Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:00

Ўзини портлатиш учун Сурияга отланган қирғиз аëли Москвада ушланди


Москвадан Истанбулга учиб кетиш олдидан қўлга олинган 25 яшар қирғизистонлик аëл Туркиядан Сурияга ўтиб “Исломий давлат” сафига қўшилиш ва ўзини уруш зонасида “кофирлар”га қарши портлатиб юбориш режасида бўлганига иқрор бўлди.

Қирғиз расмийлари томонидан шахси сир тутилаëтган 25 яшар аëл Ҳамида деб аталмоқда.

Эри ва икки боласини Қирғизистоннинг Чуй вилоятидаги қишлоғида ташлаб чиққан Ҳамида Москвада уни Сурияга олиб кетишни ваъда қилган жиҳодчи билан учрашиши керак бўлган.

Аммо Ҳамиданинг "Исломий Давлат" гуруҳига қўшилиши умида Москвада тугади.

У 25 июнь куни Москванинг Домодедово аэропортида Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги сўровига асосан қўлга олинди.

Қирғиз расмийларига кўра¸ Ҳамида кейинги тўрт йил давомида ўзининг динийлашиб борганини¸ интернет орқали ҳар хил диний ҳаракат ва оқимлар билан яқиндан таниша бошлаганини билдирган.

Диний масалаларда ўз фикрларини шакллантира бошлаганлар билан Ҳамида асосан Skype¸ WhatsApp ва Одноклассники каби ижтимоий тармоқлар орқали мулоқот ўрнатган.

Ҳамиданинг диний қарашларини белгилай бошлаган бу одамлар орасида аста-секин "Исломий Давлат" гуруҳи жангарилари ҳам пайдо бўлган ва яқинда Ҳамидага ўзини тожикистонлик Ҳаттоб деб таништирган шахс уни бу гуруҳга даъват қилишга ўтган.

Март ойидан бошланган Ҳаттоб билан сўзлашувлар ортидан Ҳамида “Исломий давлат” назоратидаги ҳудудларга бориб¸ жиҳодга қўшилишга аҳд қилади.

Уни "Исломий Давлат" Ҳаттоб¸ мусулмон аëлининг жиҳодга қўшилиши учун эридан изн сўраши керак эмас¸ деб уқтирган ва Ҳамидага янги паспорт олиш ва Туркия-Сурия чегарасидан ўтишда ëрдам ваъда қилган.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Ҳамида ўз тарғиботчилари WhatsApp орқали Қуръон суратларини юборганини айтади:

- Шундан кейин биз махфий тарзда гаплашиб турдик. Мен эрга тегишдан аввал Исломга қизиқар эдим. Бундан беш йилча олдин намоз ўқишни бошладим. Жиҳодда қатнашиб¸ кофирларга қарши жанг қилишни орзу қилардим¸ дейди Ҳамида Озодлик билан суҳбатда.

Ҳамида бу орзуси ушалмай¸ ўзини Сурияга олиб кетишни ваъда қилган Ҳасан исмли эркак билан учрашмай туриб¸ Москвада қўлга олинди.

Мен жиҳодга эркак қидириб¸ севги қидириб йўлга чиқмадим. Жиҳодга эрга чиқишни истайсизми¸ деб сўрашганда мен “йўқ” деб жавоб бердим¸ дейди Ҳамида.

"Мен Сурияга пул топиш илинжи билан йўлга чиқмадим"¸ деб давом этади ëш аëл.

Унинг айтишича¸ ИШИДчилар унинг самолëт билетларини олиб берган эса-да¸ Сурияда пул тўлашни ваъда қилмаган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийларига кўра¸ эри билан муносабатларининг ëмонлиги¸ қариндош-уруғларининг ўз тақдирига лоқайдлиги¸ ўз дунëвий орзуларига етиш имконларининг йўқлиги Ҳамидани жиҳодчилар сафига ундаган омиллардан.

"Ота-онам томонидан мактабни битирибоқ эрга берилишимдан аввал мен врач бўлишни орзу қилганман. Аммо уйимдагилар бунга йўл қўймади ва мажбурлаб эрга берди. Шундан кейин ҳаммадан¸ ҳамма нарсадан кўнглим совуди. Ота-онам ҳозир пушаймонда¸" дейди Ҳамида.

Ижтимоий тармоқларда Ҳамиданинг ўзига хос йўлбошчисига айланган Ҳаттоб¸ Ҳамидага буюк бир миссиянинг бир қисми бўлишни таклиф этган.

"Мен уруш ҳудудига бориб¸ ўзимни портлатиб юборишга тайëрланаëтган эдим¸" дейди Ҳамида.

Айни пайтда¸ суиқасд орзусида Сурияга йўлга чиқиши арафасида Ҳамида бу режасини онасига гуллаб қўяди ва онасининг мурожаати билан уни Москва аэропортида ушлашади.

Бугун ўзини узоқ ва қоронғу уйқудан уйғонаëтган каби ҳис этаëтганини айтган Ҳамида¸ ИШИДчилар сафига қўшилиш йўлидаги ҳаракатларини ëмон туш каби тезроқ унутиш орзусида эканини айтади.

Кейинги ойларда нафақат Қирғизистон¸ балки минтақанинг бошқа ҳукуматларини ҳам "Исломий Давлат" сафига хотин-қизларнинг ëлланаëтгани ташвишга солмоқда.

Қирғиз расмийларига кўра¸ ҳозирда Сурия ва Ироқдаги жиҳодчилар сафида 352 нафар Қирғизистон фуқароси бор ва улардан 49 нафари аëллар¸ 22 таси эса болалардир.

XS
SM
MD
LG