Линклар

Тожикистонда масжид пулини ўмарган эронлик халқаро қидирувга берилди


Душанбеда қурилаётган жомеъ масжиди макети.

Душанбеда қурилаётган жомеъ масжиди макети.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатда энг йирик масжид қурилиши билан шуғулланаётган “СОБ” ширкати раҳбари, Эрон Ислом Республикаси фуқароси Шоиста Ғуломризоийни қидирувга берди.

Эронлик тадбиркор қўлида ишлаган 20 кишига уч ойлик маошини бермасдан Тожикистондан қочиб кетгани айтилмоқда.

Ҳозирда Тожикистон ИИВ қурувчилар шикояти асосида Ғуломризоийга қарши мамлакат Жиноят кодексининг 247-моддаси 4-банди (Товламачилик) бўйича жиноят иши очилган. Агар эронлик тадбиркор қўлга олиниб, бу модда бўйича маҳкамага тортилса, мол-мулкини мусодара қилиш йўли билан 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

“СОБ” ширкатининг техника хавфсизлиги бўйича собиқ муҳандиси Абдураҳим Бўриев Озодликнинг тожик шўъбаси билан суҳбатда ширкат унга 8 ойдан буён маош бермагани ва 8 минг сомоний (шу кунги курс билан тақрибан 1280 АҚШ доллари) қарз бўлиб қолганини айтди. Бўриевга кўра, ундан ташқари ширкатнинг яна20 нафар ходими ойлаб маош олмаган, улардан 4 нафари эронликлардир.

“СОБ” ширкати хизматчилари милиция ҳали Шоиста Ғуломризоий Тожикистонни тарк этмасдан туриб мурожаат қилганларини айтмоқдалар. Бироқ эронлик тадбиркорга нисбатан жиноят иши у мамлакатдан чиқиб кетганидан кейин очилган ва эндиликда у Интерпол орқали қидирилмоқда.

Тожик милициясига кўра, Ғуломризоий фақат ўз ходимларигагина қарз бўлиб қолмай, ҳамкор ширкатлар олдида ҳам қарздор бўлиб қолган. Унинг “СОБ” ходимлари ва бошқа ширкатлар олдидаги умумий қарзи 2 миллион сомонийни (тақрибан 320 минг АҚШ доллари) ташкил этади.

Маълумотларга кўра, Шоиста Ғуломризоий ўз ширкати қурган масжид минораси муҳандислик текширувидан ўтказилганида, ундан нуқсон топилганидан сўнг Тожикистондан “қуён бўлган”.

Шу кунда “СОБ” ширкатининг Душанбедаги идорасида ҳеч ким йўқ, “СОБ”га бу ерни ижарага берган бино эгаси эса ширкат 5 ойдан буён ижара ҳақини тўламаганини айтмоқда.

“СОБ” ширкати Тожикистон пойтахтида 2011 йилдан буён қурилаётган ва Марказий Осиёда энг катта жомеъ бўлиши иддао қилинаётган масжиднинг тўрт минораси ва улкан гумбазини қуришга масъул эди.

Бир вақтнинг ўзида 150 минг намозхонни сиғдириши тахмин қилинаётган мазкур масжид 7,5 гектар майдонни эгаллаб, мажмуада кутубхона, музей, мажлислар зали, учрашувлар зали ва меҳмонхона кабилар бўлиши кўзда тутилган. Умумий қиймати 100 миллион доллар бўлиши кўзланган масжид қурилиши учун маблағнинг 70 фоизини Қатар давлати берадиган, қолганини Тожикистон ҳукумати топадиган бўлган.

Масжиднинг гумбаз ва минораларидан ташқари қурилиш ишлари маҳаллий “СТС Иншоот” ширкатига топширилган эди. “СОБ” ширкати раҳбари Шоиста Ғуломризоий қочиб кетганидан кейин миноралар қурилиши ҳам “СТС Иншоот”га ўтказиб берилди.

XS
SM
MD
LG