Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:25

Ереванда таранглик кучайди


Шанбага ўтар кечаси Арманистон пойтахти Ереваннинг оммавий норозилик ўтаётган майдонида таранглик кучайиб кетди. Бунга электр нархлари ошишидан норози бўлиб кўчага чиққан минглаб намойишчи қаршисига полициянинг махсус топшириқлар бажарувчи отряди ташлангани сабаб бўлди.

Норозилик тадбири лидерлари Арманистон расмийларини, агар электр нархи ошишига қарши намойиш тинч ўтса, бу ерга ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини жойлаштирмасликка оид ваъдаларини бузганликда айбладилар.

27 июнь куни эрталаб полиция Ереваннинг Баграмян шоҳкўчасида норозилик намойиши иштирокчиларидан бирининг чодирини бузиб ташлади ва мусодара қилди. Бу каби ҳодисалар намойишчиларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

“Талончиликка йўл йўқ!” шиори остида бир ҳафтадан буён Ереванда давом этаётган норозилик намойиши Арманистондаги Ижтимоий хизмaтлaрни тaртибгa солувчи комиссия электр қуввати учун нархларни 16 фоизга оширганидан кейин бошланиб кетганди.

23 июнь куни полиция намойишни тарқатиш учун норозиларга қарши сувпуркар машиналар ва резина таёқларни ишга солганди. Бу талотумда намойишчиларга қарши куч қўлланилганига гувоҳ бўлган бир неча журналист ҳам жабрланганди.

Шу воқеадан кейин АҚШнинг Арманистондаги элчиси Ричард Миллз бўлиб ўтган воқеаларни “полиция томонидан қилинган зўравонлик”, деб баҳолади ва Ереван расмийларини холис ҳамда шаффоф тергов ўтказишга чақирди.

Бу орада Россия оммавий ахборот воситалари Арманистонда кузатилаётган воқеалар Украинадаги Майдон норозилигини эслатаётгани, яхшироқ разм солинса, Баграмян шоҳкўчасида “АҚШ Давлат департаменти изини кўриш мумкин”лиги ҳақида гапира бошлади.

Бунга изоҳ берган Ричард Миллз Қўшма Штатларнинг Еревандаги воқеаларга алоқасига оид иддаоларни тамоман рад этди.

- Мен ҳозир Ереван марказида кўраётганимиз манзара билан Украинада – Майдонда содир бўлган кураш ўртасида қандайдир ўхшашлик бор, деб ўйламайман. Ва АҚШ бу масалага мутлақо аралашган эмас. Ўзингиз қайд этганингиздек, бу жамият томонидан кутилмаган реакция бўлди. Бизнинг бу ерда дипломат ўлароқ ишимиз мазкур жараёнларни кузатиб туриш ва керак бўлган пайтда дўст сифатида овоз чиқариб туришимиздир, - деди АҚШнинг Арманистондаги элчиси Ричард Миллз бу мамлакатдаги марказий телеканалларидан бирига берган интервьюсида.

Америкалик дипломат 23 июндаги воқеадан кейин Арманистон расмийлари бу борада текширув бошлаганидан қониқиш изҳор қилди.

Бу орада Арманистон расмийлари томонидан ҳам норозилар билан мулоқот қилишга ҳаракатлар бўлиб турибди. Чунончи кеча Арманистон полицияси раҳбари Владимир Гаспарян қарийб ҳафтадан буён марказий шоҳкўчалардан бирини тўсиб турган норозиларни “ҳушёрлик намоён қилиш”га чақирди.

Полиция ва норозилар ўртасида “тирик қалқон” бўлиб турган Арманистон Миллий мажлиси депутатларига мурожаат қиларкан, Гаспарян улардан Баграмян шоҳкўчасини очишда ёрдам сўради. Полиция бошлиғи фикрича, бу каби норозиликлар шаҳар ҳаётини издан чиқармаслиги лозим.

XS
SM
MD
LG