Линклар

Ўзбек матншунос олими "ўзбеклар туркий эмас", деган ғояни рад этди


Ўзбек халқининг келиб чиқиши ҳақида Аҳмадали Асқаров китоби

Ўзбек халқининг келиб чиқиши ҳақида Аҳмадали Асқаров китоби

Қадимги Хитой манбалари асосида “Қадимий турклар тарихи” китобининг муаллифи профессор Аблат Хўжаев Озодлик билан суҳбатда замонавий ўзбекистон аҳолисининг икки этник илдизли (эроний ва туркий) экани ҳақидаги академик Аҳмадали Асқаров ғоясини рад қилди.

Академик Аҳмадали Асқаровнинг “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида яқинда нашр этилган “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китобдаги “ўзбеклар этногенези туркий бўлмаган қавмлардан ташкил топгани” ҳақидаги тезис бу соҳани чуқур ўрганган олимларнинг алоҳида эътирозини уйғотган эди.

Шу боис Озодлик радиоси бу масала борасида профессор Гога Ҳидоятов дохил бир қатор мутахассислар фикрларини эълон қилди.

Профессор Гога Ҳидоятов Озодлик радиосидан чиқиш қилиб, Аҳмадали Асқаровнинг “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китобини “тарихни безбетларча сохталаштириш”, деб атаган эди.

Бу дастур эфирга берилганидан бир ой ўтиб тўрт нафар олим имзоси билан Озодлик радиосидаги бу дастурга эътироз билдирилган “мактуб” етиб келди.

Бу мактубга “имзо қўйган” олимлардан иккитаси Озодлик билан суҳбатда бундай мактубдан бехабар эканликларини айтишди.

Шундай бўлса ҳам, бу “мактуб” дан иқтибос келтирамиз.

Ассалому Алайкум! “Озодлик” радиоси раҳбариятига, академик Аҳмадали Асқаровнинг “Оzbekiston” нашриётида 2015 йилда чоп этилган “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китоби ҳақида асарни ўқимаган, унинг туб мазмун ва моҳиятини тушуниб етмаган “Озодлик” мухлисларининг юзаки ва хато хулосаларини интернет саҳифасида эълон қилишга қўл урдингиз. Ушбу маълумотномада китоб ҳақида, муаллифнинг бу ўта мураккаб ва нозик масаладаги янгича қарашларини қисқача баён этмоқчимиз,” дея бошланган бу “мактубга” яна тўрт варақлик изоҳ илова қилинган.

Тарих фанлари докторлари: маданиятшунос олим, проф. Абдуҳалил Маврулов, қадимги Хитой манбашуноси, проф. Аблат Хўжаев, манбашунос олима, проф. Дилорам Юсупова, авестошунос олим, профессор Мирсодиқ Исҳаков имзо чеккани иддао қилинган бу “мактуб”да Академик Асқаров китобидаги асосий тезис¸ яъни ўзбекларнинг туркий эмаслигини исботлашга уринилади.

“Мактуб”га кўра, Асаров китобидаги “ўзбек халқининг шакланиши икки этник қатлам, яъни туркий ва эроний қабила ва элатларнинг асрлар давомида қоришуви асосида таркиб топганлиги ҳақида, уларнинг ҳар иккиси ҳам автохтон асосга эканлиги” тўғри ва илмий тезисдир.

Озодликда Аҳмадали Асқаров китоби Ўзбекистон президентининг “хархашали буюртмаси” асосида ëзилгани ҳақида фикрлар янграган эди.

Озодлик билан суҳбатлашган тарихчи олим Абдуқодир Зоҳидий ва сиëсат арбоби Муҳаммад Солиҳ Аҳмадали Асқаров китоби Каримов яратган "ижтимоий буюртма" маҳсули эканлигини таъкидлашган эди.

“Мактуб”да бу чиқишларга ҳам эътироз бор: “Муаллиф”ларга кўра, Ўзбекистон президенти ўзбеклар келиб чиқишини қайта кўриб чиқиш ҳақида сиëсий буюртма эмас балки “назарий йўриқнома” берган.

Республика Президенти И.А.Каримов 1998 йилда бир гуруҳ тарихчилар билан бўлган суҳбатида мустақиллигимиз берган ижодий эркинликлардан фойдаланиб, эндиликда ўз тарихимизни ўзимиз ёзишимиз даври келди, “қачонгача биз тарихимизни бировларнинг нуқтаи назари, қаричи билан баҳолаймиз?” , деган назарий йўриқнома бердилар,” дейилади “мактуб”да.

“Муаллифлар” юртбошининг назарий йўриқномасидан кейин аввалига мақола тарзида кейин эса китоб ҳолида И.А.Каримов истагини ижобат қилгани ҳам “мактуб”да таъкидланган. Айни иқтибос Аҳмадали Асқаров китобининг сиëсий буюртма эканига оид Озодликда янграган фикрларнинг тасдиқлаб турганини кўрамиз.

Бу мактубга “имзо чеккан” профессор Аблат Хўжаевга қўнғироқ қилдик.

- Мени бу мактубдан ҳабарим йўқ. Имзо ҳам чекмаганман, - деди профессор Аблат Хўжаев.

Айни “мактуб”да исми зикр қилинган профессор Мирсодиқ Исҳаков ҳам “мактубдан хабарим йўқ,“ деб айтди.

Айни пайтда профессор Аблат Хўжаев Аҳмадали Асқаров китобидаги асосий тезисларни изоҳлашга рози бўлди.

Аблат Хўжаевга кўра, “ўзбек халқининг шакланишида бошқа қавмлар таъсири бўлса ҳам¸ бу таъсир кучли бўлмаган. Замонавий Ўзбекистонни ташкил қилган Хива¸ Бухоро ва Қўқон хонлигининг аксар аҳолиси туркийлар бўлган.

Унга кўра¸ “ўзбеклар туркий илдизга эга бўлган миллатдир”.

Айни пайтда Аблат Хўжаев Аҳмадали Асқаровни олим сифатида ўз назариясига эга бўлиб, ўз фикрини изҳор қилиши борасида эркин эканлигини ҳам эътироф қилди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти олимлари Аҳмадали Асқаровнинг китоби ҳақида Озодликка изоҳ бермади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG