Линклар

Бир йилда ота-онаси мардикорга кетган 200 дан ошиқ 13 яшар қиз туғиб қўйди


Ўзбекистон маънавият мутасаддилари иддаосича¸ ëшларнинг маънан қашшоқ бўлишига улар ота-оналарининг бойлик орзусида четга ишлашга чиқиб кетаëтгани сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон маънавият мутасаддилари иддаосича¸ ëшларнинг маънан қашшоқ бўлишига улар ота-оналарининг бойлик орзусида четга ишлашга чиқиб кетаëтгани сабаб бўлмоқда.

Бу рақамни Ўзбекистон Маънавият-тарғибот маркази раиси келтирди. Маънавият учун расман маъсулларнинг 1 июль куни ашулачилар билан ўтказган тадбири “Жаҳолатга қарши маърифат” деб номланди. Унда гапирган вазир ва бошқа расмийлар ота-онаси “бойлик” қидириб Россия ва Қозоғистонга кетган болалар тарбияси¸ ëш авлоднинг маънавий ва маърифий қиëфасини шакллантириш маъсулиятини ашулачи-машшоқларга юкладилар.

1 июль куни Тошкент марказидаги Миллий кутубхонада “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика Маънавият-тарғибот маркази ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда маънавият соати ташкил қилди.

Жамоатчилик¸ биринчи галда эса¸ ëш авлод маънавиятини шакллантиришда таъсири кучли бўлган поп қўшиқчиларнинг ўзига маънавиятдан сабоқ берилди.

Санъаткорларга “маънавият сабоғи”ни Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов, Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари¸ сиёсатшунослик фанлари доктори Қаҳрамон Қуронбоев ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист ¸ сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбековлар ўтди.

“Тизим раҳбарияти ва таниқли сиёсатшунослар эстрада хонандаларига Марказий Осиё ва жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги ижтимоий-сиёсий вазият, вайронкор ғоялар билан яшаётган ғаразли кучлар, юртимизда амалга оширилаётган барча бунёдкорликлар, тўй-тантаналар асоси тинчлик-хотиржамлик эканлиги ҳақида атрофлича маълумотлар бериб ўтишди”¸ деб ëзди бу тадбирни ëритган Ўзбекистондаги расмий ва ярим расмий Интернет нашрлари.

Ўзбек санъатига социалистик реализм талаблари қайтди

“Маънавият соати”ни бошлаб берган Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов эстрада қўшиқчиларига севги-муҳаббат ҳақидаги ашулаларни қўйиб¸ ватандаги буюк ишлар¸ хусусан¸ ғаразли “курмак”лар кўра олмаëтган тинчликни мадҳ этиш топшириғини юклади:

- Биринчи навбатда шукрона келтиришимиз керакки¸ юртимизда тинчлик¸ Худога шукур. Ҳамма ўзини вазифаси билан¸ кимдир хонандалик қивотти¸ кимдир созандалик қивотти¸ кимдир шеър ëзаяпти¸ кимдир ижод билан шуғулланвотти¸ ҳар хил касб эгалари ўзини касби билан ишлаш учун ҳамма нарса муҳайë. А бу нарса учун шукрона келтиришимиз керак. А шукрона келтирибгина қомасдан¸уни шарафлашимиз керак¸ улуғлашимиз керак¸ иложи борича¸ а ташқарида бўвотган муносабатга ўзимиззи фикримиззи билдиришимиз керак.

...Шунинг учунам фақатгина севгидан иборат бўлиши керак эмас қўшиқлар. Фақатгина бир йўналишдаги бир томонлама қўшиқладан иборат бўлиши керак эмас. Бугунги жамиятга бўладиган фикрини қўшиқда¸ шеърда¸ қолаверса ижодда қанақадир кўрсатиб берса¸ мана шу бўвотган ишларга ўзини фикрини билдирган бўлади (вазирнинг гапи айнан матнга туширилди – таҳр.)¸ деди Маданият ва спорт ишлари вазири эстрада хонандаларига қарата.

Катта бўлса Россияга кетадиган болалар авлоди – маънавиятсизлик меваси!

Вазирдан сўнг ташқари ва ичкарида бўлаëтган воқеаларга муносабат билдириш навбати Республика Маънавият-тарғибот маркази раҳбари Қаҳрамон Қуронбоевга берилди.

“Қирғизистон¸ Украина¸ сўнгра Миср¸ Тунис¸ Ироқ ва Шомдаги “маънавиятсизликлар”га тўхталгач Ўзбекистоннинг бош маънавиятчиси¸ асосан, эстрада санъаткорларига эргашувчи ўзбек жамияти¸ хусусан¸ ëшлари маънавияти¸ аниқроғи маънавиятсизлиги муаммосига ўтди:

- Мана ҳозир¸ ўрис билан қозоққа мардикор бўлиб ишлашга кетаяпти ўзбекларимиз. Бундан 10 йил олдин битта районда битта ë иккита СПИД касаллиги учраб қоларди. Битта районда ҳозир юздан ошиб кетган СПИД. Республика бўйича СПИДга чалинган гўдаклар 2000 дан ошиқ. Гўдак! Эр кетаяпти у ëққа ялло қилиб¸ ишлайман деб. Нима бало қилаëтганини ўзи билади. Келаяпти хотинга юқтираяпти. Эр у ëққа кетгандан кейин хотин ҳам инсон¸ ҳаëт – уям кўнглига тушганини қилаяпти. Ўртада ким сарсон – боласи! Бош вазиримиз маънавият кенгашимизни раиси¸ бир вилоятга бориб болалар билан суҳбатлашса¸ “Ким бўласан катта бўлганда?” деса¸ “Ман Россияга кетаман” дебти¸ деди артистлар орасида енгил кулгу уйғотган маънавият мутасаддиси.

Акаси ë отасидан туғаëтган қизлар кўпаймоқда...

Ўзбекистон бош маънавиятчиси таъкидича¸ ватанида қолса ҳам очдан ўлмайдиган ўзбекларнинг уялмасдан Москва кўчаларини супуриб¸ бойлик қидириб юришни афзал билиши ортидан ота меҳри ва қаҳридан бехабар¸ маънавиятдан маҳрум авлод вояга етмоқда.

Бу фикр исботи учун расмий¸ жамоатчиликка кўп ҳам очиқланмайдиган айрим рақамларни тилга олди:

- 2013 йилги маълумотни айтаман. 13 ëшли 200 дан ошиқ қизимиз туғиб қўйди. 13 ëшида 200 тадан ошиқ ўзбекистонлик қиз туғди! Бу қизларнинг аксариятининг ë отаси кетган ë онаси кетган ëки ота-онаси кетган¸ бола бу ерда сарсон. Мана яқинда эшитган бўлсанглар¸ Хоразмда 12 яшар қиз ўзининг акасидан туғди. Тошкент шаҳрида ўтган йили бўлган воқеа – Юнусободда иккита 13 яшар қизимиз ўзини отасидан туғди. Мана энди савол туғилади – маънавият керакми ë керак эмасми? деди Республика Маънавият-тарғибот маркази раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев.

Бу ташвишли рақамларни келтирган Қуронбоев эстрада қўшиқчиларига “озгина¸ бир оғиз гапингиз сизларники бизларникига қараганда минг даража кучли бўлиб таъсир қилади. Чунки ҳар битта ëш учун сизлар идеал” дея мурожаат қилиб¸ уларни кўпайиб бораëтган маънавиятсизликка қарши курашда фаол бўлишга даъват қилди.

Айбни мардикорга тўнкаб¸ ишни машшоққа юклаш билан ҳеч нарса ўзгармайди...

Маънавият қўриқчиларининг ўзбек жамияти¸ айниқса¸ ëш авлод маънавиятини кўтариш вазифасини ашулачиларга юклашини шарҳлаган шоира Дилором Исҳоқова¸ буни “қўзичоқларни бўрилар қўлига топшириш” деб баҳолайди:

- Маънавиятсизликнинг энг муҳим бўғинларидан бири ўзи шу маънан қашшоқ машшоқлар билан шоирлардир. Улар режимга хизмат қилиб¸ жамиятимизнинг энг ëмон иллатларини хаспўшлаб¸ уни бекитиш билан овора бўлиб юрганларнинг ўзи бориб турган маънавиятсизликдир. Булар ҳеч нарсани тўхтатиб беролмайди¸ чунки иллатларнинг илдизи бошқа жойда. Маънавиятимиз қўриқчилари қанақасига гапни айлантирмасин¸ буни айтадиган ашуласининг тайини йўқ¸мусиқани бир-биридан ўғирлаб¸ фонограммадагина ашула айтиб¸ иши фақат пул кетидан қувиш бўлиб қолган машшоқлару¸ шеъри ëлғондан иборат шоирлар билан тўхтатиб бўлмайди. Аввал буларнинг ўзи маънавият нималигидан сабоқ олсин. Фарзандларимизнинг бунчалик маънан қашшоқ бўлишига шулар ҳам айбдор¸ энди маънавиятни кўтаришни шуларга топшириш¸ бўрининг қўлига қўзичоқни топшириш билан баробардир. Одатдагидек¸ ҳукуматимиз масалани тескари қўяди¸ масаланинг илдизини қашшоқ машшоқлар билан ëпиб¸ айбни оила боқаман деб қаëққадир ишга кетган оддий инсонларга тўнкаш билан қутулмоқчи бўлади. Аввал бу маънавиятсизликнинг сабабини аниқласин. Минг афсуски¸ булар доимгидек сабаб эмас¸ оқибат билан курашмоқчи бўлаяпти яна¸- дейди Дилором Исҳоқова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG