Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:16

Қирғиз чегарачилари ўзбекистонликни калтаклаб ўлдирганини рад қилди


Фарғона водийси дунёдаги энг мураккаб чегара нуқталари жойлашган минтақа ҳисобланади
Фарғона водийси дунёдаги энг мураккаб чегара нуқталари жойлашган минтақа ҳисобланади

Қирғизистон Давлат чегара хизмати Фарғона вилояти Фарғона туманининг Ёрдон (Шоҳимардон анклави) қишлоғида истиқомат қилган Фармон Насриддинов қирғиз чегарачилари томонидан калтаклаб ўлдирилгани ҳақидаги иддаони рад қилди. Озодлик сўровига расман жавоб қайтарган Қирғизистон Давлат чегара хизмати 50 яшар Фармон Насриддиновнинг ўлимига қирғизистонлик чегарачиларнинг алоқаси йўқлигини билдирди. Аммо Ёрдон қишлоғи фаоллари қирғиз томони берган жавобни "ёлғон", деб баҳоладилар.

Озодлик 25 июнь куни Фарғона туманининг Ёрдон қишлоғида истиқомат қилган Фармон Насриддиновнинг қирғизистонлик чегарачилар томонидан калтаклаб ўлдирилгани иддао қилингани ҳақида хабар берган ва бу хабарга муносабат олиш учун Қирғизистон Давлат чегара хизмати ахборот таъминоти бошқармасига расман мурожаат қилган эди.

30 июнь куни Қирғизистон Давлат чегара хизмати ахборот таъминоти бошқармасидан бўлиб ўтган бу воқеа ҳақида қуйидагича расмий жавоб олинди:

“Озодлик” сайтида 25 июнь куни “Қирғиз чегарачиларининг Ўзбекистон фуқаросини уриб ўлдиргани иддао қилинди” мақоласи чоп қилинди. Бу мақола юзасидан Давлат чегара хизмати хизмат текшируви ўтказди. Текширишда аниқланишича, Ўзбекистон фуқароси Ф.Насриддинов 2015 йилнинг 16 июнь куни “Қора-Шўро” чегара заставаси чегарачилари томонидан ушланган. Ушланган шахсда унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган. Ўзбекистон фуқаросининг айтишича, у адашиб Қирғизистон ҳудудига ўтиб қолган. Унинг бу тушунтиришидан сўнг Ф.Насриддинов қўйиб юборилган.

Орадан бир мунча вақт ўтгач, чегарачилар нарядини текшириш учун чегара заставаси бошлиғи давлат чегараси томон борган. Йўлда уни икки нафар маҳаллий аҳоли вакили тўхтатиб, танишларини элтиб қўйишни илтимос қилган. “Қора-Шўро” чегара заставаси бошлиғи Ф.Насриддиновни Ўзбекистоннинг Ёрдон қишлоғининг кираверишигача олиб бориб қўйган. Хизмат текширув давомида Ф.Насриддиновнинг застава чегарачилари томонидан калтаклангани тасдиқланмади”,
дейилади Қирғизистон Давлат чегара хизмати ахборот таъминоти бошқармасининг Озодлик радиоси сўровига жавобида.

Фарғона тумани Ёрдон қишлоғининг исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бири қирғиз томонининг бу жавобидан ҳайратга тушганини айтади:

“Бу ғирт ёлғон жавоб. Бўҳтон гап қилишибди. Умуман мантиққа тўғри келмайди бу жавоби. Қаранг, қирғиз чегарачилари ҳужжати йўқ одамни ушлаб, кейин қўйиб юборишармиш. Застава бошлиғи эса уни ўз машинасида олиб бориб қўярмиш. Калтак зарбидан Фармоннинг соғ жойи қолмаган эди-ку! Тепиб башарасини ёриб ташлашганку, ичини эзиб юборган-ку. Застава бошлиғи шундай одамни ўзини мошинасига миндириб олиб келадими?! Бу чўпчагига бола ҳам ишонмайди-ку!”, деди Ёрдон қишлоғи фаолларидан бири.

Маҳалла фаолига кўра, фотиҳага келган қўшни қирғизистонликлар ҳам марҳумнинг чегарачилар томонидан аёвсиз калтакланганини тасдиқлашган:

“Фармоннинг фотиҳасига Қирғизистоннинг Қора Шўро қишлоғидан иккита мошинада 11 киши келганди. Ўшалар ҳам Фармонни қирғизистонлик чегарачилар калтаклаганини айтишди ва беш киши бу ҳақда ўзларининг прокуратурасига ариза ёзиб беришганини ҳам айтишди. Биз минг йиллардан Қора Шўро халқи билан яхши қўшни бўлиб яшаб келяпмиз. Сувимиз, тўй-азамиз бир. Улар ҳам Қора Шўро аҳолиси чегарачиларнинг бу ҳатти-ҳаракати учун иснодга қолмасин, деб Олтмиш, Қўчқор, Михтивой, Қутбиддин деган қирғизлар ариза ёзиб беришганини айтишди”, деди маҳалла фаоли.

Маҳалла фаолига кўра, Фарғона тумани прокуратураси текширув ва суриштирув ишларини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги юз берган ҳодиса бўйича ҳеч қандай баёнот бергани йўқ.

Ёрдонлик Фармон Насриддиновнинг яқинлари у, 16 июнь куни қирғизистонлик чегарачилар томонидан қаттиқ калтакланганидан сўнг, 18 сентябрь куни вафот этганини маълум қилганлар.

Уларнинг Озодликка айтишларича, Қора Шўро чегара заставаси бошлиғи Фармонни чалажон ҳолда олиб келиб ташлаганидан сўнг у қирғизистонлик чегарачилар калтаклаганини яқинларига айтиб берган.

XS
SM
MD
LG