Линклар

Россия АҚШнинг янги ҳарбий стратегиясини "конфронтацион" дея танқид қилди


Россия АҚШнинг янги ҳарбий стратегиясини “конфронтацион” дея танқид остига олиб, Украина боис Вашингтон билан Москва ўртасида ёмонлашган муносабатларни яхшилаш уринишларига ҳисса қўшмайди, дея баён қилди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 2 июль куни қилган чиқишида Қўшма Штатлар очиқлаган стратегия Россияга нисбатан "ҳеч қандай холис ёндашувга эга бўлмаган конфронтацион муносабатдан" даракдир, дея таъкидлади.

Вашингтон 1 июль куни эълон қилган ҳужжатда Россия ўз қўшнилари суверенитетини ҳурмат қилмаслигини мунтазам намойиш қилиб келаётгани ва ўз мақсадларига эришиш учун куч ишлатишдан қайтмаслиги қайд этилган. Россиянинг ҳарбий хатти-ҳаракатлари минтақа хавфсизлигига бевосита ва билвосита таҳдид солиши ҳам таъкидланган ҳужжатда.

Пентагон очиқлаган стратегияда Украина можаросида Россия қўшинлари бевосита иштирок этаётгани қайд этилади. Москва Украинадаги россияпараст айримачиларга ёрдам жўнатаётганини рад этиб келади.

Украина бўҳрони боис Москва билан Ғарб ўртасидаги муносабатлар Совуқ уруш давридан бери энг ёмон даражага тушиб қолган. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиши ортидан Москвага қарши санкциялар қўллаган.

XS
SM
MD
LG