Линклар

Афғонистон шимолида Ўзбекистон Исломий ҳаракати етакчиси ўлдирилди


Ўзбекистон Исломий ҳаракати сўнгги пайтларда Афғонистоннинг шимолий вилоятларида яна фаоллашмоқда.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати сўнгги пайтларда Афғонистоннинг шимолий вилоятларида яна фаоллашмоқда.

Афғонистон шимолида Ўзбекистон Исломий ҳаракати етакчиларидан бири ўлдирилди. Бағлон вилоятида полиция постига жангарилар ҳужуми пайтида чиққан жангда бир неча нафар Толибон жангариси ҳам ҳалок бўлгани айтилмоқда. Афғонистон шимолида кейинги пайтларда Ўзбекистон Исломий ҳаракати дохил минглаб жангарилар тўпланаётгани хавотирларга сабаб бўлмоқда.


Бағлон вилоятининг Борка туманидаги полиция маҳкамасига пайшанба куни жангарилар уюштирган ҳужумнинг қайтарилиши натижасида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг нуфузли етакчиларидан бири ўлдирилди.

Борка тумани ҳокими Абдулжаббор Исломийнинг Озодликка айтишича, 2 июль куни ўлдирилган Қори Руҳулло, дея танилган жангари Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Жундуллоҳ қаноти етакчиси бўлган.

- Жундуллоҳ ҳаракатининг Бағлон ва Афғонистон шимолидаги асосий етакчиси Қори Ҳикматуллоҳ номи билан танилган Қори Гулбуддин пайшанба кунги жангда ўлдирилди.Бу жангари Халқаро кучлар тарафидан анчадан бери қидирувда бўлган. Бундан ташқари бу жанг пайтида Толибон ҳаракати Таҳор вилояти Экамеш тумани ҳокими, дея эълон қилган Қори Салоҳиддин яраланди. Биздаги рақамларга кўра, операция пайтида толиб жангариларидан тўрт нафари ўлдирилган ва олти нафари яраланган,- деди Бағлон вилояти расмийси.

Маълум бўлишича, 2 июль кунги жангда ўлдирилган Қори Ҳикматуллоҳ Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Афғонистон шимолидаги жанговар операцияларини ишлаб чиқиш учун масъул шахс бўлган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати сўнгги пайтларда Афғонистоннинг шимолий вилоятларида яна фаоллашиб бормоқда. Ўзбек жангарилари Афғонистондаги Толибон ҳаракати билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Вазиятнинг жиддий тус олаётгани нафақат Афғонистон балки қўшни мамлакатларда ҳам хавотирларга сабаб бўлмоқда. Афғон расмийларининг билдиришича, мамлакат шимолидаги Қундуз, Бадахшон, Бағлон вилоятларида минглаб жангариларнинг тўпланаётгани кузатилмоқда. Маҳаллий ҳарбийлари маълумотига кўра, жангариларнинг аксари Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларидан бўлган хорижликлардир.

Ўтган ойда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати мулозими Афғонистоннинг мамлакат сарҳадларига яқин минтақаларида жангарилар тўпланаётгани билан боғлиқ вазият кузатилаётганини таъкидлаган эди.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари апрель ойида Бадахшон вилоятининг Журм туманида ҳукумат идораларига йирик ҳужум уюштирган эди. Ўшанда Озодлик билан гаплашган Бадахшон вилояти расмийларидан бири минтақага оилалари билан кўчиб келаётган жангариларнинг аксари ЎИҲга алоқадор эканини таъкидлаган эди.

24 апрель куни Қундуз вилояти ҳокими Умар Сафий Озодликка берган суҳбатида вилоятининг бешта туманида уч мингга яқин жангари ҳаракат қилаётганини билдирган эди. “Улар Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркия ва Чеченистондан келишган”, дея таъкидлади расмий.

Марказий Осиёда Исломий давлат қуришни мақсад қилган ЎИҲ 1990 йилларда минтақадан сиқиб чиқарилгач, ўша пайтда Толибон назоратида бўлган Афғонистонда паноҳ топган эди. 2001 йил 11 сентябр воқеалари ортидан АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция Толибон режимини ағдарганидан кейин ЎИҲ Покистоннинг Шимолий Вазиристон минтақасига кўчган.

Лекин кейинги йилларда Покистон ҳукумат кучларининг жангариларга қарши ҳарбий амалиётлари ва маҳаллий қабилаларнинг ўзбек жангариларидан норозилиги ошиши боис ЎИҲ яна Афғонистонга қайтишга мажбур бўлди.

XS
SM
MD
LG