Линклар

logo-print

Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Мираброр Усмонов жорий ҳафта миллий жамоа бош мураббийси этиб тайинланган Самвел Бабаянга ҳозирча ҳеч ким уддалай вазифа юклади - терма жамоанинг 2018 йилги жаҳон чемпионатининг финал босқичи йўлланмасини қўлга киритиш учун жавобгар этиб белгилади. Футбол шарҳловчилари Бабаяннинг бу вазифани уддалай олиш-олмаслиги ҳақида ҳозирча ишонч билан гапира олмаяптилар.

Мираброр Усмонов ғазабда

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Ижроия Қўмитаси мажлиси Ўзбекистон миллий терма жамоасининг охирги ўйинлари ва жаҳон чемпионати саралаш баҳсларини мағлубият билан бошлагани масалаларига бағишланди¸ деб хабар берди 25 июнь куни федерация матбуот хизмати.

Мажлисга раислик қилган федерация президенти Мираброр Усмонов Ўзбекистон ҳукумати ва ўзи миллий футболни ривожлантириш учун қилаëтган саъй-ҳаракатлари натижасиз қолаëтгани учун маъсулларни кескин танқид қилди:

“Миллий терма жамоанинг охирги ўйинлари биз нотўғри йўлдан кетаётганимизни, тўғри ишламаётганлигимизни амалда кўрсатиб берди. Осиё чемпионатида Саудия Арабистонини омадимиз келиб ютдик ва шунинг эвазига гуруҳдан чиқдик. Кейинги ўйинларда ғалаба қозона олмадик. Охиргиси, айниқса, 2:4 ҳисобидаги Шимолий Кореяга учралган мағлубият ўтиб тушди. Атрофимдаги аксарият “мутахассислар” бу ўйиндаги мағлубиятга турли сабабларни келтиришяпти, сунъий қопламали майдон, фалончи ва ҳоказо. Булар ҳақида сиз барчангиз мағлубиятгача жуда яхши билардингиз”, деган Усмонов.

Қатор мутасаддиларга ҳайфсан эълон қилган Усмонов¸билдиришномада ëзилишича¸ миллий терма ва олимпия жамоалари раҳбарларини ўзгартириш қарори ортидан янги мураббийларга жиддий вазифа юклаган:

“Янги мураббийлар штаби қўлга олган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий вазифаси 2018 йилги жаҳон чемпионатининг финал босқичи йўлланмасини қўлга киритиш қилиб белгиланди ва бунинг учун Самвел Бабаян жавобгар эканлиги белгилаб қўйилди”¸ дейилади федерация матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Бабаян менежерми ëки мураббий?

Ўзбекистон миллий терма жамоасини на Бразилияда ўтган жаҳон чемпионатига олиб чиқа олган ва на бу йилги Осиë биринчилиги ўйинларида совринли ўринларга бошлай олган Миржалол Қосимовдан кейин жамоа бош мураббийси лавозимига “Пахтакор” клуби етакчиси Самвел Бабаяннинг тайинланиши кўпчилик ўзбекистонликлар учун кутилмаган янгилик бўлди.

Мухлислар миллий жамоада жиддий ўзгариш қилиш фақат хориждан таклиф қилинадиган мутахассиснинг қўлидан келиши мумкин¸ деган ишончда бўлган бир пайтда бундай қарор берилиши¸ таниқли футбол агенти Санъат Шариповга кўра¸ ўзбекистонлик мутахассисларга берилган яна бир имкондир:

- Кўпчилик Бабаянни клуб директори¸ менежер сифатида билади. Лекин “Пахтакор” клубининг кейинги икки йил ичида кўрсатган ўйини¸ унинг Ўзбекистон чемпиони бўлиши клуб таркибини янгилаган¸ яшартирган Бабаяннинг янгича ўйин олиб келганини кўрсатди. Футбол тарафдан қарайдиган бўлсак¸ ҳозирги пайтда Бабаян ўзининг Ўзбекистон ичидаги энг кучли мураббийлардан бири эканини исботлади. Шунинг учун ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ана шулардан келиб чиқиб¸ келинглар “Пахтакор”ни чемпион қилган одамга имкон берайлик¸ булар терма жамоани ҳам шунақанги янги босқичга олиб чиқсин¸ деган тушунчадан келиб чиқиб Бабаянни шу лавозимга тайинлаган бўлса керак¸ деб ўйлайман¸ дейди Санъат Шарипов.

