Линклар

logo-print

Тошкент вилояти Зангиота туманида 17 ёшдан катта барча ёппасига тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Зангиота расмийларидан олинган маълумотга кўра, туман бўйича хориждан қайтганлар орасида ОИТС аниқланганлар сони ошгач, аҳолини оммавий тиббий кўрикдан ўтказиш бошланган. Бу жараённи назорат қилаётган милиция ходимлари ҳар бир шахсни поликлиникага боришга мажбурламоқда.

Зангиоталикларни ёппасига кўрикдан ўтказиш тадбири бир ҳафта аввал бошланган бўлиб, кўрикдан ўтишдан аввал ҳар бир киши милиция бўлимига бориб махсус суҳбатдан ўтиши шарт.

6 июль куни милиция бўлимига чақиртирилган зангиоталик манбанинг айтишича, милиция ходимлари кўпроқ хорижга чиққанларни саволга тутмоқда:

“Қозоғистонга нимага чиқдинг? Қачон, қайси куни, соат неччида чиқдинг? У ёқда ким билан учрашдинг? Нималарни гаплашдинг? Қачон қайтиб келдинг, деб сўрашди. Кейин у ёқда одам савдосига алоқадор ёки диний экстремистик вазиятларига дуч келмадингми, деган саволни ҳам беришди”, деди душанба куни милиция бўлимида суҳбатдан ўтган зангиоталик.

Махсус суҳбатдан ўтгач, ҳар бир киши тушунтириш хати ёзиб бериши лозим.

6 июль куни ушбу тушунтириш хатини ёзган зангиоталик хат нусхасини Озодликка жўнатди.

"Тушунтириш хати ҳамма учун бир хил нусхада. Ўша нусхани олиб исм-фамилия ва йилларини ўзгартириб ёзиш керак. Туғилганингдан бошлаб, ҳозиргача нима иш қилганингни ҳаммасини ёзиш шарт", деди зангиоталик.

Манбаларга кўра, махсус суҳбатдан ўтиб, тушунтириш хатини ёзганлар поликлиникага текширишга жўнатилади:

Ҳамма СПИДга қон топширишвотти. Фақат жуда қарилар текширишдан ўтмаса ҳам бўларкан. Бугун 72 ёшга кирган бир чолни чақирган экан УВДга. Суҳбатдан ўтиб, тушунтириш олгач, унга “сиз бораверинг, қон топширмасангиз ҳам бўлади”, дейишди. Бошқа ҳамма, балоғат ёшига етганлардан тортиб 50 ёшгача бўлган - хотин-қизи борми, эркакми - ҳамма текширишдан ўтиши лозим экан”, дейди зангиоталик манба.

Зангиота мутасаддиларидан олинган маълумотга кўра, кейинги пайтда туман аҳолиси орасида ОИТВ ва ОИТСга чалинганлар сони ошгач, мажбурий тиббий кўрик ташкил қилинган.

Мутасаддилар ушбу касалликни юқтирганлар сонини очиқламади.

Зангиота поликлиникаларидан олинган маълумотга кўра, ОИТС бўйича текширувдан ўтаётганлар туманнинг Эшонгузар қўрғонида жойлашган кўп тармоқли марказий поликлиникага жўнатилмоқда:

“Бизга келганларни Эшонгузарга йўналтираяпмиз. Бизда барча текшириш асбоблари йўқ. Шунинг учун СПИД бўйича текшира олмаймиз. Кейинги пайтда Қозоғистондан қайтганлар шу касални юқтириб келгани аниқланди. Фақат аниқ рақамлар менда йўқ. Сизга бирор рақам айта олмайман. Лекин ҳамма текширишдан ўтиши лозим. Буйруқ келган, шунақа қилмасак бўлмайди”, деди Зангиота туманидаги 1-сон "Келес" поликлиникаси ходимаси.

1 июль куни Тошкентда ўтган махсус йиғилишда ҳам ОИТС муаммоси тилга олиниб, бу касални юқтирганлар сони кескин ошгани қайд этилди:

"Мана ҳозир¸ ўрис билан қозоққа мардикор бўлиб ишлашга кетаяпти ўзбекларимиз. Бундан 10 йил олдин битта районда битта ë иккита СПИД касаллиги учраб қоларди. Битта районда ҳозир юздан ошиб кетган СПИД. Республика бўйича СПИДга чалинган гўдаклар 2000 дан ошиқ. Гўдак! Эр кетаяпти у ëққа ялло қилиб¸ ишлайман деб. Нима бало қилаëтганини ўзи билади. Келаяпти хотинга юқтираяпти. Эр у ëққа кетгандан кейин хотин ҳам инсон¸ ҳаëт – уям кўнглига тушганини қилаяпти¸" деди Республика Маънавият-тарғибот маркази раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев махсус йиғилишда.

Хориждан қайтган мардикорларни тиббий кўрикдан ўтказиш амалиёти 2008 йилдан буён қўлланилмоқда.

Лекин аҳолининг ёппасига тиббий текширувдан ўтказилиши илк бор Зангиотада кузатилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги ва “Аҳоли миграцияси тўғрисида”ги қонунларни қабул қилгач, миллий дастур ишлаб чиқилиб, жойларда реабилитация марказларии ташкил қилинди ҳамда муҳожирликдан қайтганларни тиббий кўрикдан ўтказиш амалиёти жорий қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG