Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:12

Россия ҳукумати давлат телеканалларига қўшимча 7 млрд рубль ажратади


State Duma
State Duma

Россия ҳукумати “Биринчи канал” ва “Россия” телеканалига 7 миллиард рубль миқдорида қўшимча пул ажратади. Бюджетдан ажратилажак маблағ россияликларга оламда содир этилаётган ҳодисаларни “объектив” тарзда ёритишга кўмаклашиши зарурлиги айтилди.

Россия парламенти Бутунроссия давлат телерадиокомпанияси (ВГТРК) ва “Биринчи канал” мухбирлик бюроларига қўшимча етти миллиард рубль (~126,5 млн. АҚШ доллари) миқдорида пул ажратишга розилик берди.

Бунча маблағ ажратиш заруратини Думанинг Ахборот сиёсати бўйича қўмитаси раҳбари Леонид Левин “рубльнинг қадрсизланиши ва реклама бозорининг касодга учрагани” билан изоҳлади. У россияликлар “нафақат мамлакат, балки оламда содир бўлаётган ҳодисалар тўғрисида объектив тасаввурга эга бўлиши” зарурлигини маълум қилди.

Россия молия вазири Антон Силуанов душанба куни Давлат Думасининг йиғилишида Путин ҳукумати парламент ташаббусини қўллаб-қувватлашини айтди. Ваҳоланки, йил бошида бюджет жиддий муаммога дуч келаётганини билдирган Бош вазир Дмитрий Медведев 2015 йилда барча федерал ҳукумат идораларини молиялаш 10 фоизга камайтирилганини маълум қилган эди. Бироқ РБК хабарича, айрим давлат идоралари бошқалардан кўпроқ маблағ олгани аниқланди. Улар жумласида Россия давлат оммавий ахборот воситалари ҳам бор.

Келтирилган маълумотларда айтилишича, ТАСС ахборот агентлиги жиддий тақчилликка учраган давлат бюджетидан 2,5 миллиард рубльдан ортиқ маблағ олган. Кремль буни Россия давлат сиёсати ва жамоатчилик ҳаётига оид маълумотларни ёритиш зарурати билан изоҳлади.

Жорий йил давомида Россияда давлат сиёсатини қўллаётган оммавий ахборот воситаларига жами 72,5 миллиард рубль ажратилгани хабар қилинган эди.

Айни пайтда бюджет соҳаси ишчилари сонининг кескин камайтирилиши Россиянинг айрим минтақаларида аҳолининг норозилигини келтириб чиқармоқда. Жумладан, 29 июнь куни Екатеринбург шаҳрида Урал Федерал университети ўқитувчилари сонини 800 кишига камайтирилиши ва ўқув соатлари ҳажми 900дан 1500гача кўтарилиши профессор-ўқитувчилар норозилик акциясига сабаб бўлди.

XS
SM
MD
LG