Линклар

Фарғонанинг Учкўпригида ҳокимият аҳолининг электр ва газ муаммосини ҳал этиш талабларини бажаришга ваъда берди


Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани ҳокимлиги маҳаллий аҳолининг газ ва электр тақчиллиги муаммосини ҳал этиш талабларини бажарди.

Бу вазиятга аралашган Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари Альянсининг хабар қилишча, 27 июнь куни Учкўприк аҳолиси ва Альянс вакиллари газ ва электр тақчиллигига норозилик ўлароқ тумандан ўтадиган йирик йўл трассасини тўсиб қўйиш акцияси ўтказилишини эълон қилиши ортидан расмийлар аҳоли талабларига кўнган.

Альянс тарқатган қисқача хабарномага кўра, норозилар Учкўприк аҳолисини газ ва электр билан таъминлаб бера олмаётган туман ҳокими Муҳаммаджон Деҳқоновнинг бедодликлари тугатилишини талаб қилган. Бундан ташқари ҳоким учкўприклик фаол Валиқўзи Қорабоевга тегишли боғни ноқонуний тарзда тортиб олиб, пахта экиш учун фермерга бериб юборгани, норозилар шу ерни қайтиб беришни талаб этгани ҳам айтилади хабарда.

Альянснинг билдиришича, 27 июнь куни эрталаб туман ҳокимлиги маҳаллий аҳоли ва ҳуқуқ фаолларининг талабларини бажаришга рози бўлган. Хусусан, туманда электр таъминоти тикланган ва яқин кунларда суйилтирилган газ олиб келинишини таъминлаш ваъда қилинган.

Фаол Қорабоевнинг ери жорий йил пахта йиғим-терим мавсумидан кейин қайтиб берилиши ваъда қилинган.

Ўзбекистонда газ ва электр тақчиллиги сурункали муаммога айланган. Мамлакат аҳолисининг катта қисмига электр қуввати кунига бир неча соат узатилади ва кўплаб туман ва қишлоқларда газ таъминоти деярли тўхтаб қолган.

XS
SM
MD
LG