Линклар

logo-print

Жиззахда икки кишининг иссиқдан ўлгани иддао қилинди


Тошкентда ҳаво жуда ҳам исиб кетгани боис одамлар фавворалар салқинидан фойдаланмоқда.

Тошкентда ҳаво жуда ҳам исиб кетгани боис одамлар фавворалар салқинидан фойдаланмоқда.

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида ҳаво ҳароратининг 42 даражадан ошгани сабаб икки кишининг вафот этгани иддао қилинди. Бироқ расмийлар, бу одамларнинг ўлимига иссиқ ҳаво ҳарорати сабаб бўлганини инкор қилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, сўнгги ҳафтада Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 42-47 даражага чиққани сабаб, юрак, қон-томир касалликлари билан оғриган беморлар соғлиғи ёмонлашган ва касалхоналарга мурожаат қилганлар сони кўпайган.

Ўзбекистон гидреметеорология маркази маълумотига кўра, Тошкент шаҳрида ҳаво ҳарорати 1-4 июль кунлари 40-42 даражага, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида эса 44 даражагача кўтарилиши башорат қилинмоқда.

Бироқ Озодлик манбалари, аслида ҳаво ҳарорати расмий кўрсаткичдан анча баландроқ эканлигини айтар экан, жазирама иссиқдан баъзи ҳудудларда ўлим ҳолатлари бўлгани, баъзи ҳудудларда эса одамлар ҳушидан кетиб қолгани ҳақида хабар беришяпти.

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида истиқомат қиладиган пенсионер Набижон ота 29 июнь куни икки киши ҳаво иссиқлиги сабаб вафот қилганини айтди:

- Бизда тўсатдан икки одам иссиқдан ўлиб қолди. Бири 53 ёшга кирган, илгари ГАИда ишлаган Абдуғани деган бақувват одам эди. Кўчадан терлаб-пишиб келиб, юрагим маззаси бўлмаяпти деб бирпас дам олиб ётиб тўсатдан ўлиб қолди. Шу куннинг ўзида Олимлар маҳалласида ёш йигит, исмини билмайман, шу иссиқда уйида ғишт қуйиб ётган экан. Жуда терлаб кетдим деб, устига бир пақир совуқ сув қуйибди. Орадан беш минут ўтар-ўтмай бу ҳам ўлиб қопти. Буни менга шу воқеага гувоҳ бўлган қўшниси айтиб берди. Уч-тўрт кундан буён шунақа ҳам иссиқ бўляптики, одам сояда ҳам нафас ололмайди. Мана соат тушдан кейинги соат 4да, термометрим 47 даража иссиқни кўрсатиб турибди, деди Набижон ота.

Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими, Ғаллаорол туманида 29 июнь куни икки киши ўлганини тасдиқлади, лекин расмий бу одамлар ўлими иссиқ ҳаво ҳарорати билан боғлиқ эканлигини рад этди:

“Ҳеч ким иссиқдан ўлмаган. Биринчи ўлган одамнинг бошида, юрагида касаллиги бор эди. Ўшандан ўлган. Иккинчиси эса, 32 яшар йигит эди. Унинг юрак пороги касаллиги бўлган. Шу сабаб вафот қилган. Бир кунда иккита ўлик бўлганлиги учун одамлар шундай гап чиқаришганда”, деди соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозими.

Озодлик манбалари Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам ҳаво ҳароратининг жудаям исиб кетгани боис, одамлар саломатлиги билан нохуш ҳодисалар бўлаётганини айтдилар.

Термиз шаҳридаги касалхонада ишлайдиган тиббиёт ҳамшираси Гулбаҳорнинг айтишича, Сурхондарё вилоятида ҳаво ҳарорати 50 даражагача кўтариляпти:

- Бизда қийин бўляпти, жуда иссиқ. Чидашнинг имкони йўқ. Неча киши бурни қонаб, ерга ағанаб қоляпти. Бугун ҳам электросетни ёнида дипломат кўтарган туппа-тузук одам йиқилиб, ҳушидан кетиб қолди. Ўтган куни вилоят статистика бошқармасининг олдида ҳам бир киши йиқилиб қолган экан. Ўзимизни ишчимиз ҳам уйига кетаётганда йўлда йиқилиб қолган. Иссиқ жуда ҳам ёмон бўляпти,- деди Гулбаҳор.

Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги қишлоқ врачлик пунктларидан бирида ишлайдиган шифокор ҳам шу кунларда “офтоб урганлар”нинг поликлиникага мурожаат қилиши кўпайганини айтди:

“Офтоб урган” деган термин аслида медицинада йўқ. Халқ ўз тилида иссиқ ҳаво сабаб мазаси қочганларни шундай дейди. Яъни боши айланади, кўнгли айнийди, қусади. Баъзи ҳолатларда ичи кетади. Ҳозир ана шундай шикоятлар билан мурожаат қилганлар анча кўпайди. Лекин ўлим ҳолати бўлгани йўқ”, деди ҚВП шифокори.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш бошқармаси мулозими иссиқ ҳаво ҳарорати туфайли вафот этганлар ҳақида вазирликка маълумот тушмаганини айтди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса ўзбекистонликларнинг мобиль телефонларига СМС юбориб, иссиқ ҳаво ҳароратидан эҳтиёт бўлиш ҳақида огоҳлантирмоқда.

XS
SM
MD
LG