Линклар

“Исломий Давлат” жангарилари жума куни турли мамлакатларда ўтказилган ҳужумларда 280 чоғли одамнинг ёстиғини қуритди.

Хусусан, 26 июнь куни “Исломий Давлат” гуруҳи томонидан Тунисдаги пляжга қилинган ҳужумда 39 киши нобуд бўлган. Қурбонларнинг аксарияти британиялик ва германиялик сайёҳлар экани айтилмоқда.

Қувайтда эса кеча “Исломий давлат” мансуби бўлган худкуш кимса шиа масжидида жума намози чоғида ўзини портлатиб юборди. Маълумотларга кўра, бу тадҳиш (террор) амалиёти чоғида 27 киши ҳалок бўлган.

Шунингдек, жума куни Суриянинг Айн ал-Араб шаҳрида “Исломий Давлат” жангарилари 164 кишини ўлдирган. Сомалида эса Ислом номи билан жанг қилаётган жангарилар дастидан 50 дан зиёд одам ҳалок бўлган.

Номи қайд этилган мамлакатларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари жума куни амалга оширилган ҳужумлар орасида алоқа бор-йўқлигини текширмоқдалар. Аввалроқ “Исломий Давлат” мансублари Интернет орқали ўз тарафдорларини Рамазон ойида ҳужумларни кўпайтиришга чақирганди.

Айни пайтда бу гуруҳдан бўлмаган бошқа мусулмонларнинг аксарияти “Исломий Давлат”нинг бу чақириғи Рамазонга нисбатан ҳурматсизлик экани, бу ҳужумлар кўпчиликда Исломга нисбатан адоват уйғотиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқдалар.

26 июндаги ҳужум ортидан Тунис расмийлари зўравонликка ундов айблови билан бу мамлакатда 80 та масжидни ёпишга қарор қилди.

XS
SM
MD
LG