Линклар

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси ўз аъзолари ва тарафдорларига босим ўтказаётган Тожикистон ҳукуматига таъсир кўрсатиш илтимоси билан БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларга мурожаат қилди.

Мазкур мурожаатнома БМТ бош котиби Бан Ки Мун, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Тожикистондаги тинчликва миллий муроса ҳақидаги шартноманинг амалга оширилишига кафолат берган давлатлар раҳбарларига йўлланган.

“Тожикистонда юзага келган носоғлом вазият, хусусан, Тожикистон давлат идораларининг айрим шахслар, партиялар, мухолифатдаги сиёсий ва диний гуруҳларга нисбатан ноқонуний ва аҳлоқсиз хатти-ҳаракатларини ҳисобга олган ҳолда ТИУП олий раҳбарияти Сизга мурожаат қилиш зарур, деб ҳисоблайди ва шунга қарор қилди”, дейилади Тожикистон Ислом Уйғониш партиясининг оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилган мурожаатида.

Мурожаатномада ТИУП раҳбарияти БМТ кафолатчи мамлакатлар ва тожик миллатининг барча дўстлари қўлловида Тожикистонда тинчлик ва тотувликка эътибор беришига умид қилиши таъкидланган.

ТИУП ва президент Имомали Раҳмон етакчилик қилган ҳукумат 1992 йилдан 1997 йилгача давом этган Тожикистон фуқаролар урушида рақиблар эди, аммо тинчлик битими адоватга чек қўйди.

1997 йил 27 июнида БМТ воситачилиги ва кўмагида, шунингдек, Россия, Эрон, Қозоғистон, Афғонистон, Покистон, Қирғизистон ва Туркманистон каби кафолатчи мамлакатлар назорати остида Москвада тинчлик ва миллий муроса ҳақида битим имзолаганди.

Битимдан сўнг ТИУПга ҳукуматнинг 30 фоизини берилди. Бироқ бу улуш вақт ўтиб озайди, ўтган йил март ойида эса парламент сайловидан кейин ҳукуматда унга биронта ўрин қолмади. Имомали Раҳмоннинг Тожикистон Халқ Демократик Партияси мутлақ ғалаба қозонди, парламентда қолган ўринлар ҳам президентни дастаклаган партияларга насиб қилди.

Тожикистондаги энг йирик мухолиф партия – ТИУПни парламентдан бутунлай чиқариб ташланиши кўпчилик томонидан ҳукуматнинг узоқни кўра билмаган қадами сифатида баҳоланди.

Ўтмишда ТИУП ва Раҳмон ҳукумати умумий мақсадларга эришиш учун бир неча бор ҳамкорлик қилган. ТИУП фуқаролар уруши йилларида мухолифат қўмондонлари бўлган шахсларни йўқ қилишга қаратилган ҳукумат уринишларини қўллаб-қувватлади. Тинчлик битими имзолангач, илк йилларда ТИУП турли қуролли гуруҳларни бостиришда ҳукуматга ҳаттоки амалий ёрдам ҳам берган.

ТИУП вакилларига кўра, тинчлик шартномаси тузилганидан 18 йил ўтиб, Тожикистонда “нафақат эришилган битимга зид бўлган, балки аввалгидан ҳам ёмонроқ бўлган вазият вужудга келди”.

“Тожикистон Республикаси ҳукумати ТИУПнинг вазминлиги ва муросасозлигидан, тожикларнинг миллий мулоқоти кейинги тақдирига жаҳон ҳамжамияти эътибор бермай қўйганидан фойдаланиб, аҳолини янги қонли уруш чиқиши мумкинлигидан қўрқитиб, ўзининг тинчлик-осойишталик бўйича шеригига нисбатан босим ва таҳдидлар сиёсатини кучайтирди. Шу билан бирга, ТИУП аъзолари ва тарафдорларига нисбатан босим ўтказишнинг барча ноқонуний ва ғайриаҳлоқий йўлларидан фойдаланган ҳолда, партия вакилларини ижроия ва қонун чиқариш ҳокимиятларидаги ўринларидан мосуво қилишди, мамлакатда расман рўйхатдан ўтган партия фаолиятини тўхтатишга эришмоқчи бўлишаяпти. Бу вазият шунга олиб келдики, партия аъзолари жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, ТИУПнинг минглаб аъзолари партиядан чиққани ҳақида ариза ёзишга мажбурланди, бошқалари эса мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишди”, дейилади ТИУП мурожаатида.

ТИУП раҳбарлари фикрича, Тожикистон давлат ҳокимияти органларининг бу хатта-ҳаракатлари мамлакат конституцияси меъёрлари ҳамда тинчлик ва миллий муроса тўғрисидаги битимга зид келибгина қолмай, Марказий Осиё минтақасидаги хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG