Линклар

logo-print

OzodJavobнинг навбатдаги сонида ишлатилган табиий газ ва электр энергияси учун ҳақ тўлаш тартиб-қоидалари борасида суҳбатлашамиз.

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманидан қўнғироқ қилган тингловчи табиий газ учун олдиндан пул тўлагани, бироқ газ идораси ходимлари буни ҳисобга олмаётганини айтиб, бунинг қанчалик қонуний экани борасида сўради:

- Газга олдиндан пул тўлаганман. Газ идорадан келишиб, “компьютерда қарзингиз бор, газингизни қирқаман”, дейишаяпти. Счётчикда пломба бор, ҳамма нарсаси жойида. Пул тўланган олдиндан. 3 сўм 70 тийин вақтида тўланган, газ ҳозир 200 сўмдан ошиб кетди. Газ идорасига борсам, “Сиз қарзсиз. Сиз энг арзон баҳодан тўлагансиз, қиммат баҳодан ёққансиз газни. Энди устамасини тўлашингиз керак”, дейди. Нимага тўлашим керак. Мен 18 минг кубдан кўпроқ газ учун пул тўлаганман. Шу 18минг куб газ ёниб бўлгани йўқ ҳали. Яна 200 кубча газ бор. Шуни билиб берсангиз, олдиндан тўланган вақтда, газ қимматласа, устамасини тўлаш керакми, йўқми,- дея мурожаат қилди берунийлик тингловчи.

Бухоронинг Қоракўл туманидан боғланган тингловчи эса, электр учун қай тартибда пул тўлаш кераклиги борасида қизиқди.

Ушбу мурожаатларни инобатга олиб газ ва электр учун тўлов тартиб-қоидаларига тўхталамиз:

Амалдаги тартибга кўра, истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш газ билан таъминловчи ташкилотлар билан тузилган тўғридан-тўғри шартномалар бўйича истеъмол қилиш лимитларини белгиламасдан истеъмолчиларнинг буюртмалари асосида амалга оширилади.

Истеъмолчи фойдаланган газ учун ҳисоб-китоблар тартиби, тўлов муддати ва шакллари газ етказиб бериш шартномасида белгиланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг юқори ликвидли турларини сотишнинг бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш” тўғрисидаги қарорида, аҳоли истеъмол қилинган табиий газ учун ой тугагандан кейин 10 кун мобайнида, ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари бўйича, приборлар бўлмаганда - тасдиқланган нормалар бўйича ҳақ тўланиши лозимлиги айтилган.

Газ идоралари ходимлари аҳоли ишлатадиган табиий газ учун маълум суммада олдиндан ҳақ тўлашлари лозимлигини таъкидлашди:

“Дейлик сиз бу ойда 700 куб газ ишлатдингиз. Ой тугандан кейин шу 700 куб газнинг нархини тўлайсиз ва яна шу тўлаган суммангизнинг 30 фоизидаги пулни предоплата сифатида тўлашингиз керак. 300 куб газ предоплата бўлиб туради”, деди Жиззах вилояти газ идораси ходими.

Айни пайтда газ таъминот идораларидан берунийлик тингловчи йўллаган саволга жавоб олдик. Мутахасиснинг Озодликка айтишича, газ учун олдиндан ҳақ тўланган тақдирда, нарх ошганининг истеъмолчига алоқаси йўқ:

Мисол учун 10 минг куб газ учун 100 сўмлик пайтида тўлагансиз, счётчикда шу 10 минг куб газни ишлатилгани кўрсатилмагунча сиз газ учун бошқа пул тўламайсиз. Сиз шу 10 минг кубни ишлатаётган пайтда 5 марта газ нархи ошсин, 10 марта ошсин, буни сизга таъсири умуман йўқ. Сиз газ нархи қимматласа, ҳеч қандай устама нархда пул тўлашингизга ҳожат йўқ. Чунки сиз предоплата қилиб, олдиндан тўлаб қўйгансиз. Сиз ўша 10 минг куб газни ишлатиб бўлмагагунча, ҳеч кимнинг сизга “газ нархининг разницасини тўла” дейишга ҳаққи йўқ”, деди ўзини таништирмаган мутахасис.

Истеъмолчи маълум муддат учун тўловни олдиндан амалга оширса, лекин унинг ўтган ойлар учун қарздорлиги мавжуд бўлса, тўланган маблағлар биринчи навбатда қарзларни ёпишга, қолган қисми эса, аванс тўлови сифатида қабул қилинади.

Бу тартиб электр энергияси тўловларига ҳам тааллуқли: Истеъмолчининг электр энергияси учун қарзи мавжуд бўлган тақдирда унинг аванс тўловлари ҳисобига ўтказган маблағлари қарзни тўлашга йўналтирилади ва аванс тўлови сифатида ҳисобга олинмайди.

Амалдаги тартибга кўра, электр энергияси учун тўлов маиший истеъмолчи томонидан ҳар ойнинг 10 санасигача, аҳолидан тўловларни қабул қилувчи пунктлар ва ташкилотлар орқали амалга оширилади. Электр энергияси учун олдиндан ҳақ тўлаш қурилмалари мавжуд бўлган, ҳисобга олиш ҳисоб-китоб приборлари ўрнатилган маиший истеъмолчилар электр энергияси учун тўловни олдиндан ҳақ тўлаш тартиби бўйича амалга оширадилар. Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланган истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш олдиндан тўланган ҳақ доирасида амалга оширилади.

Демак, электр учун тўловлар олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилиши лозим ва бунда электр энергияси ҳақ тўланган қисмгача етказиб берилиши кафолатланган.

Агар истеъмолчи электр энергиясини электр таъминоти шартномасида кўрсатилган ҳажмдан кам ишлатган тақдирда аванс сифатида тўланган маблағлар қайтариб берилмайди ва электр энергияси учун кейинги ҳисоб-китобларда ҳисобга олинади.

Муддати ўтиб кетган қарздорлиги бўлган истеъмолчиларни тармоқларидан узиб қўйиш ва уларга такроран улаш харажатлари истеъмолчилар ҳисобига қопланади.

Ўз вақтида ҳақ тўланмаган тақдирда аҳоли муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,1 фоиз миқдорида, бироқ муддати ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлайди.

Айни пайтда газ ва электр етказиб берилиши шартнома кўрсатилганидан кам миқдорда етказиб бериладиган бўлса, етказиб берувчи ҳам пеня тўлаши лозим. Мутахасислар шартноманинг форс-мажорга аталган банди билан яхшилаб танишишни тавсия қилишади: Агар у ерда кўрсатилган сабаблар юзага келмаган тақдирда, таъминот идорасидан етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш мумкин

Кейинги йилларда табиий газ ва электр таъминотидаги узилишлар доимийлик касб этди.

Бундай ҳолатларда агар истеъмолчи ҳаққини талаб қилса, жавобгарлар жазоланиши қонунларда акс этган.

Жумладан, табиий газ шартномадаги миқдордан кам берилган тақдирда "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги қонунга мувофиқ жарима жазолари назарда тутилади.

XS
SM
MD
LG