Линклар

logo-print

Атамбаев бир йилда 21 300 доллар маош олди


Атамбаев бир неча йил аввал мол-мулкини 10 миллион долларга баҳолаган эди.

Атамбаев бир неча йил аввал мол-мулкини 10 миллион долларга баҳолаган эди.

Қирғизистон президенти 2014 йил учун топширган солиқ декларациясида 1 миллион 281 минг 609 қирғиз сўми миқдорида иш ҳақи олганини маълум қилган. Қирғиз президентининг маоши 2013 йилга нисбатан 450 долларга кўпайган. Парламент раиси Асилбек Жээнбеков эса 2014 йилда президентга нисбатан икки баробар кўп даромад топган.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг иш ҳақи 2014 йилда 2013 йилдагига нисбатан 26 минг 739 қирғиз сўмига кўпайган. Атамбаевнинг 2013 йилдаги бир йиллик иш ҳақи 960 минг 744 сўм 84 тийинни ташкил қилган бўлса, 2014 йилда 1 миллион 281 минг 609 сўм, яъни тахминан 21 360 доллар га тенг бўлган.

Атамбаевнинг солиқ декларациясидан маълум бўлишича, президент сифатида у фақат ойлик иш ҳақи олади. Президентнинг пул таъминоти фақат мана шу иш ҳақи билан чекланади ва унга бошқа молиявий ҳаражатлар қилинмайди.

Айни пайтда президентнинг қариндошлари даромадлари 2013 йилга нисбатан кескин кўпайган. Масалан, 2013 йилда Атамбаев оиласининг ойлик иш ҳақи 87 минг 546 сўм, қимматбаҳо қоғозлардан олинадиган дивидендлар 145 минг 663 сўм, омонатлар бўйича устама фоизлар 120 минг 329 доларни ташкил қилган эди.

2014 йилда эса Атамбаев эгалик қилган қимматбаҳо қоғозлар нархи кескин кўтарилиб кетганга ўхшайди. Бу қоғозлардан у 26 миллион 260 минг сўм, яъни 440 минг доллар аторфида даромад кўрган. Атамбаев оиласининг иш ҳақи ҳам икки баробардан ошиқроққа кўпайиб, 199 минг 55 сўмни ташкил қилган.

Айни пайтда Атамбаев ўзининг солиқ декларациясида 2007 йилда ишлаб чиқарилган “Ландкрузер” жипига, “Форум” ширкати акцияларининг юз фоизига, автопарковкага, иккита квартирага ва 60 минг гектар мевали боққа эгалигини кўрсатган.

Аввалги йилларда солиқ декларациясини топширар экан, президент ўзининг жами мол-мулкини 10 миллион долларга баҳолашини айтган эди.

Қирғизистон парламентининг раиси Асилбек Жээнбеков эса 2014 йилда президентга нисбатан кўпроқ даромад топган. Ўзининг солиқ декларациясида, парламент спикери 2014 йилда сўмдан долларга ағдарадиган бўлсак 16 900 доллар ойлик олган, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалардан эса 20 660 доллар, жами 37 560 доллар даромад кўрган.

Парламент раиси солиқ декларациясида президентга қараганда кўпроқ мулкка эгалигини ҳам қайд этган. Асилбек Жээнбеков 1,5 минг квадрат метрли уй-жойга, 3,5 минг квадрат метрли ресторанга, 12 минг квадрат метрли бошқа кўчмас мулкка, бир нечта ширкатларга эгалик қилар экан.

Қизиғи шундаки, солиқ декларациясидан парламент раиси ва унинг оиласи ҳеч бўлмаганда бир донагина автомобилга ҳам эга эмаслиги аён бўлади.

Қирғизистонда давлат амалдорларининг солиқ декларациялари ҳар йили 1 июлдан бошлаб Давлат Кадр хизмати томонидан жамоатчиликка эълон қилиб борилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG