоли эса крандан оқадиган сувни истеъмол қилишга мажбур, - дейди хоразмлик журналист Бахтиёр Юсупов.

Қадимда Хоразмда аҳоли сувни қудуқлардан ичишган. Бугунги кунда эса вилоятда қудуқлар қуриб қолган, қуримаганларини ичидаги сув эса ичишга ярамайдиган ахволга келиб қолган.

XS
SM
MD
LG