Терма жамоага хориждан стратег мураббий олиб келиш керак

Ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов¸ ҳозирча миллий жамоанинг Бабаян мураббийлигидаги ўйинларини кўрмай туриб¸ унинг бу жамоада қандай ўзгаришлар қилиши ҳақида гапириш эрта эканини айта туриб¸ бу тайинлов Ўзбекистон терма жамоасига хориждан мураббий олиб келиш эҳтиëжини камайтирмаганини таъкидлайди:

- Бабаян ташкилотчилиги¸ мураббийларни бир жойга жамлай олиш қобилияти билан қандайдир натижага эришиши мумкин. Лекин терма жамоа ўйинларида стратегик¸ таркибимизни ўз вақтида белгилай оладиган¸ ўйинни суратини ўзгартириб юбора оладиган мураббий кўпроқ керак эди¸ деб ўйлайман. Манимча¸ сал кейинроқ¸ Мираброр Усмонов айтгандек¸ хориждан бирор-бир мураббий олиб келинса керак. Акс ҳолда¸ терма жамони ушбу гуруҳдан олиб чиқиш жуда ҳам қийин бўлади¸ дейди Хайрулла Ҳамидов.

ЎФФ Ижроия қўмитасининг сўнгги йиғинида Усмонов терма жамоага хорижлик мутахассис жалб этиш талаби ижросиз қолаëтганини ҳам ëзғирди:

Мен бир йилдан бери миллий терма жамоага хорижий мутахассисни жалб қилиш бўйича сизларга таклиф ва мулоҳаза киритинг дейман, нега индамайсизлар? Қани таклиф? Ҳар қандай маблағ эвазига, ҳар қандай мутахассисни жалб этишга тайёр эканлигимни ҳар мажлисда такрорласам ҳам ҳеч бирингиз индамайсиз! Нега Терма жамоалар маркази бу масалани ижобий ҳал қилмай, бир йилдан бери чўзиб юрипти. Бу масалани шахсий назоратим остига оламан ва муҳлат бераман. Навбатдаги ўйинга тайёргарлик бошлангунча, терма жамоада хорижлик маслаҳатчи мураббий иш бошлаши керак. Тамом!” деб иқтибос келтирди Усмонов сўзларидан ЎФФ матбуот хизмати.

Озодлик билан суҳбатда бу баëнотни шарҳлаган ўзбекистонлик футбол мутахассислари¸ Самвел Бабаян миллий терма жамоа бош мураббийси этиб тайинланганига қарамай¸ ўйин табиатида жиддий ўзгариш қилиш хориждан олиб келинадиган мураббийга боғлиқ бўлишини айтдилар.

Бабаян – ўзбек футболидаги энг мунозарали шахслардан

2002 йилдан 2015 йил июнига қадар Тошкентнинг “Пахтакор” клубида турли лавозимларда ишлаб келган Самвел Бабаян 2012 йил апрелида шов-шувли воқеа марказига тушган эди.

Ўшанда “Пахтакор” фан клуби аъзолари “Жар” стадионидаги "Пахтакор" ва "Ал Араби" ўйинидан сўнг “Пахтакор” вице-президенти бўлган Бабаян истеъфосини талаб қилинган плакатлар кўтариб чиқишган эди.

Ўзбек футболида анча муҳокама қилинган бу талабни исми сир қолиш шарти билан Озодликка изоҳлаган Бабаян мухолифларидан бири¸ норозилик сабабларига тўхталган эди:

“Бабаян футбол мафияларидан бири. У милицияни ҳам матбуотни ҳам қўрқитиб қўйган. Ўзбекистон чемпионатларида судяларни сотиб олади. Ғирром ўйин қилади. У шартномаси тугаган футболчиларни қўрқитиб, шартномасини чўздиради. Футболчиларнинг ойлигини бермайди ёки узоқ йиллик контрактларга қўл қўйдириб, алдаб ўйнатади. Бабаян фақат ўз чизган чизиғидан чиқмайдиган тренерларни ишлатади”¸ деб иддао қилган эди Бабаян истеъфосини талаб қилганлардан бири Озодлик билан суҳбатда.

2012 йил апрелида Самвел Бабаян ўз шаънига билдирилган бундай айбловларга Озодлик орқали муносабат билдириш таклифини очиқ қолдирган эди.

2015 йилнинг 26 июнь куни Бабаян матбуот котиби¸ унинг ҳозирда “Пахтакор” клубини янги мураббийга топшириш¸ қолаверса¸ миллий терма жамоага янги мураббийлик гуруҳини тузиш билан бандлигини билдирди.

"Келаси ҳафта терма жамоа сифатида Бабаян матбуот анжумани ўтказади ва журналистлар саволларига батафсил жавоб беришга уринади"¸ деб қўшиб қўйди Самвел Бабаян матбуот хизмати ходими.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG