Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:34

Олмаотада Ўзбекистон консуллиги пикет қилинди


Акция иштирокчилари
Акция иштирокчилари

Олмаотадаги Ўзбекистон ваколатхонаси олдида йиғилган “Болашақ” ёшлар ҳаракати фаоллари Ўзбекистон чегарачилари томонидан Жанубий-Қозоғистон вилояти фуқароси Уалихан Ахметов отиб ўлдирилганига қарши норозилик акциясини уюштирди. Озодлик мухбири хабарига кўра, пикетчилар олдига чиққан ўзбек элчилиги вакили уларнинг мурожаатномасини қабул қилмасдан, ичкарига кириб кетган. Бу можаро ортидан Қозоғистон чегара, миграция ва милиция идоралари ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари устидан назоратни кучайтиргани айтилмоқда.

“Болашақ” Республика ҳаракатининг бир гуруҳ вакиллари жума, 3 июль куни Ўзбекистоннинг Олма-Отадаги консуллиги биноси олдида норозилик намойиши уюштирди.

“Биродарлар, биз сизларга ўқ ўзмадик!” плакатини кўтариб олган пикетчилар 28 июнь куни кечқурун Сирдарёда қайиқда сузиб балиқчилик қилаётган қозоқ фуқароларига нисбатан ўқ отган ва бирини ўлдириб, бошқасини яралаган ўзбек чегарачиларини жавобгарликка тортиш талаби билан чиқди.

Қозоқ ёшларига кўра, улар Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов номига хат ёзиб уни элчихона вакилларига топширишни режалаштирган:

- Бугун биз бу ерга Ўзбекистон президентига атаб ёзилган хатни консулга топшириш учун йиғилдик. Биз унда чегарада содир бўлган ҳодиса юзасидан ўз норозилигимизни билдирамиз. Биз биродар халқлармиз, қўшнилармиз. Бизнинг чегарачиларимиз ва миграция полицияси ходимларимиз қурилишларимизда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари, гастарбайтерларни ўлдираётгани йўқ,- деди “Болашақ” ҳаракати раҳбари Даурен Бабамуратов йиғилган журналистларга.

Шунингдек, нома ҳозирлаган фаоллар Қозоғистон фуқаролари Уалихан Ахметовнинг ўлдирилиши ва Женис Бекешовнинг ярадор бўлиши юзасидан одил тергов ўтказиш, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси эса кечирим сўраб, уларнинг яқинларига моддий кўмак бериши кераклигини талаб қилиб чиқди.

Бироқ, пикет давомида Ўзбекистон элчихонасидан норозилар олдига бирор киши чиқмагани айтилмоқда.

Даурен Бабамуратов Озодликка Тошкентнинг мавжуд вазият юзасидан берган расмий жавоби ғазаблантирганини билдирди:

- Билишимча, Қозоғистонда Ўзбекистон фуқароси бўлган 300 мингдан зиёд меҳнат муҳожири ишлаб келади, уларнинг аксарида ҳужжатлари жойида эмас. Агарда уларни чегарачиларимиз, миграция полицияси ҳужжатлари жойида эмас, дея отишни бошласа, тасаввур қиласизми?! Қани бизнинг ака-укачилигимиз, бизнинг иттифоқимиз? Ўзаро имзолаган ўнлаб давлат ҳужжатларимиз қаерга кетди? Афсуски, ўзбек томони бу давлатлараро шартномаларни, ҳужжатларни мутлақо писанд қилмаяпти,- дея баёнот берди ҳаракат етакчиси Даурен Бабамуратов.

Ёшлар ҳаракати фаоли, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегара “жуда мавҳум” экани, у ерда яшовчилар учун уни бузмасликнинг мутлақо иложи йўқлигини маълум қилди. Даурен ўзбек элчиси ўлдирилган Уалихан Ахметовнинг етим қолган етти нафар фарзандидан кечирим сўраши керак, деди.

Йиғилганлар олдида қилган чиқишида Бабамуратов сўнгги бир неча йил ичида қозоқ-ўзбек чегарасида Ўзбекистон Чегара хизмати ходимлари томонидан 33 нафар Қозоғистон фуқароси отиб ўлдирилгани тўғрисида маълумотга эга эканини гапирди.

Ундан ташқари, “Болашақ” ҳаракати намояндаси қозоқ тадбиркорларини ишга ёллаган “ўзбек гастарбайтерлари”нинг 10 фоиз иш ҳақини ўлдирилган қозоқ фуқароси оиласига ундириб беришга чақирди.

Айни пайтда, Қозоғистон чегараси ва ичкарисида Ўзбекистон фуқароларига нисбатан назорат кучайтирилгани тўғрисида хабарлар келмоқда. Ўтган бир сутка давомида Қозоғистон миграция қонунчилигини бузганликда айбланиб 16 нафар ўзбекистонлик маъмурий жавобгарликка тортилгани ва 5 минг тенге жарима солинганини Қозоғистон Чегара хизмати расмий сайти хабар қилди.

Олдинроқ, Қозоғистон бу ҳодиса юзасидан норозилик билдиргани ва бу борада Тошкентга махсус нота топшириши ҳақида 30 июнь куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот тарқатганини Озодлик маълум қилганди.

Ўзбекистон Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси ҳам 29 июнь куни ўзбек-қирғиз чегарасида содир этилган воқеага расмий муносабат билдирган эди. Унда ўзбек чегарачилари “чегарабузар икки шахсга нисбатан қурол қўлланилгани”ни томонлар муҳокама қилгани билдирилган.

XS
SM
MD
LG