Линклар

Ереванда минглаб намойишчи полиция огоҳлантирувини эътиборсиз қолдирди


Полиция огоҳлантирувига қарамай, Ереван марказида аксилҳукумат намойиши ўтказаётган минглаб киши тун бўйи Баграмян шоҳкўчасини тарк этмади.

Арманистон полицияси раҳбари Владимир Гаспарян 28 июнь оқшомида намойишчилардан шаҳар марказидаги шоҳкўчани тарк этиб, қўшни Озодлик майдонига кўчишни сўраганди. Гаспарян бунинг учун намойишчиларга ярим соат вақт берилиши, акс ҳолда полиция “жамоат тартибини тиклаш учун” ҳаракат бошлаши ва тартиббузарлар жазоланишини айтган.

Шундан сўнг намойишчиларнинг бир қисми шоҳкўчадан кетган, бироқ аксарият ўз жойида қолаверган. Озодлик мухбирларининг Ереван марказидан хабар қилишларича, норозилик акциясини давом эттираётганлар сони тақрибан 20 минг кишини ташкил этади.

Якшанба куни кечки соат 11 ларда полиция томонидан кутилган намойишни тарқатиш уриниши содир бўлмади.

Шанба куни Арманистон президенти Серж Саркисян мамлакат аҳолиси ва ташкилотлари учун 1 августдан электр ҳақини оширилган нархда тўлаш шарт эмаслигини эълон қилди.

Президентнинг расмий сайтида ёйинланган хабарга кўра, электр энергияси нархининг оширилиши қай даражада асосли эканини ўрганаётган “Арманистон электр тармоқлари” ташкилотининг аудит текширувлари тугагунича электрнинг янги ва эски тарифлари ўртасидаги фарқни ҳукумат ўз зиммасига олади.

Намойишчилар Саркисяннинг ушбу баёнотини ғалаба ўлароқ қабул қилишди, бироқ ундан тўла қониқмаганларини билдиришди. Норозилар ҳукуматдан электр нархи оширилиши ҳақидаги қарорни вақтинча музлатишни эмас, балки бутунлай бекор қилишни талаб қилмоқда.

Арманистон пойтахтида электр энергияси нархи оширилганига қарши норозилик намойишлари 19 июндан буён давом давом этаётир.

XS
SM
MD
LG