Линклар

Ўзбек олими Рамазон ойида дунёдаги энг йирик масжидга имомлик қилади


Ҳасан бин Абдулҳамид Бухорий

Ҳасан бин Абдулҳамид Бухорий

Саудия қироли Салмон асл миллати ўзбек бўлган Ҳасан бин Абдулҳамид Бухорийни шу йил Рамазон ойи ичида Масжид ал-Ҳарамда таровиҳ намозларига имом этиб тайинлади. Бу ҳақда Саудия давлат матбуоти 3 июль куни хабар берди.

Дунёдаги энг катта масжид ҳисобланган Масжид ал-Ҳарам мусулмонлар энг муқаддас жой деб билган Каъбани ўраб олган.

"Ҳарам" ёки "Ҳарам Шариф" деб ҳам тилга олинувчи ушбу масжид Ҳаж ва Умра пайтларида бир миллиондан зиёд намозхонни ўз бағрига сиғдира олади.

Масжид ал-Ҳарам ўқитувчиси бўлган доктор Ҳасан Абдулҳамид Бухорий Маккадаги Уммул-Қурро Университети уламолари кенгашининг аъзосидир.

Шахсий веб саҳифасида таъкидланишича, доктор Бухорий Уммул-Қурро Университетида шариат ва фиҳқдан таълим олган ҳамда 2008 йилда айни олийгоҳнинг докторлик унвонига лойиқ, деб топилган.

Унинг илмий иши 14-асрда Испанияда яшаб ўтган олим Умар ибн ал-Мулаққин рисолалари тадқиқотига бағишланган.

Бундан ташқари, доктор Бухорий 2005 йилда “Иқтисодий бойкотнинг ҳуқуқий асослари” китоби муаллифидир.

Уни таниган саудиялик ўзбекларга кўра, доктор Бухорий 2010–2011 йилларда Синегал, Гамбия ва Нигерияда араб тилида дарс берган.

Саудиялик ўзбеклар

Норасмий ҳисоб-китобларга кўра, Саудия Арабистонида келиб чиқиши ўзбек бўлганлар сони 50 мингга яқиндир.

Саудиялик ўзбеклар ҳақида илмий рисола муаллифи Байрам Балчининг Озодликка айтишича, ўзбеклар бу мамлакатга уч босқичда кўчиб ўтган.

- Асосан руҳонийлар, тижоратчилар ва зиёлилардан иборат илк оқим Марказий Осиёда Советлар ҳукумати барпо этилиши ортидан ҳижрат қилган. Ўзбек муҳожирларининг иккинчи тўлқини Сталин қатағонлари даврига тўғри келади ва учинчи тўлқини Советлар Афғонистонни ишғол этган 80-йилларга тўғри келади, - деди Байрам Балчи.

Олимнинг илова қилишича, Саудияда истиқомат қилган ўзбеклар асосан "Туркистоний", "Бухорий", "Фарғоний" каби исм ва фамилияларни олишган.

- Ўзбек муҳожирларининг кекса вакиллари ўзбек тилида яхши гапиришади. Аммо янги авлод вакиллари ўз она тилларини тобора унутиб боришмоқда, - деди Байрам Балчи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG