Линклар

Греция: 60 фоиз сайловчи кредиторлар шартларига қарши овоз берди


Референдум натижалари эълон қилинганидан кейин бир гуруҳ афиналиклар Европа Иттифоқи байроғини намойишкорона ёқиб юбордилар.

Референдум натижалари эълон қилинганидан кейин бир гуруҳ афиналиклар Европа Иттифоқи байроғини намойишкорона ёқиб юбордилар.

Якшанба куни Грецияда ўтказилган референдумда сайлов участкасига келган фуқароларнинг 60 фоиздан кўпроғи Европа Иттифоқи ва Халқаро валюта жамғармасининг мамлакатга қарз бериш шартларига қарши овоз берди.

Бу натижа, Греция Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, референдум бюллетенларининг 85 фоизи санаб бўлинганидан кейин қайд этилган.

5 июль оқшомида ҳукуматнинг минглаб тарафдори референдум натижаларини нишонлаш учун пойтахт Афина марказидаги Синтагма майдонига йиғилди.

Сўл радикал қарашдаги “Сириза” ҳукмрон партияси Грецияга қўйилаётган талабларни “таҳқирли” ҳисоблаб, фуқароларни кредиторлар шартларига “йўқ” дейишга даъват этган. Хусусан, бош вазир Алексис Ципрас сайловчиларни “қўрқув”га ва Евроҳудуддаги қарз берувчи давлатлар “террор”ига қарши овоз беришга чақирган.

Халқаро кредиторлар янги қарз бериш учун Грециядан тежамкор иқтисодий чораларга қўл уришни талаб қилганди. Бироқ Греция ҳукумати кредиторлар таклиф қилган солиқларни ошириш, нафақаларни қисқартириш каби қатор чораларни амалга оширишдан бош тортган.

Расмий Афина референдумдаги “манфий натижа” Европа Иттифоқи билан бўлажак музокараларда Греция учун яхшироқ шартларга эришиш имкониятини беришига умид қилмоқда.

Айни пайтда айрим таҳлилчилар бу каби натижалардан кейин Греция аксилинқироз ёрдамига умид боғламаса ҳам бўлаверади, дея таъкидламоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, референдум арафасида Европа молиявий барқарорлик жамғармаси (EFSF) Грецияни Халқаро валюта жамғармасига нисбатан расман банкрот давлат, деб эълон қилганди.

Душанба (6 июль) куни Франция президенти Франсуа Олланд ва Германия канцлери Грециядаги иқтисодий аҳвол билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилиш учун Парижда учрашишни режалаганлар.

Улар сешанба куни евроҳудуд лидерлари иштирокида Греция бўйича саммит ўтказишга чақирмоқдалар.

“Кредиторлар учлиги”дан бўлган Еврокомиссия ҳам Халқаро валюта жамғармаси ва Европа Марказий банки билан бир қаторда қарз мажбуриятларни бажариш шарти ўлароқ Афинадан солиқларни ошириш ва ижтимоий тўловларни қисқартиришни талаб қилмоқда.

Якшанба кунги референдумда кўпчилик халқаро кредиторлар олға сураётган шартларга қарши овоз бергани маълум бўлгач, Грециянинг собиқ бош вазири Антонис Самарас “Янги демократия” партияси раҳбарлигидан истеъфо берди. Самарас халқаро кредиторлар талабларини дастакловчи жамоатчилик кампаниясига бошчилик қилиб келаётганди.

XS
SM
MD
LG