Линклар

Европа Комиссияси Грецияга янги таклифи йўқлигини билдирди


Грециянинг евроҳудуддан чиқиш эҳтимоли ошиб бормоқда.

Грециянинг евроҳудуддан чиқиш эҳтимоли ошиб бормоқда.

Европа Комиссияси президенти Жан-Клод Юнкер Грецияда дефолт ва мамлакатнинг евроҳудуддан эҳтимолий чиқиши олдини олиш бўйича янги таклифи йўқлигини билдирди.

29 июнь куни Брюсселда журналистлар олдида қилган чиқишида Юнкер Греция ҳукуматининг мамлакат иқтисодини қутқариш бўйича халқаро таклифни қабул қилиш масаласини референдумга олиб чиқиш қароридан ўзини “алдангандек” ҳис қилаётганини баён қилди.

У грецияликларни 5 июль куни ўтказиладиган референдумда қутқарув режасига “ҳа”, деб овоз беришга чақирди.

“Кимдир ўлимдан қўрққани учун ўз жонига қасд қилиши нотўғри бўлади”, деди Юнкер. “Йўқ”, деб овоз бериш Европага рад жавоби бўлади, дея қўшимча қилди ЕИ расмийси.

Германия Канцлери Ангела Меркель 29 июнь куни юзага келган вазиятда “муроса” топилишига умид билдирди. “Агар евро касодга учраса, Европа касодга учрайди”, деди Меркель Берлинда қилган чиқишида.

Афина Халқаро валюта жамғармасидан олинган 1,7 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги қарзини ёпиш муҳлати 30 июнь куни тугайди. Греция қарзини тўлай олмаслиги ва евроҳудуддан чиқиши эҳтимоли ошиб бораётгани боис 29 июнь куни Европа ва Осиёдаги молиявий бозорларда кўрсаткичлар кескин тушиб кетди.

28 июнь куни Греция Бош вазири Алексис Ципрас мамлакат банклари камида олти кунга ёпилишини эълон қилди. У шунингдек, кредиторлардан қарзни ёпиш муҳлатини узайтиришни сўраш ниятини билдирди.

XS
SM
MD
LG