Линклар

Ўзбекистонда сиқувга олинган туризм босимга учрамоқда


156 минг сайёҳ Ўзбекистондек тарихий обидалари кўп мамлакат учун жуда кичик рақам, дейди мутахассислар.

156 минг сайёҳ Ўзбекистондек тарихий обидалари кўп мамлакат учун жуда кичик рақам, дейди мутахассислар.

“Ўзбектуризм” миллий шикати хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият олиб борувчи 22 фирманинг лицензиясини вақтинча тўхтатиш сўрови билан Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилди. Давлатга қарашли ширкат 30 июнь куни эълон қилган хабарномада айтилишича, чора кўрилиши сўралаётган турфирмалар Ўзбекистонга келаётган ҳар бир сайёҳдан ундириладиган туристик йиғимни “Ўзбектуризм”га вақтида тўламай келган. Айни хабарда турфирмаларнинг бирига доир лицензия аллақачон тўхтатилгани ҳам маълум этилган. Давлатга қарашли идора ташаббуси Ўзбекистон президентининг хусусий тадбиркорликни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қарори кучга киришдан бир кун олдин эълон қилинди.


“Ўзбектуризм” миллий ширкати 30 июнь куни эълон қилган хабарномада Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил, 10 октябрдаги 288-сонли қарори “талабларини бузганлиги” учун “BO’STON TURIZM SERVIS” масъулияти чекланган жамиятнинг лицензияси тўхтатиб қўйилгани билдирилди. Хусусан, бузилган талаблар лицензия келишувининг сайёҳлардан давлатга қарашли “Ўзбектуризм” ширкати фойдасига туристик йиғимлар ундириб бериш қисмига доир экани айтилади билдиршномада.

Сайёҳлик соҳаси учун мутасадди давлат идораси айни талабларга риоя қилмаётган яна 22та ширкатнинг лицензиясини тўхтатиш таклифи Вазирлар Маҳкамасига юборилганидан ҳам огоҳлатирди. Хабарномага Ўзбекистоннинг турли вилоятларида сайёҳлик соҳасида фаолият юритувчи ширкатлар рўйхати ҳам илова қилинган.

“Ўзбектуризм” идорасининг ўзини Абдулазиз, деб таништирган мутасаддиси, лицензияси вақтинча тўхтатилган “BO’STON TURIZM SERVIS” ҳамда чора кўриш таклиф этилаётган 22 фирма мутазам равишда лицензия талабларини бажармай келаётгани боис, шундай чора кўришга қарор қилинганини айтади Озодлик билан суҳбатда.

“Булар туризм соҳаси субъектлари сифатида лицензия шартномасига қўл қўйишган. Асосан меҳмонхона хўжаликларидир. Улар қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистонга келаётган ҳар бир хориж фуқаросидан туристик йиғим тўлашлари керак. Шуни тўламай келишган. Ҳаммасини ўз вақтида огоҳлантирганмиз, огоҳлантириш хатларини жўнатганмиз. Бу чоранинг ҳозир кўрилаётгани туристик оқим пасайган пайтга тўғри келяпти, бу уларнинг фойдасига. Лекин улар лицензия шартномасига қўл қўйишган ва ҳар бир хориж фуқароси учун кейинги ойнинг 10 санасигача туристик йиғим тўлайман, деган мажбуриятни бўйнига олишган”, дейди “Ўзбектуризм” мулозими.

"5-10 йил аввал Бухоро, Самарқанд кўчаларида йилнинг исталган пайтида хорижликларни учратиш мумкин эди"

"5-10 йил аввал Бухоро, Самарқанд кўчаларида йилнинг исталган пайтида хорижликларни учратиш мумкин эди"

Давлат идораси вакили ширкатлар аввалдан огоҳлантирилганини таъкидлаётганига қарамасадан, лицензияси вақтинча тўхатилган “BO’STON TURIZM SERVIS” фирмаси раҳбари Матлаб Ҳазратқулов бундан хабари йўқлигини айтди. Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, фирма директори ҳатто лицензияси вақтинча бекор қилинганидан ҳам бехабар эканини билдирди.

“Лицензиямиз тўхтатилибдими? Қачон тўхтатилибди? Бўлмасам суриштириб кўришимиз керак эканда. Лекин менинг бунда хабарим йўқ. Мен коммандировкада эдим”, деди турфирма директори.

Номлари “Ўзбектуризм” қора рўйхатига тушган 22 фирмадан бирининг ходими ҳам бундай огоҳлантирув олинмагани, умуман фирманинг лицензияси бекор бўлиши мумкинлигига доир хабарни Озодлик мухбиридан эшитиб, хавотирга тушганини яширмади.

“Йўқ, биз туристик йиғимларни вақтида тўлаб боряпмизку. Нега бизнинг лицензияни бекор қилишади?” дея саволга савол билан жавоб берди фирма вакили.

Вазирлик мақомига эга “Ўзбектуризм” мулозими Вазирлар Маҳкамасига киритилган рўйхатдаги фирмалар тегишли тўловларни яқин орада тўлаб қўйсалар лицензияларига дахл қилинмаслигини билдирди.

Вазирлар Маҳкамасининг 288-сонли қарорида “туристик йиғим фақат сайёҳларни жойлаштириш хизматлари кўрсатувчи ва туристик фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган туристик фаолият субъектларидан яшалган ҳар бир кун учун 2 АҚШ долларига тенг миқдорда ундирилади”, дейилган.

“Ўзбектуризм” вакили 22 фирма жами қанча миқдорда туристик йиғимни давлатга тўламагани тўғрисида аниқ маълумот бера олмаслиги, лекин гап катта сумма ҳақида кетаётганини билдирди.

Ўзбекистон туризм соҳаси учун мутасадди давлат идорасининг хусусий турфирмаларга босими президентнинг мамлакатдаги хусусий тадбиркорликни ҳимоя қилишга қаратилган қарори эълон қилинган пайтга тўғри келмоқда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 15 май куни имзолаган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони 1 июлдан кучга кириши кутилмоқда.

Мазкур фармон кучга кириши биланоқ, хусусан, “микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилиши” белгилаб қўйилган.

Лекин Озодлик билан шахси сир қолиши шарти билан гапирган хусусий турфирма вакили вазирлик мақомига эга “Ўзбектуризм”нинг ўз тасарруфидаги тадбиркорларни бундай сиқувга олиши президент фармони хусусий бизнесни ҳимоя қила олишини шубҳа остига олади, деган фикрларни билдирди.

“Ўзи Ўзбекистонда туризм соҳаси ҳаминқадар аҳволда бўлса, бу соҳани ривожалнтириш керак, фалон чора-тадбир қилдик, туристик соҳаси субъектларига енгиллик берамиз, деган қуруқ гаплардан нарига ўтилмаяпти бизда. Ҳозир хорижий сайёҳлар оқими йилдан-йилга камайиб бормоқда. Масалан, 5-10 йил аввалги билан солиштирсак, бир неча баробарга камайганини кўриш мумкин. Авваллари Бухоро, Самарқанд кўчаларида йилнинг исталган пайтида хорижликларни учратиш мумкин эди. Масалан, жорий йилда бизга асосан ўзбекистонлик сайёҳлар келишди. Кейин Қозоғистондан ҳам туристлар бўлди. Лекин узоқ хориждан сайёҳ жуда кам бўлди. Ўзбекистонда сайёҳлар кўрадиган жойлар жуда кўп, яъни потенциал катта, лекин бу потенциални амалга ошириш ўрнига уни йўққа чиқариш ҳаракатлари бўляпти холос”, дейди “Ўзбектуризм” қора рўйхатига тушган фирмалардан бирининг вакили.

“Ўзбектуризм” маълумотларига кўра, 2014 йилда Ўзбекистонга 156 мингга яқин саёҳ келган. Сайёҳлик соҳаси мутахассислари фикрича, тарихий обидаларга бой Ўзбекистондек мамлакат учун бу жуда кичик рақамдир.

Солиштириш учун, Францияни йилига 85 миллион нафар хорижлик сайёҳ зиёрат қилади. Бу сайёҳлар ўз ташрифи давомида Францияга 60 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул ташлаб кетишади.

XS
SM
MD
LG