Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:31

Тунис ҳукумати жума кунги ҳужумлар ортидан 80та масжидни ёпмоқчи


Тунис ҳукумати 39 киши, жумладан, хорижлик сайёҳлар ўлимига сабаб бўлган жума кунги ҳужум ортидан мамлакатдаги саксонта масжидни ёпишга қарор қилди.

Тунис бош вазири Ҳабиб Эссиданинг таъкидлашича, ҳукумат назоратидан йироқда бўлган мазкур масжидлар “одамлар онгини заҳарлаб келган ва улар бир ҳафта ичида ёпилади”.

Туниснинг британиялик сайёҳлар орасида машҳур соҳилбўйи шаҳри Сусда жума куни номаълум қуроллилар шаҳридаги меҳмонхонага ҳужум қилган эди.

Тунис Ички ишлар вазирлигига кўра, Суснинг Ал Қантавий мавзесидаги “Imperial Marhaba” меҳмонхонаси пляжида содир этилган кечаги ҳужум оқибатида 39 киши ҳалок бўлган.

Мазкур ҳужумларга “Исломий давлат” масъулиятни зиммасига олди. ИД аввалроқ ўз тарафдорларини мусулмонлар учун муқаддас саналган Рамазон ойида ҳужумларни кучайтиришга чақирган эди.

Тунис полициясига кўра, ҳужумчи Калашников автоматини соябонга яширган ҳолда пляжга ўтиб, одамларга қарата узлуксиз ўқ ота бошлаган.

Жабрланганларнинг кўпчилиги британиялик ва германиялик сайёҳлар экани айтилмоқда.

Ҳужумчи шу ерни ўзида полиция тарафидан отиб ўлдирилган.

Март ойида Тунис пойтахтидаги қадимий экспонатларга бой "Бардо" музейига исломий жанггарилар ҳужум қилиб, бир гуруҳ хорижликни ўлдирганидан сўнг мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилган эди.

Қуроллилар автоматлар билан Тунис парламенти олдидаги музейга бостириб кириб, ичкаридаги одамларга қарата ўт очгандилар.

Ўшанда 21 одам , жумладан, Британия, Италия, Франция, Колумбия ва Япония фуқаролари ҳалок бўлганди.

Қонли жума

Жума куни Тунисдан ташқари Франция ва Қувайтда ҳам ўнлаб одам ўлимига сабаб бўлган террор ҳужумлари содир этилди.

Франция шарқидаги Сен-Кантен-Фаллавьё шаҳарчасида жойлашган АҚШга қарашли заводга номаълум шахслар ҳужум уюштирди.

Полиция исломий экстремистик гуруҳлар томонидан уюштирилганини тахмин қилаётган ҳужум чоғида сиқилган газ чиқарувчи заводдаги битта резервуар портлатилди, бир киши ўлди, икки киши жароҳатланди.

Франциядаги АҚШга қарашли заводга ҳужум қилган террорчилар танасидан кесиб олинган бошни завод дарвозасига илиб кетди.

Президент Франсуа Олланд буни "террор ҳужуми" деб атади. Воқеа чоғида Брюсселда Европа Иттифоқи саммитида иштирок этаётган президент ҳужумни уюштиришда гумон қилинган шахс қўлга олингани ва унинг 2006-2008 йиллар оралиғида махсус хизматлар кузатувида бўлганини маълум қилди.

Қувайтда эса худкуш кимса шиа масжидида жума намози чоғида ўзини портлатиб юборди. Ҳужум учун масъулиятни "Исломий давлат" зиммасига олди. Маълумотларга кўра, бу тадҳиш (террор) амалиёти чоғида 27 киши ҳалок бўлган.

Нефтга бой Қувайтда бундай портлашнинг рўй бериши муқаддам кузатилмаган ҳолдир.

Қувайт пойтахтидаги "Имоми Содиқ" масжиди маҳаллий шиалар орасида машҳур масжидлардан биридир.

Май ойида “Исломий давлат”нинг сунний жанггарилари Саудия Арабистонидаги шиа масжидларидан бирига ҳужум қилган эди.

Саудия Арабистонининг Шарқий вилоятидаги Имом Али шиа масжидида уюштирилган худкушлик ҳужумида 10 одам ҳалок бўлган.

Ўтган йил “Исломий Давлат”нинг раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий Cаудий сафдошларини шиалар масканларига ҳужум қилишга чақирганди.

XS
SM
MD
LG