Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:04

Блог: Фамилиянгиз нега хато ёзилган, жаноб депутат?


Мабодо cизнинг ҳам исм-шарифингиз паспортда хато ёзилмаганми?

Агар тўғри ёзилган бўлса, дўппингизни осмонга отинг, бахтли одам экансиз.

Бошпуртида исм-шарифи рисоладагидек, ўзбекча битилган одам кам топилади – кимнингдир исми, яна кимнингдир шарифига дахл қилинган.

Биласиз, совет замонидан қолган иллат бу.

Аниқроғи, паспорт столларида она тилини назар-писанд қилмай, “катта оға” тилида бийрон чулдираган ходиму ходимкалар жавлон урган замондан қолган иллат бу.

Коммунистлар салтанати қулаб, мустақил давлатда яшаётганимизга ҳам йигирма тўрт йил бўлди.

Салкам чорак аср!

Аттангки, ҳали-ҳамон “оёқда ёзилган” чулчитча исм-шарифлардан қутула олмаяпмиз.

Ҳужжат ўлгурдаги хатони тўғрилаш шунчалик қийинми?

Бу иш ечимсиз бошқотирма эмасдир-у, лекин хамирдан қил суғургандек осон битмаслиги ҳам аниқ.

Бирор серҳафсала одам чиқиб, исм-шарифидаги хатони тўғрилашга енг шимариб киришса ҳам унинг югургани... ФҲДЁгача бўлади.

Қанча қоғоз, қанча маълумотнома керак.

Югур-югуру асаббузарликларни айтмай қўяқолай.

Менимча, Ўзбекистондаги барча фуқароларнинг исм-шарифини ўзбек тили қоидаларига мослаш борасида махсус қонун қабул қилиш керак.

Ўзбекча исм-шарифлардаги саҳву хатолар ялписига тўғрилангани маъқул.

Демак, мамлакат қонунтузарлари – депутатлар ғайрат ва ташаббус кўрсатиши керак.

Лекин...

Лекин бу борада депутатларнинг ўзи ҳам ёрдамга муҳтож экан.

Бир маълумот қидириб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайтига кирдим.

Шу баҳона депутатларимиз рўйхати билан ҳам танишдим.

Ишонасизми, исм-шарифи ўзбек тили қоидалари бўйича хатосиз ёзилган депутатлар бармоқ билан санарли экан.

Аксар исм-шарифлар “эл қатори” – ўрисча талаффузга мослаб-хослаб битилган.

Ўзбек тили алфавитида “ы” ҳарфи йўқлиги маълум.

Аммо депутатларимиз исм-фамилияларида “катта оға” тилидаги ушбу ҳарф бот-бот кўзга ташланади (Абдукадыров Дониёр Хусанович, Насыров Джамол Шухратович).

Юмшатиш белгиси (ь), асли, она тилимиз табиатига тўғри келавермайди, аммо дуппа-дуруст ўзбекона исм-шарифларга ҳам “қадрдон” белги тиркаб юборилган (Худоярова Гульшана Бердиназаровна, Мирзаев Кахрамон Эльмуратович).

Ғафур, Ғаффор, Қаюм, Қодир, Лутфулла, Муҳаммад, Низомиддин, Салоҳиддин сингари табаррук маъноли исмлар ҳам таниб бўлмайдиган аҳволда (Саматов Улуғбек Гаффарович, Бафаев Шухрат Гафурович, Гаппоров Хайрилло Лутпиллаевич, Шадманов Алишер Каюмович, Мамаджанов Шухрат Муратович Хамракулов Абдуллажон Кадирович, Ғафурова Марҳабба Низамидиновна, Худайбергенов Салауатдин).

“Ў”, “қ”, “ғ”, “ҳ” сингари ўрис тилига “ўгай” ҳарфлар ҳам шартта оврўпача оҳангга солиб юборилган (Уролова Дилфуза Джумановна, Насиров Кабил Эркинович, Полванов Шухрат Тагаймуратович, Халбутаев Эркин Эргашевич, Артиков Бекзод Хатамович, Бутаев Уткир Умирович).

Мулойимгина “ж” ҳарфига ҳам ажнабийча тўн кийгизилган (Ширинов Джаҳонгир Джабборович, Ходжиев Иброхим Икрамович, Умаров Закир Сабирджанович, Таджиев Одилжон Патихджонович, Темирханова Бибисанем Таджибаевна, Умаров Нариман Маджитович).

Ваҳки, бундай мисолларни яна кўп келтириш мумкин.

Шуларнинг ўзи ҳам етади шекилли.

Депутатларимиз исм-шарифни соф ўзбекча ёзиш амалини энг аввал ўзларидан бошлашлари керакка ўхшайди.

Кейин, шояд, биз каби ҳафсаласизларга ҳам ғайрат битиб, исм-шарифимизни тўғрилашга киришсак...

Кудратходжа Турахаджаев

XS
SM
MD
LG