Линклар

АҚШ курдларнинг “Исломий Давлат”га қарши эришган ютуқларни олқишлади


Ироқдаги курд пешмерга жангчилари.

Ироқдаги курд пешмерга жангчилари.

23 июнь куни Обама маъмурияти Сурияда курдларнинг “Исломий Давлат”га қарши курашда эришган ютуқларни Ироқда жангарилар босиб олган ерларни қайтариб олиш учун намуна ўлароқ олқишлади.

Икки ҳафта аввал курд кучлари Сурияда ҳарбий базани ҳамда Туркия билан чегарага яқин жойлашган ҳамда “Исломий Давлат” учун маҳсулот ва ажнабий жангари олиб кириш йўли сифатида хизмат қилган муҳим шаҳарни қўлга киритди. Эндиликда курдлар “Исломий Давлат” маркази ҳисобланмиш Раққа шаҳрига яқин ерларни эгаллаб бормоқда. 23 июнь куни улар Раққадан атиги 50 километр масофада жойлашган Айн Исса шаҳрини жангарилардан қайтариб олдилар.

“Исломий Давлат”га қарши АҚШ ҳаво ҳужумлари ва маълумот бўлишиш орқали эришилган ютуқлар жангарилар Сурия ва Ироқнинг бошқа ҳудудларида қўлга киритган ютуқлар кетидан рўй берди. Шу йилнинг баҳорида Рамадий шаҳри Ироқ қўшинлари шаҳарни тарк этиши ортидан жангарилар қўлига ўтди.

Курд жангчилари шимолий Ироқ ва Сурияда эришган ютуқларга қуруқликдаги қўшинлар билан бир йилдан бери давом этиб келаётган ҳаво ҳужумлари мувофиқлиги сабаб бўлгани айтилмоқда.

Оқ Уй матбуот котиби Жош Эрнест: “Ўйлайманки, бу АҚШ учун жанг майдонида ИШИД билан курашадиган моҳир, иштиёқли ва самарали ҳамкорга эга бўлиш ўта муҳим эканлигини кўрсатади”, деди. Бу билан котиб америкалик айрим ҳарбий қўмондонларнинг Ироқдаги аскарларнинг жанг қилиш иштиёқи ҳақидаги хавотирларига шама қилди.

Эрнест курдлар эришган ютуқларга Вашингтон ўтган йили Туркияни АҚШ қуроллаган курд пешмерга жангчиларини суриялик курдларга Кобани шаҳрини жангарилардан қайтариб олишга ёрдам бериш учун чегарадан ўтказиб юборишга кўндириш орқали қисман ҳисса қўшганини айтди. Кобани шаҳрини қўлдан бой бериш “Исломий Давлат” учун катта мағлубият бўлган эди.

Курдлар ҳам Сурияда, ҳам шимолий Ироқда “Исломий Давлат”га қарши кучли рақиб сифатида бирлашган бўлса-да, Суриянинг бошқа ҳудудларида Вашингтон олдида рақиб шиа ва сунний арабларни бирлашиб жанг қилишга ундашдек мушкул вазифа турибди. Бундан ташқари, эронлик жангчилар ҳамда маслаҳатчилар ҳам эътиборга олиниши керак.

Эрнестнинг айтишича, АҚШ Ироқ ҳарбийларини кучайтиришдек “қийин ишга” жуда кўп ресурс ажратмоқда. Эрнест яна курдлар яшайдиган ерларда эришилган ижобий натижалар “ўша қийин иш нима учун муҳим эканлигини” кўрсатишини айтди.

Пентагон ва курдларнинг матбуот котиби бу сафар Раққага ҳужум уюштирилиши мумкинлиги ёки йўқлиги ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

Пентагон матбуот котиби полковник Стив Уоррен: “Биз кейинги режаларимиз қандай эканлигини очиқламаймиз. Табиийки, асосий мақсадимиз ИШИДни бутунлай ҳайдаб чиқариш”, деди.

АҚШ расмийлари курд кучлари эришган позицияларини мустаҳкамлашлари учун вақт кераклигини, “Исломий Давлат” муваффақиятсизликдан кейин тезкорлик билан қайта тикланишини қўшимча қилишди.

Америкалик манба Reuters агентлиги билан қилган суҳбати давомида: “ИШИД бардошли куч бўлиб чиқди. Гуруҳ мағлубиятга жавобан бошқа ерларда ҳужум уюштириб келади”, деди.

Уоррен курд жангчиларининг Раққа ва Туркия ўртасидаги йўлни босиб олиши “Исломий Давлат” эгаллаб олган ерларга қурол ва чет эллик жангариларни олиб боришни мушкуллаштиришини айтди.

Аммо АҚШ расмийлари жангари гуруҳда бошқа йўллар ҳам борлигини, гуруҳ ҳали иҳоталаниб қолиш хавфига дуч келмаганини билдиришди.

Ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбек тилига ўгирилди.

XS
SM
MD
LG