Линклар

logo-print

Феназепам таблеткаси билан божхонада тўхтатилган Россия фуқаросини маҳаллий бухороликлар уйига жойлаштирди. Ўзбекистонда тақиқланганини билмай, бу таблеткани олиб юрган Фаина Нестерова буни тинчлантирувчи восита сифатида ичишини айтмоқда. "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" ширкати тақиқланган препаратлар рўйхати Давлат Божхона қўмитаси сайтида эълон қилинганини айтмоқда.

Бухоро Божхона хизмати ходимлари шу йилнинг 27 июнида ўз юртига қайтаётган россиялик сайёҳ Фаина Нестеровани учоқдан тушириб қолдирди.

У россиялик журналистларга берган интервьюсида ушланишига аэропортнинг чегара ходимлари ундан 7 дона феназепам таблеткасини аниқлагани сабаб бўлганини айтди.

- Мен Ўзбекистонга 2 кунга сайёҳлик мақсадида келган эдим. Москвага учиб кетаётган куни кечки пайт божхоначилар менинг сумкамдан тинчлантирувчи дори – феназепамни топди. Уларда бу таблеткалар тақиқланган экан, мен билмаган эдим. Нарсаларим самолет билан багажда Москвага юборилди, мен эса битта сумкача ва кийимсиз, паспортсиз пулсиз ташқарига чиқариб юборишди. “Кутинг, тергов-суд бўлади”, дейишди. Қачон бўлишини билмайман. Аллақандай ҳужжатларга қўл қўйдиришди, ўзбек тилида экан улар. Кўчада қолганимни кўриб, маҳаллий фуқаролар ўз уйига таклиф қилишди. Уй эгаси кийим, тиш ювгич-совун берди, - дейди ҳозирча унга нотаниш бўлган бухороликларникида яшаётганини айтган Фаина Нестерова.

Паспорти олиб қўйилган россиялик аёл ҳужжатсиз Бухоро меҳмонхонасига жойлаша олмагани, ҳатто Россиядан яқинлари юборган пулни оломаётганини маълум қилди.

Фаина Москвада яшаётган қизи билан суҳбатлашгани ва кечиккани учун уни иш жойидан бўшатиб юборишлари мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилганини қўшимча қилди.

Озодлик сўровига Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида Нестерова иши юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига махсус мурожаатнома тайёрланаётганини билдиришди.

- Ҳақиқатан, жорий йилнинг 27 июнида Ўзбекистон Чегара хизмати Россия фуқароси Фаина Нестеровага Москвага Бухородан учиб кетишга рухсат бермаган. Божхона текширувидан ўтаётганида унда феназепам препарати топилган. Бу можаро тўғрисида хабар топган элчихона Фаина Нестеровани Россияга қайтариш учун барча имкониятларни ишга солди. Жумладан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига махсус мурожаатнома юбордик. Ишонамизки, бу тушунмовчилик яқин кунларда ҳал этилади, деди Россиянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот атташеси Дмитрий Петров.

Элчихона вакили вазият консуллик назорати остида экани, Нестеровага зарур бўлган барча моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилишини билдирди.

Аниқланишича, психотроп ва наркотик моддага эга феназепам Россия дорихоналарида фақат врач ёзиб берган махсус дори қоғоз асосида берилар экан.

Озодлик сайёҳ Фаина Нестерова ҳолатига тушаётган бошқа муҳожирлар ҳам борлигини аниқлади.

Тошкентдаги “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” авиакомпаниясида сўровимизга Ўзбекистонда тақиқланган дори-дармон рўйхати доимий равишда янгиланиб туриши, шу боис уни ширкат расмий сайтида эълон қилишнинг ҳожати қолмаётганини тушунтиришди. Ўзини Сарвар деб таништирган авиаташувчи расмий ходими бу масалада шикоят қилаётган фуқаролар кўп, дейди:

- Аэропортнинг божхона хизматида рўйхат бўлади. Улар уни доимий равишда янгилаб боради, шу сабабли уни чоп этишда сайтимизда ҳожат йўқ. Бизга ҳам кўп мурожаат қилишади “Нима учун осиб қўймайсизлар? Бизлар фойдаланамиз, қийналяпмиз-ку!”, деб. Лекин, бугун берган рўйхат эртага ўзгариб кетяпти! Биз фармацевт эмасмиз, қайси важ билан улар у ёки бу препаратни тақиқлашини ўзимиз ҳам билмаймиз, дейди Тошкент аэропорти ходими Сарвар.

Озодлик бу масалада Ўзбекистон Республикаси Божхонахизматидан жавоб ололмаган бўлсада, идора расмий сайтида “Ўзбекистон Республикасида айирбошлаш тақиқланган психотроп воситалар рўйхати” борлигини аниқлади.

Бу рўйхатда келтирилган наркотик таъсирга эга дорилар орасида 64 рақамда феназепам ҳам борлигини кўриш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG