Линклар

UzGazOil Бухоро вилояти бошқармаси юздан ортиқ оператор, ишчи-хизматчини бўшатди. АЁҚШ операторларининг айтишича, рейдларда камчиликлар аниқланмаган бўлса ҳам, ишчилардан мажбурий равишда ўз ихтиёри билан бўшаши ҳақида ариза ёздириб олинмоқда. Озодликнинг UzGazOilдаги манбаси ширкат эски раҳбар ва ишчилардан тозаланаётганини айтмоқда.

Бухородан оммавий ишдан бўшатишлар

Бухоро шаҳридаги АЁҚШлардан бирида ишлаган операторлардан бирининг Озодликка ёзишича, текширув натижалари ижобий чиққанига қарамасдан ишчилар ишдан бўшатиляпти:

29 май куни UzGazOilда ўтказилган рейдда 16-сонли Бухоро-2 шохобчасида мен ишда эдим. Текширув натижалари жуда ҳам яхши чиқди. Касса аппаратида қайд қилинган ва кассамдаги пуллар мутаносиблиги бир хил чиқди. Лекин мени колонкалар билан ишим йўқ, уни старший операторлар билади. 23 июнь куни эса тепадан хат келибди ва бизни 24 июнь куни ҳеч гап, ҳеч сўз йўқ “ўз ихтиёримиз” билан ишдан бўшатиб юборишди. Биз норозилик билдирдик. Лекин бошлиқлар агар ўз ихтиёринг билан бўшамасанг сени статья билан бўшатамиз ва ойлигингни ҳам расчёт пулларингни ҳам ололмайсан”, деб таҳдид қилишди. Тепадагиларни проблемаси деб, биз ишсиз қолдик. Энди оиламизни қандай боқамиз", деб ёзди операторлардан бири.

Операторнинг иддао қилишича, уч кун ичида 132 нафар оператор, ишчи ва хизматчи ишдан бўшатилган.

Озодлик UzGazOil ширкати билан боғланиб, корхонада бораётган оммавий қисқартиришларга изоҳ олмоқчи бўлди. Бироқ ширкатнинг ўзини таништирмаган мулозими ширкат телефон орқали ҳеч қандай саволга жавоб бермаслигини айтди.

UzGazOil ширкатида ишлайдиган Озодлик манбаси Бухоро вилоятидаги шохобчаларда оммавий қисқартиришлар бўлаётганини тасдиқлади:

UzGazOilнинг бутун Ўзбекистон бўйлаб барча шохобчаларида бўшатишлар давом этмоқда. Тошкент шаҳрининг ўзида ҳам кечанинг ўзида 50 киши ишдан бўшатилди. Текширишга тушган заправкаларнинг старшийси, унинг помошниги, сменний ишчилари ишдан кетяпти. Ҳаммасидан ўз ихтиёрим билан деган ариза ёздириб олиняпти. Бу тадбирларнинг ҳаммаси иши терговга тушган UzGazOil раҳбарларини оқлаш учун қилиняпти. Яъни ҳамма айбни пастдагиларга юклашмоқчи”, деди суҳбатдош.

Манбанинг айтишича, айни пайтда ўғирлаб сотилган бензиндан келиб тушган 2 миллиард сўмнинг ширкат идораларидаги сейфлардан топилгани тергов қилинмоқда:

Мен олган сўнгги маълумотларга кўра, бу ерда гап бир йил ичида еб юборилган 500 миллион АҚШ доллари ҳақида кетяпти. Бу қора бозор курси бўйича. Бу пулларнинг ушоғини балки ўша операторлар ҳам егандир. Лекин бу мизер. Асосан, ўғирлаб сотилган бензинни фойдасини юқоридагилар кўрган. Энди, айбни ўша операторларга қўйишмоқчи. Сен чек бермагансан ёки ўғирлик ҳақида хабар бермагансан, деб уларни бўйнига қўйиб ишдан бўшатишяпти”, дейди суҳбатдош.

Ҳам энидан, ҳам бўйидан

Озодлик манбасининг айтишича, бензин сотиш шохобчаларидаги касса аппаратларидаги камчиликлар майда ўғирликлар ҳисобланади:

Давлатнинг бензини сотилиши тўғри олиб борилган. Лекин бу ерда гап ўғирланган бензинни сотиш ҳақида бўляпти. Ўғирли кбензин алоҳида олиб келинган. Давлатнинг 80 маркали бензини 91 маркали бензин нрахида сотилган. Яъни булар ҳам энидан ҳам бўйидан уриб қолишган. Бу пуллар касса аппаратига киритилмасдан алоҳида сейфларда сақланган. Бу пуллар эса рейд давомида ошкор қилинган”, дейди суҳбатдош.

UzGazOil икки ҳафтада рентабел соҳага айланди

Манбага кўра, беш йилдан буён фойда бермаётган ширкат мана шу текширишлардан кейин катта фойда келтира бошлади:

Ўзбекнефтгаз компаниясининг 29 май куни бўлган мажлисида ҳам UzGazOilнинг норентабеллиги тўғрисида ҳам гапирилган эди. Норентабел бўлганининг сабаби шундаки, бунда давлатнинг бензини четга чиқариб қўйилиб, ўғирлик бензин сотилиб келган. UzGazOil бундан манфаат кўрмаган, давлатга пул келиб тушмаган. Ширкатнинг ҳисоб рақами бўшаб қолган эди. Хабарингиз бор, ишчиларга ойлик бериш чўзилиб кетди, мукофот ва квартал пуллари олиб ташланди, кейин секин-секин ойликлар камайтирилди. Мана орадан икки ҳафта ўтиб, UzGazOil энг яхши даромад келтирадиган 2010 йилдаги эски ҳолига қайтди. Энди пул давлатнинг чўнтагига тушяпти”, деди манба.

Манбанинг айтишича, айни пайтда ширкатда текшириш ишлари давом этмоқда:

Ширкат раҳбарига нисбатан жиноят иши очилган. Тергов давом этяпти. Раҳбарнинг соғлиғи ҳам яхши эмас, офисимиздаги дўхтирхонага ҳар куни икки-уч марта қатнаяпти. Айтишларича, биринчи июлда янги раҳбар тайинланади ва эски раҳбар командаси билан ишдан олиб ташланади. Лекин бу аниқ тасдиқланган гап эмас, ҳозирча”, деди Озодликнинг UzGazOilдаги ишончли манбаси.

"Давлат"га ўтиб¸ айниган UzGazOil...

UzGazOil корхонаси билан боғлиқ муаммолар илгари ҳам бир неча марта Озодликда ёритилган.

UzGazOil ишчиларни ноҳақ ишдан бўшатаётгани, ишчиларни кўп ишлатиб кам ҳақ бераётгани, кадрлар бўлими мулозимларининг янги ишга кираëтганлардан пора олаётгани ҳақида битилган шикоятларни Озодлик ўтган йилнинг сентябр ойида ўрганган эди.

UzGazOil Швейцарияда рўйхатга олиниб, фаолиятини Ўзбекистонда олиб борган “Зеромакс” ширкати таркибига кирарди.

2010 йилда UzGazOil асосан нефть, газ ва олтин қазиб олиш, қишлоқ хўжалиги ва текстил саноати билан шуғулланган “Зеромакс” таркибидан чиқарилиб давлат корхонасига айлантирилган.

Кузатувчиларга кўра¸ UzGazOil давлат тасарруфига ўтганидан кейин ширкатда коррупция аломатлари кўпайган.

UzGazOil ширкатидаги текширишлар МХХ генерали Ҳаёт Шарифхўжаевнинг ишдан олиниши ортидан бошланган эди. Озодлик манбалари, Ҳаёт Шарифхўжаев ва унинг укаси МХХ полковниги Жавдат Шарифхўжаевлар “акахонлик” қилиши ҳақида айтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG