Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:41

Кремлнинг совуқ уруш орзуси


Россияда "миллий бирдамлик" куни.
Россияда "миллий бирдамлик" куни.

Шу йил бошида ўтказилган сўровга кўра, россияликларнинг 80 фоиздан кўпроғи Қўшма Штатлар ҳақида салбий тасаввурга эга. Хўш, нима учун Россияда аксилғарб кайфияти кучайиб бормоқда? Бундан ким манфаатдор? Айни саволларга Озодлик мухбири Браян Уитмор жавоб излаган.

Санкт-Петербургда фаоллар «Мустақиллик куни» муносабати билан АҚШ консуллигига келган меҳмонларни масхара қилиб, филмга олишди, уларга санкциялар ва айни жинсдаги инсонлар ўртасидаги никоҳлар ҳақида саволлар ёғдиришди.

Иркутск вилоятининг Братск шаҳарчасида эса ўсмирлар “Ёшлар куни”ни АҚШ президенти Барак Обама сурати туширилган стендни тепиш билан нишонлашди. Президент юзига тепишга муваффақ бўлганларга беш бал, қорнига қадар тепганларга тўрт бал берилди.

Ярославль вилоятида жойлашган Бреховская қишлоғида бир шахс ўз дўстини "Америка жосуси" дея гумон қилиб, ҳалок этди. Кейин эса полицияга телефон қилиб, хавфли ажнабий жосусни зарарсизлантирганини айтди.

Албатта, аксиламериканизм Россия учун янгилик эмас.

Шу йил бошида мустақил “Левада” маркази ўтказган сўров россияликларнинг 80 фоиздан кўпроғи Қўшма Штатлар ҳақида салбий тасаввурга эга эканини кўрсатган.

Бу собиқ Совет республикалари орасида энг юқори кўрсаткичдир.

Аммо буларнинг бари охирги пайтларда тобора бемаъни, жазавали ва ҳалокатли тус олмоқда.

Аксиламерика кайфияти Давлат Думасининг вакили Евгений Фёдоров кабилар томонидан ҳам кучайтирилмоқда. Евгений Фёдоров яқинда "Қўшма Штатлар мени ўлдирмоқчи ва болаларимни осмоқчи," деган баёнот билан чиқди.

Аксиламериканизмни қўллаб-қувватлаётганлар орасида Кремль расмийлари ҳам бор.

Мисол учун, Россия Хавфсизлик Кенгашининг котиби Николай Патрушев ўтган ой “Коммерсант” газетасига берган интервьюсида Қўшма Штатлар “Россиянинг давлат сифатида йўқ бўлишини жуда ҳам истайди”, деб айтди.

Патрушев баёноти афтидан меъёридан ошган кўринади. «Независимая газета» таҳририяти юқори рус мулозими сўзларини “мисли кўрилмаган”, дея баҳолади. Газетанинг илова қилишича, бундай чиқишлар Россияда аксиламерикачилик тўлқини нафақат тактик ёки лафзий эканини кўрсатади.

Агар аксиламерикачилик нафақат "манёвр, балки стратегик танлов бўлса”, деб ёзади газета, демак, Россиянинг Ғарб билан можароси “қайтмас нуқта”га яқинлашмоқда.

Буларнинг барини қисман ўйин маҳорати ва қисман Кремль драматургияси, деб аташ мумкин. Томошадаги муҳим нуқта - Владимир Путин режими ёвуз ғарб кучлари Россияни ўраб олганини кўрсатиш билан оммага ўз ҳокимияти қонуний эканини кўрсатишга интилмоқда. Томошадаги ёвуз қаҳрамон эса, табиийки, Қўшма Штатлардир.

Аксиламерика кайфияти борган сайин кучли манифест шаклини олмоқда.

Россия Ғарб билан ҳақиқий Совуқ урушга кириша олмайди. Бунинг учун у на ҳарбий ва на иқтисодий қудратга эга. Қолаверса, Кремлда либерал демократик капитализмга қарши тура оладиган муқобил тузум йўқ.

Аммо Россия ўз халқи учун Совуқ уруш иллюзиясини яратиши мумкин.

Браян Уитмор қаламига мансуб ушбу мақола Озодлик ходимлари томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG