Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:31

“Исломий Давлат”ни мазах қилган янги шоу шов-шувларга сабаб бўлди


Носир ал Қасабий (ўнгдан иккинчи) Selfie шоусида "Исломий давлат" жангариси ролини ижро этмоқда.
Носир ал Қасабий (ўнгдан иккинчи) Selfie шоусида "Исломий давлат" жангариси ролини ижро этмоқда.

“Исломий Давлат” гуруҳини мазах қилувчи телешоу муаллифи бўлмиш саудия арабистонилик ҳажвчи ҳам олқиш ва мақтовларга сазовор бўлди, ҳам ўлим таҳдидларини олди.

Selfie деб номланувчи 45 дақиқалик телешоу рамазон ойида Саудия Арабистонига тегишли MBC панараб каналида эфирга узатилмоқда. Шоунинг муаллифи 53 ёшли қизиқчи Носир ал Қасабийдир.

Телешоуда “жинсий жиҳод” ва жинсий қуллик, қамчилаш ҳамда каллакесарлик ҳажв қилинади.

Қасабий ўз телешоусида “Исломий Давлат” сафига қўшилган ўғлини топиш учун Сурияга борувчи ота ролини ўйнайди. Қасабий қаҳрамони Сурияда ёлғондан жангари гуруҳ аъзоси бўлишни хоҳлашини айтади. Аммо унинг мақсади ошкор бўлади ва бечора ота ўлим жазосига ҳукм қилинади.

Selfieда “Исломий Давлат” жангарилари аҳмоқ, масхарабозсифат каллакесарлар қабилида тасвирланган бўлса-да, шоуда жангари гуруҳнинг одамларга қандай қилиб руҳан таъсир кўрсатиши ҳамда оилаларни барбод қилиши ҳам кўрсатилади.

Бир саҳнада “Исломий Давлат” жангарилари Қасабийни ўлим жазосига ҳукм қилади. Ота ўз ўғли унинг бошини олишни истаётганидан ҳайратга тушади.

Ўлим таҳдидлари

Қасабийнинг телешоуси ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинди.

“Исломий Давлат”га хайрихоҳлар Қасабийни қоралади. Айримлар ҳажвчини эътиқодидан қайтганликда айблади. Табиийки, Қасабийнинг боши олишини айтиб таҳдид қилганлар ҳам бўлди.

Бир Twitter фойдаланувчиси Қасабийга жангарилар “бошингни танангдан жудо қилмагунча тинчимайдилар, умид қиламизки, бир неча кун ичида”, деб ёзди. Кейинроқ бу ҳисобга тўсиқ қўйилди.

Мақтовлар

Ижтимоий тармоқлардаги бошқа араб тилидаги фойдаланувчилар Қасабийни ва унинг ишини қўллади.

Телешоу ва унинг муаллифини қўлловчилар орасида бир неча ҳештег, жумладан, “Selfie”нинг арабча эквивалентлари, “Раҳмат Носир ал Қасабий” ҳамда “Ҳаммамиз Носир ал Қасабиймиз” каби ҳештеглар оммалашди.

Twitter фойдаланувчиси Муҳаммад Элиас “Раҳмат Носир ал Қасабий” ҳештегидан фойдаланиб: “Мана шу ҳақиқий жиҳод, ИШИД ҳақида сўзлаш учун ўз карьерасини ва оиласини хавф-хатарга қўйди”, деб ёзди.

Бошқа Twitter фойдаланувчилари Қасабий “Исломий Давлат” ҳақида ҳақиқатни айтганини таъкидлашди.

@hussainalhejji Қасабий “фикрлашини тўхтатиб қўйганлар учун #ИШИД ҳақида ҳамма нарсани кўрсатди” деб ёзди. @Mona_AlShehri деган яна бир фойдаланувчи ҳажвчининг телешоусида “ачинарли ҳақиқат” акс эттирилганини айтди.

Ўз отасининг бошини олишни хоҳловчи ўғил саҳнаси жуда таъсирчан чиққани айтилди. @AboodyB92 телешоу “Исломий Давлат” “воқелигини кўрсатади”, деб ёзди. @DrMariamFida сўнгги саҳнадан қаттиқ таъсирланганини билдирди.

Қасабий Twitter фойдаланувчиларини уни қўллаб-қувватлаганлари учун раҳмат айтиб ёзган хабар 23 июнга қадар 16 700 мартадан ошиқ марта қайта твит қилинди.

“Twitter ҳисобим мени ҳақорат қилаётганлар ва менга ҳар хил сўкиниш ва қўрқитишлар билан таҳдид солаётганлар билан тўлиб кетди”, деб ёзди Қасабий. “Мен уларга хотиржам қолишларини айтиб, рамазон билан табриклайман, шоу эндигина бошланди!”

Саудия Арабистони ташқарисида

Selfieда “Исломий Давлат”нинг мазах қилиниши Арабистондан бошқа мамлакатларда ҳам ўз таъсирини кўрсатди.

Иорданиянинг Ал-Гад газетаси Selfieда “Исломий Давлат” ҳақида ҳақиқат кўрсатилганини айтди. Газетада яна телешоу йил бошида жангариларнинг иоардиниялик учувчини тириклайин ёқиб юборганини ҳали унутмаган Иоардания халқига таъсир қилгани айтилди.

Ал-Ҳаёт панараб газетаси Қасабийни ўз жамиятини “Исломий Давлат” мусибати ҳақида огоҳлантириш учун ўзини хавф-хатарга қўйганини олқишлади.

Қасабий “Исломий Давлат” билан курашиш учун ҳажвдан фойдаланган илк одам эмас.

Январь ойида жангарилар икки япон асирининг бошини олишларини айтиб таҳдид солишганидан кейин япониялик Twitter фойдаланувчилари “Исломий Давлат”ни мазах қилувчи расмларни тарқатган эди.

Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири Жоанна Парасюк қаламига мансуб ушбу мақолани Нодир Атаев инглиз тилидан таржима қилди.

XS
SM
MD
LG