Линклар

Грецияда 5 июль куни референдум ўтказиладиган бўлди


Греция Бош вазири Алексис Ципрас.

Греция Бош вазири Алексис Ципрас.

Греция парламенти мамлакатнинг яна қарз олиши ёки евро ҳудудидан чиқиши масаласида референдум ўтказиш бўйича ҳукумат таклифини қабул қилди. Парламент қарорига кўра, референдум 5 июль куни ўтказилади.

Мазкур масала юзасидан парламентда чиқиш қилган Греция Бош вазири Алексис Ципрас “Ишонаманки, грек халқи Европа Иттифоқи ва Халқаро валюта жамғармасининг ультиматумига кескин равишда “Йўқ”, деб жавоб беради”, деб айтди.

Ципраснинг фикрича, референдум ўтказилиши “Европани бўлиб ташлаш уриниши эмас, балки ҳақоратга жавоб”дир.

Греция Европа Иттифоқи ва Халқаро валюта жамғармаси билан 240 миллиард евролик қарзи бўйича музокаралар олиб бормоқда. Греция 240 миллиард қарзни узиш муддатини олти ойга узайтиришни сўрамоқда.

Халқаро кредиторлар эса Грециядан тежамкор иқтисодий чораларга қўл уришни талаб этмоқда.

Евро ҳудуди мамлакатлари Афинанинг референдум ўтказиш режасига салбий муносабатда бўлди ва грек ҳукуматининг мамлакатни 30 июндан сўнг инқироздан қутқариб қолиш дастурини кўриб чиқишни рад этган.

Греция 30 июнгача Халқаро валюта жамғармасига 1 миллиард 600 миллион евро миқдоридаги қарзини тўлаши керак. Мазкур қарзнинг тўланиши ортидан евро ҳудуди Грецияга янги қарз бермаса мамлакат иқтисоди хонавайрон бўлади.

XS
SM
MD
LG