Линклар

Самарқандда Қрим-Конго геморрагик безгаги юққани тахмин қилинаётган икки кишидан бирига ушбу ташҳис қўйилди. Геморрагик безгак ташҳиси билан Тошкентда шифохонага ётқизилган беморнинг аҳволи ҳозирда оғир экани айтилаяпти. Мутасаддиларга кўра, касаллик аниқланмаган иккинчи самарқандлик шифохонадан чиқарилган ва ҳозирда унинг соғлиги яхши баҳоланмоқда.

Тошкентда ўтказилган тиббий экспертиза натижаларига кўра, Самарқанднинг Каттақўрғон шаҳрида яшовчи фуқарога Қрим-Конго геморрагик безгаги ташҳиси қўйилди. Ўттиз ёшлардаги ушбу бемор геморрагик безгак юққан, деган тахмин билан июнь ойи бошида шифохонага ётқизилган эди.

Самарқанд соғлиқни сақлаш тизимидаги Озодлик манбасига кўра, пойтахт шифохоналаридан бирида даволанаётган каттақўрғонлик ҳозирда оғир аҳволда бўлиб, унга тиббий муолажа қилинмоқда.

Қрим-Конго геморрагик безгагига гумон қилиниб, Тошкентга тиббий текширишга жўнатилган иккинчи беморда эса бу касаллик аниқланмаган.

Озодлик манбасига кўра, Самарқанднинг Пайариқ туманидан бўлган ушбу бемор Тошкентдаги шифохонада 13 кун даволанган ва тиббий экспертиза натижаси ижобий чиққач, у шифохонадан чиқарилган:

"Ҳозирда унинг соғлиги ўта қониқарли. Нормал ҳаётга қайтди. Оила аъзолари ҳам тиббий текширувдан ўтказилди. Ҳеч бирида бу касаллик аниқланмади", деди самарқандлик манба.

Самарқанд соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозимларига кўра, сурункали оғир кечувчи, ўта хавфли касалликлардан саналадиган бруцеллёз юққан ўттиздан зиёд самарқандликнинг аҳволи ҳам бугунги кунда қониқарли баҳоланмоқда:

"Бруцеллёз юққан беморларнинг барчаси кенг кўламли тиббий текширувдан ўтказилди. Бирортасида касаллик оғирлашган ҳолати қайд қилинмади. Бу касалликнинг ногиронликка олиб келиш хавфи мавжуд. Лекин даволаш натижасида бирорта ҳам беморда ногиронликка ўтиш ҳолати кузатилмади", деди соғлиқни сақлаш тизими мулозимларидан бири.

Самарқанд соғлиқни сақлаш тизимидаги манбага кўра, бугунги кунда вилоятда чорва молларидан юқиш хавфи бўлган Қрим–Конго геморрагик иситма касаллиги, қутуриш, куйдирги, бруцеллёз ва оқсим (ящур) касалликлари билан боғлиқ вазият жиддий тус олган.

Жумладан, Самарқанднинг биргина Иштихон туманида ўн кишига бруцеллёз ташҳиси қўйилган.

Иштихонлик Жамил Казинскийнинг Озодликка айтишича, тоғасига ҳам бруцеллёз юққан:

- Тоғам яқинда Самарқандда инфекционний больницада даволаниб келди. Касал молдан бруцеллёз юққан. Оиласи билан даволаниб келди. Ҳар уч ойда бориб, кўрикдан ўтиб келиши керак экан. Тоғамнинг ўзига юққан. Оиласидагиларда энди бошланаяпти экан, уларни профилактика қилди. Лекин тоғамнинг ўзида бошланган. Самарқандга бориб бруцеллёздан даволаниб келди,- деди ўзини Жамил Казинский деб таништирган иштихонлик йигит Озодлик билан 15 июнь кунги суҳбатда.

Самарқанд соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозимларига кўра, вилоят бўйлаб профилактика ишлари февраль ойидан буён олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда деярли ҳар йили чорва молларидан хавфли касалликларнинг одамларга юқиш ҳолатлари қайд қилинади.

Ўтган йили Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида геморрагик безгак касалига чалинган бир бемор қайд этилди.

2013 йилнинг август ойида Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида геморрагик безгак касаллиги тарқалгани ва 10га яқин одам нобуд бўлгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG