Линклар

logo-print

Украинанинг россияпараст президенти Виктор Янукович 2014 йилнинг февраль ойида ҳокимиятдан ағдарилиши ва Украина конфликт ҳамда парчаланиш исканжасида қолиши ортидан Кремль ўзининг матбуот машинасини ишга солиб, ҳаммани ҳайратда қолдирди.

Содир бўлган ҳодисаларнинг Москва версияси телевидение, радио ва босма матбуотда бир қатор мамлакатда, бир неча тилда ёйинланди.

Бу манбаларнинг воқеа-ҳодисаларни танлаб-танлаб ёритиши айримларда Украина бўҳрони юзасидан ғарб ёки рус матбуоти рост сўзлаётганига шубҳа уйғотди.

Кремлнинг кўзқараши таъсири остида қолиши аниқ бўлган ҳудуд беш собиқ совет мамлакатини ўз ичига олувчи Марказий Осиёдир.

Озодлик радиоси туркман хизмати Россиянинг Марказий Осиёда юмшоқ куч ишлатиши, бу ишнинг қанчалик самарали ва давомли эканини муҳокама қилиш учун давра суҳбати уюштирди.

Озодлик радиоси туркман хизмати директори Муҳаммад Тоҳир давра суҳбатига етакчилик қилди. Суҳбатда яна Қирғизистон парламенти аъзоси Равшан Жеенбеков, Ўрта Осиё ҳақида кўплаб мақола муаллифи Кейси Михель ҳамда глазголик практикант Бредли Жардин иштирок этдилар.

Мен ҳам ўз қарашларим билан бўлишдим.

Бозорнинг тўйингани

Табиийки, Россия ўз фикрларини Марказий Осиё халқларига етказиб беришда устунликларга эга. Ҳудуд XIX асрнинг охиридан бошлаб руслар таъсири остида бўлган. Бундан ташқари, минтақа мамлакатлари 25 йил аввал мустақилликка эришган бўлишига қарамасдан, кўплаб осиёлик рус тилида гапиради ва рус маданиятини яхши билади.

Кейинги йилларда бўлса миллионлаб марказий осиёлик Россияга ишлаш учун бориб, рус тилини қўллашга мажбур бўлиб келмоқда. Бундан ташқари, Марказий Осиёда ҳали ҳам бир неча миллион этник руслар истиқомат қилади.

1991 йилдан бери улар ҳудудда рус тилидаги теле ва радиоканаллари фаолият юритишда давом этишига ўз ҳиссаларини қўшиб келадилар. Михель Россия ҳукумати янги Спутник янгиликлар агентлигини ушбу имкониятлардан фойдаланиш учун ишга туширганини айтди.

Айниқса, Қирғизистон ва Тожикистонда маҳаллий журналистлар, жуда иқтидорли журналистлар, малакали журналистлар кейинги пайтда Спутникка ўтиб кетди. Спутник бўлса Кремль чизиғидан чиқмайди”, деди Михель.

Жардин “Қозоғистондаги аксар кабель ТВ пакетлари рус каналларини ўз ичига олади... Қозоғистондаги фаоллар буни “зомби қути” деб атайдилар. Бу каналлар Кремль ғояларини илгари суради”, деб фикр билдирди.

Жардин Россия ўз қарашларини халқ орасида тарғиб қилиш учун телевидение билан чекланмаётганини қўшимча қилди:

Қозоғистонда Россия ўз режаларини амалга ошириш ва ўз маданий таъсирини кенгайтириш учун учун жуда кўп рус ижтимоий тармоқларидан фойдаланади. … Масалан, Мой мир энг машҳур ижтимоий тармоқ; уларда яна ВКонтакте бор. Яна Одноклассники дегани ҳам бор”.

Ғалаба ёки мағлубият?

Михель юқорида айтиб ўтилганларнинг бир натижасини айтиб ўтди:

Яқинда бир ижтимоий сўровга кўзим тушди… аксил-америка ва аксил-ғарб қарашлар кўрсатилган Галлап сўрови эди. Бутун дунё бўйича ғарб, айниқса, Америка ҳақида қарашлар энг кўп тушиб кетган мамлакат Қозоғистон экан. … Тожикистон бўлса илк бешликка киритилган. Менимча, бу Москва кейинги пайтда ишга солаётган юмшоқ куч самарасидан қисман далолат беради”.

Жеенбеков Россия Марказий Осиёда, айниқса, Қирғизистонда катта таъсир кўрсатишини тан олди. Аммо, у Россиянинг юмшоқ кучи Қирғизистонда самарасиз бўлганини айтди.

Жеенбеков: “Россия Марказий Осиёда юмшоқ куч ишлатиш бўйича ғарб ёки АҚШга тақлид қилимоқчи. Айниқса, Қирғизистонда улар маданият, матбуот, таълим бўйича айрим лойиҳаларни амалга оширишни истаган эдилар; аммо мен ўз мақсадларига эриша олмаганларини ва муваффақиятсизликка учраганларини биламан”, дейди.

Қирғизистонлик депутат: “Россия ҳукумати Қирғизистонда қирғиз сиёсатчилар, қирғиз сиёсий партиялар ҳамда Қирғизистон ҳукуматига пора бериш орқали иш олиб боради ва юмшоқ куч ишлатиш ўрнига тарғибот, порахўрлик ва энергия соҳасида босим ўтказиш орқали Қирғизистонда ўз муаммоларини ҳал қилади”, деди.

Ҳар қандай ички ёки ташқи манба учун тарихий, жумладан, тил ришталари, Марказий Осиё матбуотидан фойдаланиш имконияти ва Жеенбеков иддао қилган тактикаларни ёриб ўтиш мушкул.

Аммо бошқалар ҳаракат қилмоқда – булар орасида менинг ҳам ташкилотим бор.

Аммо бундай қилиш осон эмаслиги аён. Жардин: "Ғарб озгина пассив бўлиб қолган ва ўзининг кўнгилочар индустрияси самарали дипломатия ўрнини боса олади, деб ҳисоблайди”, деди.

Жеенбеков Россиянинг юмшоқ куч ишлатиш стратегияси вақтинча экани ва Кремлда узоқ муддатга мўлжалланган режа йўқ, деди.

Ғарбнинг “ўта юмшоқ” кучи

Давра суҳбати давомида Кремль бошқарувидаги матбуот факт, қараш ва ҳатто ёлғонлиги аниқ маълумотларни қориштириб бир бутун қилиб тақдим қилишни яхши ўргангани айтилди. Бу стратегия Марказий Осиёда ва бошқа ерларда ўз самарини бермоқда.

Михель бу нарса ғарб мамлакатларида Москванинг юмшоқ кучи билан қандай курашиш кераклиги ҳақида баҳс-мунозарага олиб келаётганини айтди:

Айримлар RT ёки бошқа рус каналларини бутунлай ман қилиш керакми ёки йўқлигини муҳокама қилмоқда. “Россия матбуотига ўхшаб омма фикрига таъсир кўрсатувчи ва турли методлардан фойдаланувчи ўз ғарбий янгиликлар ташкилотимизни яратсак бўлмайдими?” деганлар ҳам бўлди”, деди Михель.

Суҳбат давомида Россия Марказий Осиёда ўз қарашларини илгари суришда эришган муваффақиятга ғарб ҳарбийларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши ва бунинг кетидан ғарбнинг минтақага бўлган қизиқиши озайиши ҳам сабаб бўлган, деган фикр ҳам ўртага ташланди.

Бундан ташқари, Россиянинг янги рақиб бўлмиш Хитой ҳақидаги хавотирлари ҳам роль ўйнаётгани айтилди. Хитойнинг Марказий Осиёдаги таъсири борган сари кенгайиб бормоқда.

Ҳозирги вазият узоқ пайт сақланиб қолиши эҳтимолдан холи. Янги ўзгаришлар бошқалар учун ҳам юмшоқ куч орқали таъсир кўрсатиш имконини яратади.

Ҳозирча, Михельнинг таклифи Россия юмшоқ кучи билан курашишнинг энг мақбул йўли, десак бўлади:

Масъулиятли журналист нима қилади? Фактларни текширади, манбаларни текширади, маълумотни қаердан олаётганини текширади, кейин у бу маълумотни ўқувчи, эшитувчи ёки томошабинга бетараф оҳангда тақдим қилади. Россия матбуоти аниқ амал қилмайдиган нарсаларнинг бири айнан шу ва бундан Россия матбуоти кейинчалик жабр кўради”.

Брюс Панниер мақоласини Нодир Атаев ўзбекчага ўгирди

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG