Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:49

Ўшда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф кутубхонаси очилди


Ўшдаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги кутубхона биноси.
Ўшдаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги кутубхона биноси.

Ўшда 3 июнь, жума куни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги кутубхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўш шаҳрида жума намозидан бир неча соат аввал Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги кутубхонанинг очилиш маросими ўтказилди. Тадбирга шаҳар қозияти, Бишкек Университети вакиллари ҳамда турли миллатдаги маҳаллий ёшлар иштирок этди.​

Ҳозирда асосан диний адабиётлардан иборат кутубхонада диний китоблардан ташқари турли ўқув қўлланмалари, болалар учун мўлжалланган адабиётлар, юридик китоблар, ўзбек, қирғиз, рус ҳамда ғарб мумтоз адабиёти асарларини топиш мумкин бўлади.

Масалан, кутубхонада Алишер Навоий, Яссавий, Машраб, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, қирғиз халқ ёзувчиларидан Чингиз Айтматов, Тўлаган Қасимбеков, Алиқул Ўсмўнов, ғарб адабиётидан Агата Кристи, Артур Конанд Доил, Франц Кафка каби ижодкорлар асарларидан баҳраманд бўлиш мумкин.

Кутубхона ходимлари эса ҳозирда ўзларида Шайх ҳазратлари ижодига мансуб 70-80 фоиз китоблар борлигини ва келажакда уларни янада кўпайтириш ниятида эканликларини айтишади:

- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф китобларининг бизда ҳозир 70-80 фоизи бўлса, келажакда юз фоиз асарларини олиб келмоқчимиз. Мақсадимиз фақат Шайҳ хазратлари китобинигина эмас, бошқа олимларнинг китоблари, илмий китоблар, адабий, қирғиз адабиёти каби китобларни олиб келмоқчимиз. Бу ер маданий марказ бўлади. Келажакда бу ерда илим олиш майдончаси бўлади деган ниятимиз бор, -дейди кутубхона ташкилотчиларидан бири Азамат Насиров.

Ўшлик китобсеварлар кутубхонанинг очилишини уйғониш даври сифатида баҳолашмоқда. Улардан бири ўшлик Бегижон Ахмедов:

- Ҳозир қайтадан уйғониш даври, янги уйғониш даври пайдо бўлаётганига ўхшаяпти. Чунки Ўшда илимга бўлган интилиш, китоб ўқишга бўлган интилиш, ёзувчилар сони кўпайгани ва қизиқишнинг кўпайгани ва уларга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари номидаги кутубхона очилиши катта воқеа деб ҳисоблайман, - дейди ўшлик ижодкорлардан бири Бегижон Ахмедов.

Айтиш жоизки кутубхона учун Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф китоблари Ўзбекистондан олиб келинади.

Ўзбекистоннинг илк муфтийси бўлган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳаёти давомида 100дан зиёд китоб ёзган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шу йилнинг 10 март куни 62 ёшда Тошкентда вафот этган. Шайх жанозасида 200 мингдан зиёд инсон қатнашгани хабар қилинган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номини абадийлаштириш ишлари дунёнинг бир қатор мамлакатларида амалга оширилмоқда. Масалан, Қозоғистонда бир масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилди, Жанубий Кореяда ҳам шундай ишлар амалга оширилди. Чеченистонда Рамзан Кадиров ташаббуси билан бир кўчага Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилган.

XS
SM
MD
LG