Линклар

Ўтунбаева: "Муваққат ҳукуматнинг Ўш воқеаларига умуман алоқаси бўлмаган"


Роза Ўтунбаева ва Алмазбек Атамбаев Қирғизистон жанубида юз берган қонли воқеаларни хотирлаш маросимида

Роза Ўтунбаева ва Алмазбек Атамбаев Қирғизистон жанубида юз берган қонли воқеаларни хотирлаш маросимида

Қирғизистон собиқ президенти Роза Ўтунбаева 2010 йилда рўй берган Ўш воқеалари учун ўзи етакчилик қилган муваққат ҳукумат масъул эмаслигини баён қилди. Ўтунбаева 1 июль куни Озодликка берган интервьюсида муваққат ҳукуматнинг қонли воқеалар пайтидаги хатти-ҳаракатлари самарали бўлгани туфайли бўҳрон саноқли кунлар ичида баратараф этилганини ҳам иддао қилди.

Роза Ўтунбаева 2010 йил апрелида собиқ президент Қурманбек Бакиев ҳокимияти ағдарилиши ортидан Қирғизистонни бир ярим йил давомида ўтиш даври президенти сифатида бошқарди.

Озодликнинг Прагадаги қароргоҳида берган инетрвьюсида Ўтунбаева хоним минтақадаги воқеаларга доир турли масалалар хусусида фикр билдирди.

Озодлик саволларидан бирига жавобан Ўтунбаева хоним президентлиги даврига тўғри келган 2010 йил июнидаги қонли воқеалар учун масъулият ўша пайтдаги вазиятдан фойдаланган "учинчи кучлар" зиммасида эканини баён қилди:

- 2010 йилда Қирғизистондаги ҳокимият аҳволини бугунги Украинадаги ҳокимиятга қиёсласа бўлади. Ҳокимият қулаб, Бакиев ва унинг оиласи ҳамда ҳамтовоқлари мамлакатдан қочди. Биз ҳокимиятда жуда оғир даврни бошдан кечираётган эдик. Биз бошқарув йўналишини ўзгартиришга ҳаракат қилаётган эдик, чунки Қирғизистонда авторитар ҳокимият услуби ишламаганини Акаев ва Бакиев мисолида кўрдик. Биз рефрендум орқали янги конституцияни қабул қилиб, мамлакатни парламент бошқаруви услубига бурдик. Бу жуда қийин ва муҳим кунлар эди. Бу вазиятдан учинчи кучлар фойдаланиб ўзбеклар ва қирғизлар, оддий одамлар ўртасида низо келтириб чиқаришга муваффақ бўлишди, деди Роза Ўтунбаева.

Ўтунбаева бу воқеаларга туртки бўлган омилларга муваққат ҳукуматнинг мутлақо алоқаси бўлмаганини таъкидлаб, аксинча, ҳукуматнинг самарали ҳаракатлари туфайли бўҳрон саноқли кунлар ичида бартараф этилганини иддао қилди.

- Бу воқеаларни муваққат ҳукумат келтириб чиқарди, дейилишига мутлақо қарши чиқаман. Бу воқеаларга умуман алоқамиз бўлмаган. Воқеа рўй берган жойда вазиятни назоратга олиб, хунрезликка йўл қўймаслик жуда қийин бўлди. Бундай воқеаларга 1990 йилларда ҳам гувоҳ бўлганмиз. Албатта, бу воқеаларга умуман алоқамиз бўлмаган, дейиш нохолислик бўлади, чунки биз ўша пайтдаги муваққат ҳокимият эдик. Лекин биз қўилмиздан келганини қилдик. Уч-тўрт кун ичида бу бўҳронни тўхтатишга муваффақ бўлдик. 1990 йилда ҳатто Совет армияси ҳам бир ой давомида бу иш уддасидан чиқа олмаган. Менимча, Қирғизистон муваққат ҳукумати ўша пайтда қўлидан келганини қилди. Қирғизистон тарихининг бу фожиавий саҳифаси хотирамизда қолади, дея баён қилди Ўтунбаева.

Беш йил муқаддам содир бўлган воқеалар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафарини, яъни 70 фоизини ўзбеклар, 123 нафарини ёки 29 фоиздан ортиқроғини эса қирғиз миллатига мансуб кишилар ташкил қилган. Шунингдек, июн воқеалари пайтида бир рус, бир покистонлик ва бир уйғур ҳам нобуд бўлган.

2010 йил июнь воқеалари бўйича ҳозирга қадар 545 киши жиноий жавобгарликка тортилди.

Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.

Собиқ президент пост-совет мамлакатларида рўй бераётган эврилишларга ҳам муносабат билдириб, Россиянинг бу минтақада, хусусан, Марказий Осиёда тутган муҳим ўрни сақланиб қолишига шубҳа қилмаслигини таъкидлади.

- Менинг фикримча, Россия минтақада тарихий, анъанавий ва маданий ўрнига эга. Қирғизистонда Россиянинг ролини жуда юқори баҳолаймиз. Мана яқин кунлар ичида Евроосиё Иқтисодий ҳамдўстлигига кирувчи мамлакатлар парламентларининг барчаси Қирғизистоннинг бу ташкилотга аъзо этиб қабул қилинишини ратификация қилади. Биз барча тарихий, маданий ва анъанавий томирларимиз билан ана шу маконга дохилмиз. Биз ўз иқтисодимиз ва саноатимизни кўтарамиз. Менимча Россиянинг бу минтақада ҳақли ўрни бор, дея таъкидлади Ўтунбаева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG